Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдулла Қодирийни эслаб...
08:23 / 2021-05-25

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасановнинг “Абдулла Қодирийни эслаб...” китоб-альбоми тақдимоти ўтказилди.

Бу ҳақда Халқаро ислом академияси матбуот хизмати маълум қилмоқда.

ZООМ платформаси орқали ўтказилган тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Фанлар академиясининг Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Абдулла Қодирий уй ва мемориал музейлари, Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоноҳужжатлар Миллий архиви, Миллий гвардия институти, Ўзбекистон Миллий университети вакиллари, олий таълим масканлари таркибидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейлари раҳбарлари, тарихчи мутахассислар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Анжуманда Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Абдулла Қодирий ўзбек романчилигининг асосчисидир. Унинг асарлари наинки юртимизда, балки хорижда ҳам ўқилади, ҳамон тадқиқотчилар томонидан ўрганилади. Айниқса , "Ўткан кунлар" романи дунёнинг бир қатор давлатлари олимлари, таржимонлари томонидан турли тилларга таржима этилмоқда.

Афсуски, миллат озодлиги, бахт-саодатига бутун истеъдодини бағишлаган, жонини тиккан ёзувчи мустабид тузумнинг қурбони бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 окятбрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларга ҳамоҳанг тарзда нашр этилган мазкур китоб-альбом Абдулла Қодирийнинг ҳаёти, ижодига оид мухтасар матнли маълумотлар ҳамда 150 дан зиёд фотосуратдан иборат. Ўзбек (лотин алифбосида), рус ва инглиз тилларида тайёрланган китоб-альбом Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиёдаги ваколатхонасининг молиявий кўмагида нашрдан чиқарилди.

Тақдимот маросимида тарихчи олимлар Азиз Татибаев, Бахтиёр Ҳасанов янги китоб-альбом хусусида сўз юритдилар.

Муаллиф томонидан китоб-альбомнинг таркибий тузилиши, ундаги маълумотлар манбалари хусусида маълумотлар берилгани тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори, тарих фанлари доктори Саидакбар Аъзамхўжаев ҳам тўплам ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтаркан, 2020 йил декабрь ойида Академия томонидан “Маҳмудхўжа Беҳбудий диний-маърифий қарашларининг замонавий талқинлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилганлиги ҳамда ушбу анжуман материаллари алоҳида тўплам шаклида 2021 йилда нашр этилганлиги маърифатпарвар боболаримиз меросини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, тарихчи олим жадид маърифатпарварларининг илм-маърифат ва ёшлар таълим-тарбиясига доир қарашлари ва амалий фаолияти, хусусан, жадидчилик ҳаракатининг етакчилари, шу жумладан, Абдулла Қодирийнинг маърифий, маданий ва маънавий меросини ёшларга етказишнинг аҳамияти хақида батафсил сўзлади.

Ушбу китоб-альбом маърифатпарвар боболаримиз фаолиятига оид билимларни бойитишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Н.Усмонова, ЎзА