Айни пайтда қўшни Қозоғистон Республикасида қозоқ ёзма адабиёти асосчиси, маърифатпарвар шоир Абай Қўнонбоев таваллуди муносабати билан турли ижодий учрашувлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Наманган вилояти Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонасида ҳам ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими билан ҳамкорликда “ZOOM” платформаси орқали ўзбек-қозоқ ижодкорларининг онлайн учрашувида таниқли адиб Исоқжон Нишоновнинг Абай ҳаёти ва ижодига бағишланган “Миллат виждони” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Ёшлар зиё маскани ва Пушкин номидаги Шарқий Қозоғистон вилоят кутубхонаси ўртасидаги онлайн тадбирда наманганлик ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари, кутубхона вакиллари, қозоғистонлик ношир ва ижодкорлар иштирок этди.
– Қардош қозоқ халқининг буюк ижодкори ҳақидаги китоб тақдимоти ўтказилаётгани кутубхонамизнинг қўшни давлат билан келгусидаги ҳамкорлик алоқалари учун тамал тоши бўлди, – дейди “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонаси раҳбари Дилноза Азизова. – Биз ҳали дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган бу каби тадбирларни мунтазам ўтказишни ривожлантириб борамиз.
Тадбирда Шарқий Қозоғистон вилоят кутубхонаси ҳамда “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонаси ўртасида биргаликда турли ижодий учрашувлар, тақдимотлар ўтказишга келишиб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА