Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Абадиятнинг шоҳ шоири (+видео)
17:23 / 2023-02-14

Бугун пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида абадиятнинг шоҳ шоири Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган “Бобур издошлари” номли байрам тадбири ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллий Гвардия ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ўтказилган байрам тадбири аввалида жамоатчилик иштирокида отлиқ ва пиёда аскарлари чиқишлари билан бошланиб, сўнгра Бобур ҳайкали пойига гумчамбар қўйиш билан давом этди.  

-Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятига ўзига хос ўрин эгаллаган буюк сиймоларимиздан биридир, -деди Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид тадбирда сўз олиб. - Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятнинг энг нодир дурдоналари ҳисобланиб, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Дарҳақиқат, Бобур лирикасида шеъриятнинг асосий мазмуни бўлган инсоний фазилатлар, ёр васли, ҳижрон азобию айрилиғ аламлари ва висол қувончлари гўзал ва моҳирона ифода этилган. У ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида ҳам халқимиз маънавий, маданий ҳаётида муносиб ўрин эгаллайди.

Тадбир давомида Жамоат хавфсизлиги университетининг “Алвон беретлар” ансамбли томонидан Бобур ғазалига басталанган қўшиқлар ижро этилди. Шу билан бирга, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ички ишлар академияси курсантлари шоир ижодидан намуналар ўқиди.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/x60WxhTD5i4" title="Абадиятнинг шоҳ шоири" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ўткир Алимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА