“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятида ижро аппарати ва тизим корхоналари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ташкилотнинг 2025 йил якунига қадар бажарилиши зарур бўлган асосий мақсадли кўрсаткичлари, 2026 йил учун белгиланган вазифалар ҳамда энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида гидроэнергетика соҳаси олдида жуда катта вазифалар тургани ва бу жараёнда ушбу жамоанинг алоҳида ўрни борлигини қайд этди.

–Бугунги кунда “Ўзбекгидроэнерго” жамоаси олдидаги асосий мақсад мавжуд қувватлардан максимал даражада самарали фойдаланиш, харажатларни қисқартириш, энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда ишлаб чиқаришни рақамлаштиришдан иборат. Энергетика тизимини рақамлаштириш орқали биз нафақат ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштирамиз, балки иш жараёнларини шаффоф, тезкор ва самарали бошқариш имконига эга бўламиз. Бу, ўз навбатида, ҳар бир ходимнинг меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Биз учун ҳар бир лойиҳа нафақат иқтисодий кўрсаткич, балки жамоамизнинг масъулияти ва юртимиз тараққиётига қўшилаётган ҳиссамиз. Шу боис, ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутахассис ўз ишига масъулият билан ёндашиши лозим, – деди А.Сангинов.
Йиғилишда Оҳангарон, Ҳисорак ва Шаҳрихон ГЭСларида белгиланган кўрсаткичлар бажарилишидаги камчиликлар танқид қилинди. Айниқса, айрим филиалларда электр энергияси ишлаб чиқариш таннархи режага нисбатан ошиб кетаётгани қайд этилди. Шу сабабли, масъул раҳбарларга йил якунига қадар мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, жамият фаолиятида рақамлаштириш ва автоматлаштириш жараёнларини жадаллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, инвестиция дастурлари доирасида жорий йилда бир қатор янги объектларни фойдаланишга топшириш, 2026 йилда эса йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилгани таъкидланди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар мамлакат энергетика тизимида барқарорликни таъминлаш ва ички талабни қондиришга қаратилган.
Йиғилиш якунида харажатлар сметасини шакллантириш, харидларни марказлаштириш, халқаро рейтингларда жамиятнинг нуфузини ошириш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда ишчи-ходимлар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА