Янги китоблар
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудига бағишлаб чоп этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
[gallery-6172]
«Эътироф» номли шеърий бағишловлар мажмуаси, «Абдулла Орипов замондошлари хотирасида» китоби, шоирнинг илк ёзган шеърлари асосида тайёрланган.
«Шоирнинг туғилиши» ҳамда рус тилидаги «Ветер моего края» (тўпловчи ва таржимон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Николай Илин) номли тўпламлари шеърият мухлислари учун ўзига хос туҳфадир.
Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажит 2021 йилда мамлакатимизда Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги байрамона руҳда нишонланганини таъкидлади.
– Ҳазрат Навоий билан Абдулла Орипов шеъриятини таққослаганда ажиб уйғунликка дуч келамиз, – деди адабиётшунос олим Нурбой Жабборов. – Ижодда бетакрорлик, адабиётни янги босқичга кўтариш, ўзигагина хос бўлган ижод йўлига эга бўлиш бунга яққол мисолдир.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллик юбилейи муносабати билан кўплаб шеърлари хорижий тилларга таржима қилиниб, китоблари нашр этилди.
Уюшма ахборот хизмати маълумотига кўра, янги нашр этилган «Эътироф» китобидан шоирнинг жондан севган она халқи, шеърият шайдолари, мухлису шогирдлари, таниқли шоир дўстлари томонидан ёзилган шеърий эҳтиромлар ўрин олган.
Тўплам «Адабиёт» нашриётида 1000 нусхада чоп этилган. Масъул муҳаррир Фароғат Худойқулова, тўпловчилар – Ҳанифа Мустафо қизи, Рухсора Орипова.
«Шоирнинг туғилиши» номли китобга киритилган шеърлар шоирнинг «эълон қилинмаган шеърлар» туркумидан жамланган. Унга айрим шеърларнинг қўлёзмалари ҳам жойлаштирилган.
Шеърлар муаллифнинг асосан 1957-1965 йиллар орасидаги илк ижод намунасидир. Китоб номини ҳам Абдулла Ориповнинг ўзи қўйган.
Масъул муҳаррир – Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. Тўпловчилар – Ҳанифа Мустафо қизи, Рухсора Орипова. Илк маротаба ўқувчиларга ҳавола этилаётган ушбу китобда шоирнинг асосан ўсмирлик чоғлари, талабалик даври – ўн етти, ўн саккиз, ўн тўққиз, йигирма ёшларда ёзган, шунингдек, умрнинг бошқа фасл паллаларида ёзилган қўлёзмалари ўрин олган.
Шу қаторда «Абдулла Орипов замондошлари хотирасида» китоби ҳам нашрга тайёрланди. Ушбу китоб давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида тайёрланди. Китоб бир неча қисмлардан иборат бўлиб, биринчи қисмда асосан ҳаётлигида ёзилган мақолалар, тадқиқотлар, кузатишлар ўрин олган.
Шунингдек, шоирга атаб битилган шеърлар, вафотидан кейин ёзилган марсиялар, ёдномалар берилган. Охирги қисм шоир ҳаётлигида ва 2016 йил 5 ноябрдан кейин ёзилган хотиралар, эсселар ва мақолалардан ташкил топган. Китоб «Ғафур Ғулом» нашриётида 1000 нусхада чоп этилган.
Тадбирда Абдулла Орипов шеърларининг рус тилидаги таржимаси «Ветер моего края» китоби шоир ва таржимон Николай Илин томонидан тақдим этилди.
Н.Усмонова, ЎзА