Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абдуҳошим Исмоилов: “Эътибордан бошим кўкка етди”
16:38 / 2025-08-19

Тадбиркорлари кўп юртнинг тараққиёти, аҳолисининг турмуш фаровонлиги юксак бўлади. Шу боис ҳам мамлакатимизда кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларининг барқарор ишлаши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Натижада юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда, уларнинг самарали фаолияти халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбиркорлик борасида самарали фаолияти, эришган ютуқлари билан эл-юрт, кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор топган, меҳнатлари эса муносиб эътироф этилаётгн тадбиркорлардан бири, Андижон туманидаги «Равон тараққиёт орзуси» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Абдулҳошим Исмоиловдир.  

Унинг раҳбарлигида 2019 йилда иш бошлаган корхонада бугунги кунда 100 дан ортиқ турдаги йилнинг турли мавсумларига мўлжалланган сифатли, харидоргир эркаклар, аёллар ҳамда болалар резина пойабзаллари, шунингдек, кета ва красовкалар ишлаб чиқарилмоқда.  

Туркия, Хитой ва бошқа қатор ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган корхонада тайёрланаётган пойабзаллар ўзининг сифати, бежиримлиги билан харидорларга манзур бўлмоқда. Қолаверса, корхона мутахассислари томонидан доимий равишда маркетинг тадқиқотлари ўтказилиб, бозор, истеъмолчиларнинг талаб ва таклифларини ўрганиш йўлга қўйилган. Ана шуларга асосланган ҳолда маҳсулотларнинг янги-янги турларини тайёрлаш, қулайлиги, сифати ва  кўринишини яхшилаш борасида доимий изланишлар олиб борилмоқда. Шу боис ҳам, нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам  корхона маҳсулотларига талаб юқори бўлмоқда.

Бугунги кунда корхонанинг маҳсулотларининг аксарияти қисми  Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Беларусь, Молдова, Афғонистон сингари 20 га яқин давлатга экспорт қилинмоқда.  

Корхонада олиб борилаётган изланишлар, ишлаб чиқариш қувватларидан унумли фойдаланиш борасидаги ишлар самарасида ютуқлар салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бунда корхона раҳбари Абдулҳошим Исмоиловнинг хизматлари ниҳоятда катта.  

Асли мутахассислиги муҳандис бўлган А. Исмоилов корхонада илғор, янгича  иш услубларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратади. Умуман, эришилаётган муваффақиятларда меҳнатни ташкил этишда илғор иш услубларини қўллаш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш муҳим омил бўлмоқда.  

Абдулҳошим Исмоилов тадбиркор сифатида машаққатли йўлни босиб ўтди, жуда кўп ибратли ишларни амалга оширди, кўплаб ютуқларга эришди. Ушбу ютуқлар ортида эса минглаб янги иш ўринлари, минглаб одамларнинг тирикчилик ва даромад манбаи ётади.

–Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг имконият ва имтиёзлар яратиб берилаётганлиги мен каби тадбиркорларни янада самарали ишлашга илҳомлантиради, – дейди Абдулҳошим Исмоилов. – Бугун эмин-эркин ишлашимиз учун барча шароит яратилган. Қолаверса, тадбиркорларга алоҳида мақом берилиб, юртимизда 20 август  Тадбиркорлар куни сифатида нишонланаётганлиги ҳам бизга шижоат, куч-ғайрат беради.  

[gallery-24832]

Дарҳқиқат,  бир неча йилдан буён юртимизда нишонланиб келаётган ана шу сана – Тадбиркорлар куни арафасида Абдулҳошим Исмоиловнинг ҳам кўп йиллик самарали меҳнатлари эътирофини топди. Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, юртимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда салмоқли натижаларга эришаётгани, ташаббускорлиги, замонавий билим ва тажрибасини намоён этиб, инвестицияларни жалб қилиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатишни янада кенгайтириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида алоҳида жонбозлик кўрсатаётган бир гуруҳ бизнес-соҳаси вакиллари, тадбиркорлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан, Абдулҳошим Исмоилов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони билан тақдирланди.  

–Меҳнатларим эътирофи, юртимизнинг юксак унвонларидан бири билан тақдирланганлигимдан беҳад хурсандман, эътибордан бошим кўкка етди. Тадбиркор бўлиб кам бўлмадим, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим. Энг асосийси, одамларга, юртимга фойдам тегяпти.  

Берилган мукофот менга куч, шижоат беради. Бундан кейинги фаолиятимда кўрсатилган эътибор, Президентимиз ишончига муносиб жавоб қайтаришга, юртимиз равнақи, ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида янада фаол ишлашга ҳаракат қиламан.  

      Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари