Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ ва Куба муносабатлари яқин келажакда қандай ривожланиши мумкин?
15:42 / 2020-07-22

АҚШ ва Куба ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 5 йил тўлди.


АҚШ ва Куба ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 5 йил тўлди. Бу икки давлат алоқаларини 2015 йилда президент Барак Обама тиклаганди. Ўшанда кўпчиликка Вашингтон ва Гавана шериклигининг янги асри бошланаётгандек туюлганди. Афсуски, орадан беш йил ўтган бўлсада, конгресс томонидан Кубага қарши жорий қилинган савдо эмбаргоси ҳалиям амалда, Доналд Трамп маъмурияти эса муносабатларни яхшилашга қаратилган кўпгина чораларни бекор қилди. Масалан, Кубага ҳаво қатновларини максимал даражада чеклаб қўйди. «РИА Новости» ахборот агентлиги мурожаат қилган АҚШдаги экспертлар фикрича, Трамп даврида АҚШ ва Куба алоқалари яхшиланмаслиги аниқ, вазият демократ Жо Байденнинг президент бўлиб сайланиши билан ўзгариши эҳтимоли бор.

«АҚШ ва Куба муносабатлари Трамп маъмуриятининг иккинчи муддатида сезиларли даражада ўзгаради, деб ўйламайман. Президент Трамп Обаманинг кўплаб ижро кўрсатмаларини тўхтатиб қўйди ва бу билан Куба ҳукуматига қарши риторикани кучайтириб юборди. Унинг сиёсати, афтидан, Флоридадаги келиб чиқиши кубалик бўлган америкаликлардан иборат консерватив электорат томонидан қўллаб-қувватланишни таъминлашга қаратилгандек». – Бу сўзларни Флорида Халқаро университетидаги Кубани ўрганиш институти директори Хорхе Дуани айтган.

Бу мутахассис фикрини сиёсатшунос, Техас штатидаги Райса университети ҳузуридаги Бейкер институтида Лотин Америкасини ўрганиш бўйича ташаббуслар асосчиси Эрика де ла Гарса ҳам маъқуллаган.

«Трампнинг иккинчи маъмурияти Куба билан муносабатларни яхшилай олмайди. Президент Трамп ўзи учун минтақадаги ташқи сиёсат ва умуман халқ дипломатияси мутлақо аҳамиятсиз эканини кўрсатиб қўйди. Иккинчи муддат ҳам шундан фарқ қилмайди. Унинг Кубага қарши сиёсати совуқ уруш замонидан қолган ва Флоридадаги »Кичик Гавана« кубаликлари қизиқишларигагина хизмат қилади. Куба ороли халқига ёки АҚШнинг тижорий манфаатларига эмас», - деб ҳисоблайди де ла Гарса хоним.

photo_2020-07-22_16-03-52 (2).jpg

«Вазият (Трамп давридаги муносабатлардаги - таҳририят), мабодо, Гаванадаги режимда чуқур, фундаментал ўзгаришлар юз бермас экан, фақат ёмонлашади», - дейди ўз навбатида Кубани ўрганиш институти директори ўринбосари Себастиан Аркос.

Сиёсатшунос Дуани Байден «кўп жиҳатдан» Обама сиёсатига қайтиш, яъни Кубани изоляция қилишдан чекиниш ва савдо эмбаргосини бекор қилиш, борди-келдини йўлга қўйишга ваъда берганини эслатди. "Бинобарин, Байден Венесуэлада Мадуро ҳукуматини қўллаб-қувватлагани учун Кубага қарши санкцияларни маъқуллашини ҳам билдирди, шунингдек у кубаликлар Обама маъмурияти даврида «ўз зиммаларига олишни хоҳлаган мажбуриятларни бажаришлари»ни ҳам талаб қилади", - деди Дуани.

Унинг сўзларига қараганда, Байден маъмурияти Кубага нисбатан юритиладиган сиёсат бўйича ўз олдига қўйган бошқа мақсадларни амалга ошириш борасида айнан нима ишлар қилиши мумкинлиги, яъни демократияни илгари суришда қандай ҳаракатланиши, Венесуэла туфайли Кубага босим ўтказиш мақсадида қандай санкцияларни сақлаб туриши ҳозирча номаълум.

Шу билан бирга Куба тадқиқотлари институти раҳбари муовини Себастиан Аркос АҚШ сиёсатида Кубага нисбатан муносабат борасида партиявий тарқоқлик пишиб етилган, деб ҳисоблайди.

«Республикачилар ва демократлар АҚШнинг Кубага нисбатан сиёсати борасида ҳеч қачон ҳозиргидек бир-бирларидан узоқ бўлишмаган... Тахмин қилиш мумкинки, Куба режимининг қисқа муддат яшаб қолиши АҚШдаги бўлажак сайловларга боғлиқ», - деди Аркос.

Лотин Америкаси бўйича эксперт, “Whitecap Consulting Group LLC” консалтинг компанияси бошқарувчи директори Фернандо Капабланка Байденнинг гипотетик маъмурияти сенатда муносабатларни яхшилаш тўғрисидаги масала бўйича мухолифатга дуч келишга тайёр туриши лозимлигига эътибор қаратди. «Кўплаб обрўли сенаторлар бор, уларнинг қарашлари, ҳатто, янги маъмуриятда ҳам устувор бўлиши эҳтимоли мавжуд», - деб ҳисоблайди Капабланка.

photo_2020-07-22_16-03-53.jpg

Сиёсатшунос Эрика де ла Гарса эса Байденда Кубадан бошқа ҳам кўплаб муаммолар етарли бўлишини эслатиб ўтди.

«Байден мамлакат ичкарисида ҳам бевосита ўзи эътибор қаратиши талаб этиладиган кўплаб таҳдидларга дуч келиши, хусусан, халқаро майдонда янаям муҳимроқ муносабатларни яхшилаш зарурати туғилиши мумкин. Бундай ҳолатда Куба рўйхатнинг пастки қаторларига тушиб кетиши эҳтимоли юқори», - дейди де ла Гарса.

Сиёсатшунос, Райса университети Лотин Америкаси тадқиқотлари йўналиши раҳбари Марк Жонс Байден сайланган тақдирда яқинлашиш ва янада мустаҳкам дипломатик муносабатлар ўрнатиш чораларига қайта мурожаат қилинишини «амалда аввалдан ҳал этиб қўйилган» масала, деб атади.

«Байден маъмуриятида Обама давридагига нисбатан анча илгарилаб кетиш, яъни Демократик партия қанотидаги прогрессив кучлар ўсиб бораётганини инобатга олган ҳолда, Куба билан анчайин мустаҳкам ва изчил алоқалар ўрнатиш салоҳияти мавжуд. Зеро, бу партия коммунизмга республикачилар ёки истеблишментдаги демократлар сингари ўгай кўз билан қарамайди», - дея хулоса чиқаради Жонс.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.