Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигига
14:50 / 2019-12-28

2019 йил 26 декабрь мангу тарихнинг олтин китобига қайд этилди.


Учинчи Ренессанс

2019 йил 26 декабрь мангу тарихнинг олтин китобига қайд этилди. Шу куни Тошкентнинг қадим Эски Жўвасида Абдулла Қодирий боғида буюк адибимиз, алломамиз, намояндамиз Абдулла Қодирийнинг 125 йиллиги тантаналари мислсиз файзу шукуҳ билан очилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бу ерда муҳташам Абдулла Қодирий музейи қад ростлади. Бетакрор ва миллий руҳда ишланган адибимизнинг салобатли ҳайкали ўзининг миллионлаб миннатдор муҳаббатли мухлислари, садоқатли ўқувчиларини кутиб олаётгандай. Уларга пешвоз чиққандай меҳр тўла бағрини очаётгандай. У кўз ўнгида миноралари билан чорлаётган Ислом цивилизацияси марказини олқишлаётгандай, ўз халқини қутлаётгандай эди.

Буюк адибнинг 125 йиллиги Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам асослари барпо этилаётган вақтларда ўтаётганида беҳад теран рамзий маънога эга. Буни ҳамма, бутун халқимиз англаб, ҳис қилиб турибди. Шу куни Президентимиз Абдулла Қодирий ижод мактабида бўлди, ўқувчилар билан қизғин, алангали учрашувлар ўтди. Барча юлдузлар кўкдан ерга тушди. Булар Қодирий насллари эдилар. Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий, Авлоний орзу қилган насл.

Президентимиз янги, гўзал музейда адиблар, зиёлилар, фаоллар, нуронийлар билан учрашди. Беҳад самимий суҳбат, очиқ мулоқот бўлди. Президентимиз Абдулла Қодирий ва унинг сафдошларини озодлигимизнинг фидойилари, меҳр қуёши, мангу тирик аждодларимиз, деб таъриф берди.

Шу куни мисоли Абдулла Қодирий қайта туғилди. Суҳбатда Президентимиз қадриятларни қадрлаш, кўз қорачиғидек асраш, ўзликни англаш жараёнларини изчил тезлатиш, чуқурлаштиришга асосий диққат-эътиборни қаратди.

Қодирийнинг 125 йиллиги, мамлакатимиздаги ёрқин бунёдкорлик ҳаракатлари билан бирга Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс даври бошланганини илк марта маълум қилди.

Учинчи Ренессанс – бу қайта яралиш, тикланиш, ҳақиқий юксалиш, ўзликни янгидан англаш – узлуксиз кашфиётлар, ихтиролар!
Адиблар хиёбонидан бошланмадими бу Ренессанс! Навоий боғларидан, Бобур боғларидан, Қодирий боғида давом этмаяптими бу Учинчи Ренессанс!

Ижод мактаблари, Президент мактаблари, Амир Темур мактабларида давом этмаяптими Ренессанс ва ёш қалбларнинг ихтиролари!
Оламда бугун қўрқинчли экологик талофатлар юз бериб, қитъаларни сув босаётган, асрий муқаддас музликлар емирилаётган, чексиз ўрмонлар ёнаётган бир даврда Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистон Учинчи Ренессанс – юксалиш ҳаракатларига бутун халқимизни сафарбарликка чорламоқда.

Адолат, эзгулик, миллий менталитетимиз асоси бўлган ҳиммат, ҳамият онгларга ҳаракат дастури каби ўрнашмоқда.

Зеро, буюк Қодирийнинг барча асарлари – ҳиммат ва ҳамият тимсоли. Шу тимсоллари билан Учинчи Ренессанс яратувчи қудратга эгадир.

Иброҳим ҒАФУРОВ,
санъат арбоби.

Манба: “Nuroniy” газетаси