Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШнинг узоқ муддатли санкцияси Куба иқтисодиётига кучли зарба бермоқда
13:49 / 2020-10-29

Америка Озодлик оролини нега жазолаяпти?


Америка Озодлик оролини нега жазолаяпти?

60 йил муқаддам, 1960 йилнинг октябрида АҚШ Куба блокадасини бошлаб, Кастро режимига қарши кескин санкцияларини киритди. Жаҳон тарихидаги бу энг узоқ эмбарго Куба иқтисодиётига ва Озодлик ороли аҳолисига кучли зарба бермоқда, айниқса, Совет Иттифоқи барҳам топганидан кейин, у билан биргаликда инқилобчи Кубага қардошлик ёрдами ҳам адо бўлди. Бугун маҳаллий саноат тушкунликда, мамлакатда энг зарурий маҳсулотлар, шу жумладан, дори-дармон ва тиббий жиҳозлар тақчил. Бироқ америкаликлар ҳам бу каби истиқболли бозорда санкциялар туфайли бизнесини ривожлантира олмагани сабабидан миллиардлаб зиён кўрмоқда. Кубани бош рақиб Хитой ўзлаштираётгани боис буни Вашингтондан кузатиш ҳам аламли. Тарихда энг узоқ иқтисодий блокада нега бошлагангани ва Куба инқилоби лидери вафотидан кейин ҳам унинг нега тўхтатилмаётгани сабаби албатта кўпчиликка қизиқ.

Қитъа ва орол

Қачонлардир испанлар колонияси остида бўлган Кариб денгизидаги жаннат ороли ҳар доим Америка қизиқишлари доирасида бўлиб келган. 1820 йилда мамлакатнинг учинчи президенти Томас Жефферсон Куба “штатлар тизимида қизиқарли қўшимча” бўлиши мумкинлигини ёзган эди. Аср ўрталарида ҳатто янги туғилган давлат Испаниядан колониясини сотиб олишга уринган, аммо битим барбод бўлади.

Кубанинг ўзи мустамлака сифатида давом этишни истамаганлиги аниқ, айнан озодликка интилиш руҳи шимолий қўшниларига қарамликни келтириб чиқарди. Мустақиллик учун уруш қашшоқликка олиб келди, америкалик сармоядорлар бу фурсатдан қувонч билан фойдаланишди, Куба ҳудудларини арзимаган чақага сотиб олишга киришишди. XIX аср охирида Куба экспорт товарларининг бешдан тўрт қисми айнан АҚШГа жўнатиларди.

1898 йили мамлакатда навбатдаги озодлик кураши авж олди, америкаликлар аралашмасликлари имконсиз эди: энди бу уларнинг пул манфаатларигагина эмас, балки оролда яшаб ишлаётган кўплаб АҚШ фуқаролари ҳаётига таҳдид соларди. Америка аралашуви Испания биланурушда ҳал қилувчи рол ўйнади: Куба мустақиллик олди, бироқ атиги расмий, амалда Испан назоратидан жаҳон ҳукмронлигига интилаётган қўшни назорати остига ўтди. Шундан кейин АҚШ йилдан-йилга ўз позициясини мустаҳамлаб борди. 1926 йилга келиб улар Куба шакар саноатининг 60 фоизига эгалик қилишди ва маҳсулотининг 95 фоизини импорт қилишди. Ушбу саноатнинг муҳимлигини инобатга олиб, ярим мустамлака давлатни “Америка шакари” деб атай бошлашди. Қўшма Штатлар ҳар бир навбатдаги мойил ҳукуматни қўллаб-қувватлашган ва давлат тўнтаришларида ҳар сафар ғолиб томонида бўлишарди. Ҳаммадан кўра Фульхенсио Батиста Вашингтонга яқин ва садоқатли бўлиб чиқди. Унинг бошқаруви йилларида Куба бойвачча америкаликлар учун туристик воҳага айланди: АҚШлик махфий тўдалар Гаванадаги кўпсонли казино ва фоҳишахоналарни назорат қилишар, коррупция гуллаб-яшнарди. Мамлакат иқтисодиётининг ярми, кўплаб муҳим тармоқларда тўлалигича Америка иштирокига қарам бўлиб қолгани ҳақиқат. Бундай шароитлар ХХ асрда бир неча марта қатор мамлакатларда социалистик исённи келтириб чиқарди. Кубада ҳам шу ҳолат рўй берди.

Қонли қизил йўлаклар

1950 йиллар охирига келиб таниқли инқилобчилар — Эрнесто Че Гевара ва Фидел Кастро — Батиста режмига қарши аёвсиз курашни алангалатдилар. 1958 йили, инқилобчиларга қарши уруш энг фаол босқичга кирган пайтда АҚШ ўз шеригига панд берди: халқаро келишувларга кўра, улар агрессив ҳарбий ҳаракатларга қурол-яроғ етказиб бера олишмади. Бу исёнчиларга қўл келди, келаси йили Батиста мамлакатдан қочди, Фидел Кастро орол давлатнинг раҳбарига айланди.

Америкаликлар янги ҳокимият уларга дўст бўлмаслигини яхши тушуниб етди. Улар очиқчасига большевикларга хавас қилиб ислоҳотларда улардан ўрнак олишди: бошқарувнинг биринчи йилида хусусий ер эгалигидан воз кечиб, америка корхоналарини ҳам ҳеч қандай товонсиз давлат ихтиёрига қайтаришди. АҚШ кўпмиллионли зиёнга иқтисодий жавоб чоралари билан муносабат билдирди: шакар сотиб олишни кескин қисқартириб, Кубага ёқилғи сотишдан бош тортди. Унинг ортидан бошқа жазо чоралари ҳам ўзини кўп куттирмади. Қўшма Штатлар оролнинг янги ҳокимияти билан ҳамкорлик қиладиган ҳар қандай давлатни ёрдамдан маҳрум қилишга қарор қилди, шунингдек, Кубага уруш мақсадида фойдаланиш мумкин бўлган ҳар қандай маҳсулотни сотишга таъқиқ қўйди. Социалистик ҳукуматнинг янги шерикни қидиришига тўғри келди. Бу шубҳасиз СССР эди. Совет Иттифоқи шакар сотиб олишга ва ғоявий маслакдошига нефт сотишга розилик берди. “Синфий душманлар” га қарши кенг миқёсли қатағонлар мустабид советларни ҳавотирга солмасди. Ўз чегараларида бундай қўшни билан дўст тутиниш Вашингтон манфаатларига зидлиги аён. Шунинг учун 1960 йилда президент Дуайт Эйзенхауэр ўз фармони билан Кубага товарларга экспортига тўлиқ эмбарго жорий этди, фақат озиқ-овқат ва дори-дармон олиб киришга рухсат берилди.

Босқиннинг барбод бўлиши

Иқтисодий босим билан бир вақтнинг ўзида куч ишлатиш чораси ҳам тайёрланди: инқилоб ғалаба қозониши билан Марказий Разведка Бошқармаси душманона режимдан қандай қутулиш йўлларини ўйлай бошлади. Аҳолининг тоталитаризмдан норозилигига, Кастрони ҳокимияти лиққиллаши биланоқ ағдариб ташлаш мумкинлигига умид боғланди. Мазкур нуқтаи назар учун асос бор эди: Куба ҳудудида ўшанда янги етакчига қарши партизанлик гуруҳлари ҳаракат қилар, АҚШда қолаётган муҳожирлар оролга қайтиш имкониятини кутиб ўч олиш қасосида ёнарди. 1961 йил бошларида Америка армияси Куба ҳудудига бир ярим минг кубаликдан иборат десант ташлашга тайёрланар, Кастронинг душманлари бир вақтнинг ўзида йирик шаҳарларда қўпорувчилик ва саботаж бошлашга тайёр турарди. Назорат ўрнатгач, улар Америка интервенциясини талаб қилишлари муқаррар бўлиб, МРБ ҳам АҚШ шу қарорга розилик беришини ваъда қилди. Аммо инқилобий ҳокимият олдинроқ ҳужумга ўтди. Улар “бешинчи колонна” лидерларини қамоққа олишди, кейинроқ Америка авиацияси зарба бериши мумкинлиги нуқтаи назаридан аэродромлардаги самолётларни сохтаси билан алмаштирди. Куба армиясининг илғор кучлари Плайя-Хирон пляжида десант ортядни тор-мор қилди, унинг катта қисми асирга олинди, жанглар чоғида 12 та америка самолёти уриб туширилди. Аммо АҚШ армияси тўла куч билан аралашмади. Улар операцияда ўз иштирокини яшира олмади. Жаҳон ҳамжамияти шу заҳоти юз берган ҳодисадан хабар топиб, аралашувни қоралади. Президент Кеннеди МРБнинг ҳаракатидан ғазабга тушди. Лекин Кубанинг янги ҳукумати мамнун бўлди. Босқин уринишигача инқилоб заиф эди, энди у ҳар қачонгидан кучайди.

Апокалиптик дўстлик

Буларнинг бари душманликни кучайтирмаслик имконини қолдирмади. Америка томони санкцияларни кучайтиришни давом эттирди: Куба материаллари ишлатиладиган ҳар қандай маҳсулотларнинг импорти таъқиқланди. 1962 йил бошида АҚШ шунингдек, Кубани Америка давлатлари ташкилотидан чиқаришга эришди. Лекин айни пайтда Қўшма Штатларнинг ўзи оролга босқин уюштириб ташкилот уставини қўпол бузгани муҳокама қилинмади. Ана шу зиддиятлар соясида Куба муқаррар равишда Совет Иттифоқи билан яқинлашди. Мамлакатга совет ҳарбий мутахассислари келишарди, Фидел Кастронинг укаси Раул Москвага бориб, Никита Хрушчев билан учрашди, қурол-яроғ ва техника қўлловини олиш юзасидан келишувга эришди. Кўпчиликка яхши маълумки, бундай сиёсат учун Фиделни МРБ бир неча маҳв этишга уринди, аммо уринишларнинг бирортаси амалга ошмади. Кўп ўтмай ушбу дўстлик дунёни ядро уруши ёқасига келтирди. Туркияда ядро каллакларининг Москвагача элтишга қодир Америка ракеталари пайдо бўлгач, СССР жавоб қадамини ташлади: Кубада совет ракета қисмлари жойлаштирилди.

1962 йилда орол давлатга қарши тўла қамровли интервенцияни тайёрлаган АҚШ ҳарбий денгиз кучлари Куба блокадасини ташкил этди, жанговор ракеталар билан қуролланган совет кемаларини қўймасликка уринди. Кескинликнинг тинч йўллар билан ечилишига ишонмаган Кастро СССР раҳбариятини босқинни кутиб ўтирмай, Америка ҳудудига огоҳлантирувчи зарба беришга чақирди. Бу атом урушини келтириб чиқариши муқаррар эди. Аммо Хрушчёв Кеннеди билан келишувга эриша олди: АҚШ Кубага ҳужум қилмаслик кафолатини берди, Туркия ва Италиядан ракеталарини олиб чиқишга ваъда берди, ўз навбатида совет ракеталари Кубани тарк этди. Америка ҳарбий кемалари орол давлат соҳилларидан Кариб инқирозидан кейин ортга кетишди. Ҳарбий-денгиз қамал якун топди, иқтисодий санкциялар эса қолди, аксинча кескинлашди.

Ташқи душман шунчаки образ эмас. Эмбарго ҳақиқатда орол иқтисодиётига улкан заҳмат етказди. СССР қулаганидан кейин Куба ўз савдо алоқаларининг 85 фоизидан маҳрум бўлди, демакки, эмбарго оқибатини ҳис этди. Гарчи мамлакат Венесуэла ва Лотин Америкасининг бошқа қатор мамлакатларидан кўра фаровонроқ яшасада, учинчи дунё мамлакати бўлиб қолмоқда. 1960 йилдан 2010 йилгача Кубанинг АҚШ санкциясидан кўрган зарари 104 миллиард долларга тенг. Ушбу қарама-қаршиликдан Америка иқтисодиёти ҳам кўп нарса йўқотди: йиллик ўртача йўқотиш 1,2 миллиард доллар деб баҳоланади. Гап фақат пулда эмас. 2010 йилдаги тадқиқотга кўра, санкциялар соғлиқни сақлаш тизимига бевосита таъсир кўрсатиб, бир неча жиддий эпидемияларга, жумладан, сил касалликларининг кенг тарқалишига олиб келди.

Хуллас, 60 йиллик блокада чоғида жазо чоралари бир неча кучайтирилди. Кубани ҳатто қатор мамлакатлардаги қизил исёнчиларни қўллаб-қувватлагани учун халқаро террорчиликнинг ҳомийлари рўйхатига ҳам киритишди. 1997 йилда демократ президент Билл Клинтон санкцияларни бироз юмшатди, аммо беш йил ўтиб Жорж Буш чораларни аввалгидан кўра кучайтирди, АҚШ сайёҳларига Кубага ташриф буюришни таъқиқлади, икки мамлакат ўртасида пул кўчириш мураккаблашди.

Ярашув уринишлари

Куба расмийлари анча йиллардан бери санкцияларни геноцид сифатида таърифлаб келади. Юмшоқроқ кўринишда улар фикрига бутун дунё қўшилади. 2019 йили қабул қилинган резолюцияга биноан БМТнинг 193 аъзо мамлакатидан 187 таси АҚШни санкциядан воз кечишга чақирди. Резолюция учун 28 маротаба овоз берилди. Америка давлати Кубани инсон ҳуқуқларини бузишда айблаб чақириқларни рад этиб келади, аммо АҚШнинг нефтга бой Яқин Шарқ ҳукмдорлари билан алоқаларига бу омил негадир халал бермайди. Сўровларга кўра, америкаликларнинг 56 фоизи Куба билан муносабатларни барқарорлаштириш тарафдори.

Нобел мукофоти совриндори Барак Обама коммунистик қўшни билан жиддий ярашишга уринган биринчи америкалик президент бўлди. Бунга ҳокимият алмашинуви, акасидан кейин президентлик лавозимини Раул Кастронинг эгаллаши, мамлакатда кичик ва ўрта бизнесга рухсат бериши ва бир қатор чекловларни олиб ташлагани сабаб бўлди. 2013 йилдан 2014 йилгача иккила давлат раҳбарлари Рим папаси Франциск иштирокида маҳфий музокаралар ўтказишди. Натижада Обама 1928 йилдан бери оролда бўлган АҚШнинг биринчи президентига айланди. Куба ҳукумати бошқа мамлакатлардаги қизил террорчиларга ёрдам бермаётгани, ўзида америка геосиёсий душманларининг каллакларини жойлаштириш ниятида эмаслигини ҳисобга олиб, 44-президент чекловларнинг бир қисмини бекор қилди, Кубани терроризм ҳомийлари сафидан чиқарди, сайёҳлик ва пул ўтказмаларига оид чекловларни юмшатди. Вашингтонда яна Куба элчихонаси пайдо бўлди, Гаванада АҚШ элчихонаси; Америка ҳукумати муносабатларни нормаллаштириш сари йўл олди.

Аммо кўп ўтмай музликлар тикланди. Обамадан кейин ҳокимиятга келган республикачи президент Доналд Трамп санкция ва эмбарголарни тиклади. Бу АҚШ манфаатларига жавоб бериши таъкидланди. Хитойнинг савдо ҳажми бўйича Кубанинг асосий шерикларидан бирига айланиши жазо чораларининг тикланишига олиб келган бўлиши эҳтимоли юқори. БМТнинг Кубага оид АҚШ сиёсатини қоралаши, қўшни давлатдаги эпидемия ва иқтисодий бўҳронларга қарамай, ҳеч нарса Вашингтонни ўз позициясидан чекинишга мажбур қила олмаяпти.