Россия парламенти Федерация Кенгаши халқаро қўмитаси раҳбари Константин Косачёв “РИА Новости” ахборот агентлиги мухбирига шу мазмунда баёнот берди.
АҚШ ва Хитой ўртасида кейинги пайтларда кескинлашган, россиялик айрим сиёсатчиларнинг фикрича, Вашингтон томонидан ўйланган ва сиёсий маъно сингдирилган ҳолда саҳналаштирилаётган рақобат тинчлик ва хавфсизликка нисбатан қўшимча таҳдид туғдирмоқда.
Россия парламенти Федерация Кенгаши халқаро қўмитаси раҳбари Константин Косачёв “РИА Новости” ахборот агентлиги мухбирига шу мазмунда баёнот берди.
Бундан аввалроқ АҚШ Бош котиби Майк Помпео Хитойга қарши альянс тузиш таклифини эълон қилган эди.
"Ҳойнаҳой, (АҚШ президенти Дональд) Трамп ва унинг жамоаси Хитой билан муносабатлардаги кескинликни кучайтириш ҳисобига президентлик пойгасидаги етакчиликни яна ўзига қайтармоқчига ўхшайди", - деди сенатор.
Унинг сўзларига қараганда, бу воқеада яхши янгиликлар умуман йўқлиги аниқ.

АҚШ ва Хитой урушининг янги раунди бошланяптими? Бу ёғи нима бўлади?
АҚШ президенти Дональд Трамп Хьюстондан кейин мамлакатдаги яна бир неча Хитой дипломатик миссиялари фаолиятига чек қўйишни режалаштиряпти.
"Яна бошқа дипломатик қароргоҳларнинг ёпилиши масаласига келадиган бўлсак, бу воқеа ҳар лаҳзада содир бўлиши мумкин", – деди Трамп матбуот анжуманида.
"Кўриб турибсиз-ку нималар рўй бераётганини. Ўша жойлар (ёпиқ бинолар – таҳририят)да ўт ёқилган. Бу ҳақда ҳамма гапиряпти. Бизнинг тахминимизча, улар турли ҳужжатлар, қоғозларни ёқиб юборишди. Қизиқ, бу нимадан далолат?", – қўшимча қилди у.
Хабар қилганимиздек, ХХРнинг Хьюстондаги Бош консуллиги АҚШ ҳукумати қарори билан "интеллектуал мулкни ва америкаликлар шахсий ахборотини муҳофазалаш мақсадида" ёпилди. Америка ОАВ сешанба куни у ерда қандайдир қоғозлар ёқиб юборилгани тўғрисида маълум қилганди.
Сиёсатшунос, РФ ҳукумати ҳузуридаги Молия университети сиёсатшунослик департаменти доценти Евгения Войко мамлакатнинг “Sputnik” радиоси эфири орқали чиқишида Дональд Трамп нима учун вазиятни кескинлаштириш учун бундай йўл тутгани ҳақида ўз фаразларини баён қилди.
"Бу ерда глобал геосиёсий жиҳатлар мавжуд. Айни мавзуда пандемия туфайли ҳам Дональд Трампнинг янги, яъни АҚШ фаоллиги Осиё йўналишига қаратилган ташқи сиёсат стратегияси муносабати билан ҳам жуда кўп гапирилди. Шунга мувофиқ, Трамп Америка-Хитой алоқаларини, шу йўналишда фаолият олиб бораётган институтларни кучсизлантиришга қаратилган кўплаб лойиҳаларни амалга оширади", – деб ҳисоблайди Евгения Войко.
Қолаверса, у Трампнинг ҳозирги баёнотлари бир йўла ички аудиторияга ҳам мўлжалланганини таъкидламоқда.
"Албатта ички сиёсий жиҳат ҳам бор. Трамп ҳозир сайлов кампанияси даврида турибди, у муайян қисми Хитойга қарши кайфиятдаги консерватив аудиторияга йўналтирилган йирик қадамлар ташлаши зарур. Шу орқали Трамп ўз сўзига содиқлигини, яъни "Хитой хавфи"га қарши курашга, жумладан, дипломатик ваколатхоналарни ёпиш йўли билан ҳам шайлигини исботлашга мажбур. Бу Трамп ҳазиллашмаётганини, ўз режаларини тўлиқ амалга оширишга тайёрлигини билдирувчи жуда жиддий қадам", – деган тахминларни илгари сурган сиёсатшунос.
Экспертнинг фикрича, Америка-Хитой муносабатларини “йиғиштириш”га бўлган интилиш давом этади.
