English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдуллоҳ Ал-Наимий: Кучли салоҳиятга эга Ўзбекистон билан ҳамкорликни интиқлик билан кутамиз
17:36 / 2025-07-04

Самарқандда бўлиб ўтган “Кўрфаз Араб давлатлари – Ўзбекистон рақамли технологиялар” (GCC-Uzbekistan Digital and Tech Forum) халқаро форумида Форс кўрфази мамлакатлари ва Ўзбекистон ҳукумат тузилмалари, IT компаниялари, венчур жамғармалари ва стартап ҳамжамиятлари етакчи вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Форс кўрфази, шунингдек Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари, Америка Қўшма Штатлари ва Европадан 700 дан зиёд меҳмон, жумладан дунёнинг 39 мамлакатидан 300 га яқин хорижий мутахассис тўпланди.

Иштирокчилар нафақат мамлакатнинг рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ютуқлари билан танишиш, балки IT компаниялар вакиллари, инвесторлар, рақамли бошқарув стратегияси ишлаб чиқувчилар билан ҳамкорлик салоҳиятини муҳокама қилиш имконига ҳам эга бўлдилар.

Форумнинг асосий мавзулари сифатида рақамли ҳукуматни ривожлантириш, IT ва креатив хизмат аутсорсингида Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти, стартап экотизими, “ақлли” инфратузилма ва рақамли таълимни жорий этиш, шунингдек инвестиция ва технология ҳамкорлиги соҳасидаги минтақалараро ташаббуслар кўриб чиқилди.

“Doha Business Consulting” бошқарувчи директори Абдуллоҳ Ал-Наимий ўз таассуроти билан ўртоқлашаркан, жумладан, шундай деди:

– Марказий Осиё, Кўрфаз араб давлатлари ва жаҳон бозори ўртасида стратегик дарвоза сифатида намоён бўла бошлаган Ўзбекистон бугунги кунда хорижий сармоядорлар ва тадбиркорлар учун беқиёс имкониятлар эшигини очмоқда. Мамлакатда юқори даражали рақобатбардош ишчи кучи бисёр. Яъни, республика сифатли истеъдодларни бошқаларга нисбатан арзон нархда тақдим эта олади. Қолаверса, юртингиз кучли минтақавий барқарорлик ва ўсиш суръати билан қўллаб-қувватланган тоза энергия каби ривожланаётган тармоқларда улкан салоҳиятга эга. Биз Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг Кўрфаз араб давлатлари билан ҳамкорлиги истиқболини ўргандик. Шу боис шериклик билан боғлиқ ташаббуслар амалга ошишини интиқлик билан кутяпмиз.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА