Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Абай”да яна бир оилавий боғча иш бошлади
17:35 / 2021-04-04

Навоий вилояти Учқудуқ тумани “Абай” маҳалласида 25 ўринга мўлжалланган “Қувноқ асаларичалар” номли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади.

Хароб ва ташландиқ аҳволга келиб қолган эски тикувхона биноси хусусий тадбиркор Лайло Каримова ташаббуси билан қайта реконструкция қилиниб, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди ва оилавий боғчага айлантирилди.

Айни пайтда “Қувноқ асаларичалар” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида "Болажонлар – бизнинг лидерлар” шиори остида болаларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар мавжуд. Бу ерда машғулотлар хонаси, ётоқхона ва ошхона замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган. Шунингдек, боғчада рус тили, инглиз тили, корейс тили, расм чизиш, бадиий гимнастика, рақс, болажон караоке, сухандонлик тўгараклари ҳам фаолият кўрсатади.

– Қизим Коркемай шу боғчага қатнаяпти, – дейди оналардан бири Д.Сундетова. – Муассаса уйимизга яқин ҳудудда жойлашган, замонавий кўринишга эга, тарбиячилари малакали, ширинсўз. Энг муҳими, бу ердаги шароитлар – овқатланиш, ювиниш, дам олиш хоналари талабларимизга мос. Муассасада тез кунларда болалар учун  ўйин майдончалари қурилиши ҳақида маълум қилинди. Бу фарзандларимизнинг сифатли бошланғич билим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишига хизмат қилади.

“Қувноқ асаларичалар” маҳаллада бир ҳафта ичида фойдаланишга топширилган иккинчи оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотидир. Аввалроқ, “Олтин калитча” номли оилавий боғча ўз фаолиятини бошлаган эди.

Абдували Бўриев, ЎзА