Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдулла Авлоний – таълим ва маърифатга бел боғлаган жадидчилик вакили
11:12 / 2023-07-14

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари барча замонларда ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотмайди. Унинг маънавий мероси авлодлар таълим-тарбияси учун бой хазинадир.

Маърифатпарвар шоир, педагог, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний таваллуд топган кун муносабати билан ЎзМТДПнинг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан тадбир ташкил қилинди.  

Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларни белгилаш илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар Абдулла Авлонийнинг ҳаёти ва ижоди, таълим ривожига қўшган ҳиссаси, жадидчилик ҳаракатининг фаол иштироки ҳақида гапирди.  

Таъкидланганидек, ХХ аср бошларида Туркистон маданий ҳаётида юз берган энг муҳим ўзгаришлардан бири мактаб-ўқув ишларидаги ўзгаришлар бўлди. Авлоний бу даврда жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, янги усулда мактаблар очиб, дарс берди ва дарсликлар ёзди. Авлоний Туркистонда биринчилардан бўлиб мактабга география, кимё, физика фанларини киритди.  

Унинг “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим” номли дарсликлари, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, “Гулистони мактаб”, “Адабиёт ёхуд миллий шеърлар” каби қўлланмалари мактабларда ўқитилди. “Турон” номли театр тўгарагини ташкил этди.  

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Абдулла Авлонийнинг ёдгорлик музейида ҳам бўлишди. 1910-34-йилларда А.Авлонийнинг ўзи яшаган хонадонда Ўзбекистон китобсеварлар жамияти ташаббуси билан Авлоний уй-музейи ташкил этилган. Музейда жами 682 та экспонат бор. Музей ёдгорлик ва адабий бўлимлардан иборат бўлиб, унда Авлонийнинг шахсий буюмлари, ўзбек ҳамда рус тилларидаги китоблари, педагогик, маърифатпарварлик, журналистик ва адабиёт соҳаси ҳамда ижтимоий фаолияти билан боғлиқ фотосуратлар, ҳужжатлар, китоб ва журналлар сақланмоқда. Ташриф давомида иштирокчилар мавжуд экспонатлар билан танишдилар.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА