Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдулла Тангриев: “Бир мақсад атрофида бирлашмаган жамоа ҳамиша мағлубдир”
11:30 / 2021-08-02

Тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақасида шоҳсўпага кўтарилиш, Ватан байроғини олимпия ўйинларида сарбаланд этиш ҳар бир спортчининг улкан орзуси.

Битта спортчининг ушбу бахтга эришиши учун йиллар давомида ўнлаб спорт жамоалари, ташкилотлар, уларнинг таркибидаги юзлаб мураббий ва мутахассислар меҳнат қилишади, турли селекция ишларини амалга оширишади. Мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинлари, халқаро турнирлар ташкил этилади. Миллионлаб маблағ сарфланади. Жаҳон чемпионати ёки олимпия ўйинларининг муросасиз баҳслари натижасида ғолиб чиққан спортчилар ва уларнинг шарафига кўтарилаётган мамлакат байроқлари тимсолида ўша меҳнатларнинг маҳсулини кўриш мумкин.  

32-ёзги олимпия ўйинларининг якунланган спорт турларида бугун ўша “ҳосил чўғи” сарҳисоб қилинмоқда. Айтиш лозимки, “Токио-2020”нинг дзюдо баҳсларини Ўзбекистон спортчилари 1 та бронза медали билан якунлаган бўлса-да, умумий ҳолатда биз кутган, умид қилган натижага эришилмади, рости. Хўш, нега шундай бўлди?

Давлатимиз томонидан мамлакатимиз спортчилари, хусусан дзюдочилар учун барча шароит яратилган, зарур маблағлар ажратилган, Ўзбекистон дзюдо федерацияси таклиф этган хорижий мутахассислар жалб этилган,  улар тамонидан ишлаб чиқилган ўқув машғулотлари дастурига асосан ўтган олимпия цеклида белгиланганидан ортиқ чет элларда ўқув-машғулотлар ўтказилиши таъминланган бўлса-ю, белгиланган мақсадга эришилмаса...  

Кураш ва дзюдо спорт турлари бўйича халқаро тоифадаги спортчи, оғир вазн тоифасида қитъа ва жаҳон чемпиони, ўнлаб халқаро турнирларнинг мутлоқ ғолиби, олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Абдулла Тангриев билан шу ҳақда, юртимиз дзюдочиларининг олимпия ўйинлари иштироки якунлари хусусида суҳбатлашдик.

– Ниҳоят, XXXII ёзги олимпия ўйинларининг дзюдо баҳслари якунланди. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида бир нечта Осиё ва олимпия ўйинларида қатнашгансиз. Тажрибали спортчи сифатида дзюдочиларимизнинг олимпиададаги иштироки хусусида фикрингиз қандай?

–  Афсуслар бўлсинки, кутилган натижага эришолмадик. Токио олимпиадаси дзюдо баҳсларида спортчиларимизнинг камида 3 та медаль олиш имкони мавжуд эди. Жамоавий баҳсда ҳам имкониятимиз анча юқори бўлганди. 3:1 ҳисобида олдинда боратуриб, терма жамоа аъзоларининг мағлубиятга учраши кураш майдонида суяги қотган спортчи сифатида менга жуда алам қилди. Голландлар ютқазиб туриб ютишди. Бунда спортчиларни айблаш ножоиз. Менга энг тушунарсиз жиҳат, спортчиларимизда руҳий кўтаринкилик етишмади. Нега, нима учун, деган саволлар биргина менда эмас, кўпчиликда туғилмоқда. Ҳатто айрим спорт фанатлари мендан сўрашяпти. Нимага бундай бўлди?  Олимпия ўйинларининг дзюдо баҳслари билан боғлиқ бўлган мутахассис ва мутасаддилар эса ҳозирча бирон гап айтишмади. Балки жиддийроқ сабаблар бордир. Қолаверса,  мамлакатимиз ўз миллий кураш мактабига эга бўлган давлат ҳисобланади. Бугун жаҳон дзюдосида ўз номига эга бўлган спортчилар айнан шу мактабнинг азалий анъаналари асосида вояга етганки, натижалар ҳам шу асосда қўлга киритилган. Фақат кейинги йилларда ўз кураш томирларимиздан бироз узоқлашиш ҳолатлари кузатилдики, бу дзюдочиларимизнинг халқаро мусобақалардаги кўрсаткичларида акс этди. Хусусан, Токиодаги эришган мавқемиз ҳам айни ҳолатнинг намоёни, деб ўйлайман.  

– Сиз ҳам олимпия ва қитъа ўйинларида қатнашгансиз. Ютган ва ютқазган пайтларингиз бўлган. Мусобақа жараёнида бевосита қатнашиш бошқа, фикр билдириш бошқа, назаримда. Балки Токио татамиси ва унинг атрофида бўлганингизда бошқача муносабат билдирардингиз.

– Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Биласизми, халқимизда отлар кечувда алмаштирилмайди, деган гап бор. Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабида, терма жамоага жавоб берадиган бўлим ва бўлинмаларда ўтган 4 йилдан ошиқ давр мобайнида бир қатор мутахассислар экспремент тарзида ишлашди. Кимлар келиб, кимлар кетмади, дейсиз. Айнан терма жамоа бош мураббийи Ильядисни спортчи сифатида яхши танийман. Кураш ва дзюдо мусобақаларидан биламан. Жуда кучли дзюдочи. Спортчи сифатида ҳурмат қиламан. Профессионал, техник-тактик жиҳатдан дунё дзюдосида ўз номига эга бўлган курашчи. Лекин дзюдо тренери сифатида ўз юрти Грецияда ҳам, бобо ватани Грузияда ҳам ҳали ҳеч бир натижа қайд этмаган эди. Шундай спортчини Ўзбекистон дзюдо терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлашди. Ваҳоланки, Ўзбекистонда унинг даражасидаги, ҳаттоки, ундан ҳам устун бўлган спортчи-мутахассислар мавжуд эди. Қолаверса, ўша пайтдаги терма жамоа бош мураббийи Фарҳод Тўраевга имкон берилса, Токиодаги вазият умуман бошқача бўларди.  

– Масалан кимлар?

– Агарки, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи айнан олимпия ва жаҳон чемпионатлари ҳадисини олган спортчи-мутахассис бўлиши керак, деган тамойилдан келиб чиқилса, олимпия ўйинларининг икки карра совринори Ришод Собиров ҳам, маҳорат бобида кўпчиликдан устун бўлган Наврўз Жўрақобилов ҳам ёки тажрибали Рамзиддин Саидов етакчилигидаги Ўзбекистон дзюдочилари Токио олимпиадасида Ильядисдан кўра яхшироқ натижага эришиши мумкин эди. Бундан ташқари, Ильядис бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Токио олимпиадаси олдиданоқ тарқоқ ҳолатга келиб бўлганди. Бир мақсад атрофида бирлашмаган жамоа эса ҳар қандай ҳолатда мағлубдир.

– Ришод Собиров, Наврўз Жўрақобилов, сиз ва бошқалар ҳам Токио олимпиадасида қатнашган спортчилар билан кўп ҳолларда бирга машғулот ўтказган ёки давра суҳбатларида қатнашган пайтларингизга гувоҳ бўлганмиз. Машғулот жарёнларида терма жамоа мураббийларига амалий ёрдам бермаганмисизлар?

– Энди бу машғулот ва учрашувлар асосан қандайдир тадбир ёки фотосессия учун бўларди. Чинакам тайёргарлик машғулотларига бизни жалб этишмаган.  

– Ўтган олимпия ўйинларига разм ташланса, юртимиз дзюдочилари  ҳамиша 2 бронза ёки биттадан кумуш ва бронза медалларига эгалик қилишган. Ваҳоланки, биз Ўзбекистон дзюдочиларини дунёда энг кучли жамоалардан бири сифатида айтиб келамиз. Олимпиадада ҳамиша бундай ҳолатнинг такрорланишида қандайдир маъно борми?

– Аслида ҳам Ўзбекистон дзюдоси жаҳондаги етакчи жамоалардан бири ҳисобланади. Бунга шубҳа йўқ. Ҳаттоки дзюдо ватани японлар ҳам бизнинг спортчиларга катта ҳурмат билан қарашади. Бунга балки бизнинг спортчиларимизнинг қалбан курашчанлиги сабабдир. Бир пайтлари, бундан 7 йиллар муқаддам Япония дзюдо федерацияси Ришод Собиров ва мени ўз ҳисобларидан Токиога таклиф қилишиб, деярли бир ой мобайнида Япония дзюдо клуб ва гуруҳларида, Кадакан академиясида машғулот ўтказишимизга шароит яратиб бершганди. Олимпия ўйинларида сиз айтганингиздек, ҳамиша бундай натижанинг қайд этилишида бир қанча омиллар бор. Масалан, Ўзбекистон спортчилари, дзюдочилари учун ҳеч бир олимпия ўйинларига “Токио-2020”дагидек шароит ва имконият яратилмаганди. Бизнинг пайтимизда спортчиларга ажратилаётган озиқ-овқат пули “қулоғимизга ўлчаб” бериларди. Ҳаттоки айрим ўқув-машғулотлар шу пул эвазига ўтказиларди. Спорт формаси бир мавсумга бир марта бериларди. 

Баъзида айримларга шу форма ҳам етмай қоларди. Оилавий шароитимиз деярли ҳеч кимни қизиқтирмасди. Токио олимпиадасида иштирок этган спортчиларнинг пешонаси икки қарич экан. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан ҳукуматимиз томонидан Токио олимпиадасига тайёргарлик кўраётган спортчиларга ҳали йўлланма олмасдан номзодлиги давридаёқ барча шароит яратиб берилди. Натижа эса кутилганидек бўлмади. Аслида Токиога тайёргарлик кўраётган терма жамоа кучли, иқтидорли спортчилардан таркиб топганди. Фақат уларни тўғри йўналтира олиш лозим эди. Масалан, Давлат Бобонов олтин олишга юз фоиз тайёр бўлатуриб, бронзали бўлди. Бундан ташқари, Лутфуллаев, Хуррамов, Олтибоев, Тўраев, Келдиёрова Токио татамисида ғолибликка эришган ҳеч бир спортчидан ортиқ бўлса ортиқки, кам эмасди. Терма жамоа спортчилари жисмоний жиҳатдан яхши тайёрланган бўлса-да, руҳий қувват билан таъминланмаганлиги охир-оқибатда ўз сўзини айтди.  

– Яна уч йилдан кейин Париж олимпиадаси бошланади. Ўзбекистон дзюдочиларининг ушбу нуфузли мусобақадаги иштироки қандай бўлади, деб ўйлайсиз?

– Башоратчи эмасман. Лекин айтишим мумкинки, Парижда Ўзбекистон дзюдочиларида ҳар учала таснифдаги медаллар жамланмаси албатта бўлади. Бундай дейишимга сабаб, кейинги йилларда юртимизда ўнлаб иқтидорли спортчилар камолга етиб келмоқда. Қолаверса, мураббийларимиз сафида ҳам бир нечта ёш ва истеъдодли тренерлар ўз сўзини айтишни бошлади. Муҳими, улар ўзимизнинг миллий спорт мактабимизда тарбияланган ва тарбияланаётган мутахассислар. Яна бир муҳим жиҳат. Кейинги йилларда Ўзбекистонда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган дзюдо мусобақалари ташкилий жиҳатдан ҳам, иштирокчи спортчиларнинг сифат тамойилида ҳам катта юксалишга эришди. Бу эса кейинги жаҳон чемпионатларида, олимпия ўйинларида ўз самарасини беради, албатта. Токио ўйинлари эса, ўйлайманки, биз учун Париж олимпидаси олдидан ўзига хос имтиҳон вазифасини ўтади.

Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди.