Кейинги йилларда мамлакатимиз, айниқса, пойтахт йўлларида тирбандликларни камайтириш, аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида жамоат транспортига устуворлик бериш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, биргина Тошкент шаҳрида автобуслар сони сўнгги йилларда 2 баробарга ошди. Автобуслар учун 48,2 километр алоҳида йўлаклар ташкил этилиб, оралиқ интервали 2 баробарга қисқартирилди.
Бироқ қонунчиликдаги бўшлиқлар жамоат транспорти самарадорлигини янада оширишга жиддий тўсиқ бўлмоқда. Жумладан, қонунчиликда жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчилари учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Натижада енгил транспорт воситалари мазкур йўлакларда бемалол ҳаракатланиб, автобуслар ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида мазкур лойиҳа биринчи ўқишда кўрилар экан, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мунозаралар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, уни пишиқ-пухта ҳолатга келтириш ва маромига етказиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди, айрим нормалар юзасидан аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташладилар.
Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА