Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдулла Қодирий картошка экканми ёхуд томорқа хазина манбаи экани ҳақида
12:17 / 2020-04-19

Азал-азалдан халқимиз ер билан тиллашиб, унга меҳр бериб яшаган.


Азал-азалдан халқимиз ер билан тиллашиб, унга меҳр бериб яшаган. Уни муқаддас билиб, ризқ-рўз манбаи, деб эъзозлаган. Халқимизнинг буюк адиби Абдулла Қодирий бобомиз ҳам ижод қилиш билан бирга, уста боғбон, миришкор деҳқон бўлган.

У киши картошка экиш учун биринчи йили ернинг бир томонида одам бўйи келадиган қилиб узун чуқур қазир экан. Сўнг ерни чопганда тупроқни ҳовуз томонга суриб, ернинг иккинчи томонида чуқур пайдо қиларкан. Кейин катта жўяк олиб картошка экар экан, картошка униб чиққач ўсгани сайин уни кўмиб, тепага чиқаравераркан. Картошкаларни кўмиш шу даражага етар эканки, қазилган чуқурда бемалол бекинмачоқ ўйнаса бўларкан. Йиғим-терим маҳалида ҳар бир тупдан челак-челак ҳосил олган экан адиб бобомиз.

Иккинчи жаҳон урушининг қақшатқич йилларида бободеҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати ғалабани яқинлаштиришга, дастурхонлардан нон аримаслигига хизмат қилган.

Қиссадан ҳисса шуки, юртимиз азал-азалдан деҳқончилик маданиятини яратган, ерга жонини тўшаб, юрак қўрини бериб меҳнат қилувчи ҳақиқий деҳқонлар Ватанидир. Ҳозирги кунда 4,5 миллион гектар ерга деҳқон хўжалиги, 435 минг гектар ер томорқа эгалари зиммасида. Ердан унумли фойдаланиб, дастурхонларимизни файзли, бозорларимизни тўкин қилиш вазифаси турибди.

Президентимиз карантин чекловларининг ҳар бир инсон, ҳар бир оила ҳаётига, рўзғорига салбий таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик мақсадида давлатнинг бутун куч ва имкониятларини сафарбар қилиб, бу борада шахсий томорқа эгалари масъулиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Албатта, аксарият юртдошларимиз томорқани қаровсиз қолдираётгани йўқ, ҳар доимгидек сидқидилдан меҳнат қиляпти. Шунинг самараси ўлароқ, бозорлар янги картошка, карам, пиёз ва бошқа маҳсулотлар билан тўлмоқда. Деҳқоннинг чўнтагига пул кира бошлади, нарх-наво арзонлашди. Элнинг дастурхонига файз кирди. Биргина Сурхондарё вилояти деҳқонлари пойтахтга жўнатаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бозорлардаги нарх-наво мўътадиллигини таъминлаб турибди.

Бугун уйда ўтириб, томорқамизга қараб кўнглимиз яйрайди. Кафтдеккина жойга қадалган қулупнай, лимонларимиз гул кўрсатмокда. Шеробод ва Бойсунлик сайловчиларим қадаган уруғлари бўй кўрсатганини хурсанд бўлиб айтиб берди. Мен ҳам қувондим албатта... Меҳнатнинг самарасини кўриш ҳам кишига кўтаринки кайфият бағишлайди.

– 4 сотих томорқамиз бор, эътибор бермаган эканман, хазинанинг кони экан, фарзандларимга жўяк қилдириб, ошқовоқ, булғор қалампири, мош, тарвуз-қовун экдик. Уларга ишлов бериб ҳам уйдаги кунларимиз мазмунли ўтмоқда, ҳам эртанги ҳосилни ўйлаб кайфиятимиз чоғ. Кундан-кун ўсаётган кўчатларга қараб, осуда кунларга бўлган умидимиз ҳам бўйламоқда, – дейди Бойсун тумани Ширинобод маҳалласида истиқомат қилувчи Раҳматилла Шоҳимардонов.

Афсуски, орамизда 10-15 сотихлаб томорқаси бўла туриб, таъбир жоиз бўлса, хазинанинг устида ўтириб, рўзғоримда у йўқ, бу йўқ, деб шикоят қилиб, кунини беҳуда ўтказаётганлар ҳам йўқ эмас. Аслида бир парча ери бор одам, аввало, ўзи учун ўзи интилиб яшаши, меҳнат қилиши керак, бунинг учун юртимизда етарлича шароитлар яратилган.

Албатта, бу танганинг бир томони. Унинг иккинчи томони ҳам бор. Томорқа ер эгаларининг бозорбоп, ҳосилдор уруғлар экиши, бу экинларга ўз вақтида сув ва озуқа бериши учун давлатимиз томонидан яратилаётган шароит ва имкониятлар уларга етиб боряптими?

Маҳаллий ҳокимликлар, мутасаддилар бу масалага етарлича эътибор қаратяптими? Мана бугунги кунда карам, картошка, пиёз етилиб, бозорга чиқадиган пайт. Деҳқон ўз меҳнатининг ҳузурини кўриши, ҳосилдан даромад олиши учун уни сал фойда кўрадиган, меҳнатига куймайдиган нархда сотиш имкониятига эга бўлиши керак. Деҳқончилик маҳсулотлари ўз вақтида сотилмаса, сифати бузилади, нархга таъсир қилади ва оқибат деҳқоннинг ҳам кўнглини, ҳам қўлини совутади.

Қарс икки қўлдан чиқади, дейишади. Бугунги кунда ердан, томорқадан унумли фойдаланиш долзарб бўлиб турибди. Бу борада Президентимиз томонидан қўйилган устувор вазифаларга маҳаллий раҳбарлар ҳам, томорқа ер эгалари ҳам, барчамиз масъулият билан қарашимиз шарт.

Бинобарин, одамлар кам бўлмаслиги, бугунги пандемия туфайли юзага келган ташвишли вазиятда халқимизга ортиқча оғирлик келмаслиги учун ҳар биримиз қўлимиздан келганича ҳисса қўшишимиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан. Ер – хазина, унинг калити эса ўзимизда эканини унутмайлик.

Ҳазратқул Хўжамқулов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.