"Менимча, АҚШ ва Хитой ўртасидаги иқтисодий лойиҳаларнинг, жумладан, савдо соҳасидаги бир қисми тўхтатилишини фараз қилиш мумкин. Дипломатик ваколатхоналар ёпилгач, бу масала кўтарилади, деб ўйлайман. Бу борада Хитой ўзининг асосий қуролини ишга солиши эҳтимоли борлигини ҳам эътибордан соқит қилмайман. Бу – Американинг Хитойдан қарзидир",– қайд этади Войко хоним.
Савдо соҳасидаги келишувлар августда ўтказилиши мумкин

Хитой ва АҚШ вакиллари августдаёқ жорий йил январь ойида имзоланган савдо шартномалари биринчи қисмининг ўзлаштирилиши жараёни билан боғлиқ ҳолатни таҳлил қилиш мақсадида музокараларга ўтириши эҳтимоли мавжуд. Бу ҳақда ишончли манбага таяниб, “South China Morning Post” газетаси ёзган.
Тўғри, расман Пекин ҳам Вашингтон ҳам, аввалгидек, савдо битими доирасидаги мажбуриятларни бажаришга тайёрлигига ишонтирмоқда, бироқ қатор масалаларда ўзаро муносабатлар анчайин кескинлашган.
Гарчи, Хитой АҚШдан сотиб олаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми кейинги ойларда сезиларли равишда ортган бўлса-да, COVID-19 пандемияси туфайли ҳали бу миқдор савдо келишувларининг биринчи босқичи доирасида кўзланган, бошқача айтганда Хитой ваъда қилган даражадан жуда кам. Шу билан бирга, кузатувчиларнинг фикрича, ҳар икки томондан мамлакатлар ҳудудидаги Бош консулликларни ёпиш бўйича қўйилаётган талаблар, шунингдек бошқа бир қатор муаммолар савдо соҳасида олдинга силжиш бўйича эришилган ҳар қандай келишувни барбод қилиши тайин.
Манбанинг сўзларига қараганда, музокараларда ХХР Давлат кенгаши раисининг ўринбосари Лю Хэ ва АҚШ савдо вакили Роберт Лайтхайзер иштирок этади. Шу йил 15 январда имзоланган ва орадан бир ой ўтиб кучга кирган битимга мувофиқ, олий даражадаги музокаралар ҳар олти ойда ўтказилиши лозим. Навбатдаги учрашув томонларга келишувни амалга оширишдаги натижаларни белгилаб олиш имконини берувчи "муҳим ва ҳал қилувчи воқеа" бўлади.
Шунингдек, газета мурожаат қилган манба яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтган. Яъни, агар Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатлар кескинлашгани боис томонлар айни пайтда учрашув ўтказишга нисбатан дадил интилиш намоён этмаса, у ҳолда Лю Хэ, Роберт Лайтхайзер ва АҚШ молия вазири Стивен Мнучин иштирокида 8 май куни телефон орқали бўлиб ўтган мулоқот битимнинг келишувлар доирасида белгиланган "учрашув тўғрисида"ги банди қониқарли ижро этилганини билдиради.
Аввалроқ АҚШ Бош котиби Майк Помпео Вашингтон савдо соҳасидаги битимнинг биринчи босқичи Хитой томонидан бажарилиши, шунингдек барча масалалар бўйича муносабатларда ўзгариш юз беришига умид билдирилаётганини баён қилганди. Ўз навбатида Хитой ТИВ расмий вакили Хуа Чуньин Хитой АҚШ билан садо келишувлари ҳалиям амалга ошиши мумкинлигидан умидвор эканини айтди.
АҚШ ва Хитой ўртасида 15 январь куни савдо битимининг биринчи қисми имзоланган. Ҳужжат доирасида Вашингтон 120 миллиард доллар қийматга эга маҳсулотларга 7,5 фоизлик бож белгилаган ҳолда, 250 миллиард долларлик товар учун 25 фоиз давлат божини сақлаб қолган. Мазкур битим Хитой томони АҚШдан 75 миллиард долларлик саноат моллари, 50 миллиард долларга энергия ташувчи, 40 миллиард доллар миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиши ҳамда яқин 2 йил ичида 35-40 миллиард доллар маблағни кўрсатиладиган хизматлар учун сарфлашини назарда тутади. Шу тариқа АҚШ Хитой билан савдо-сотиқдан мўлжалланган юзлаб миллиард доллар маблағни мувофиқлаштириб, "ҳаққоний" кўрсаткичга етказиб олишни кўзламоқда.
Интернет материаллари асосида
Ғ.ХОННАЗАРОВ тайёрлади,
ЎзА