French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ: Иммиграция масаласи тортишувлар марказида
17:00 / 2020-05-03

Бугун пандемиядан энг кўп жабр кўрган мамлакат Америка Қўшма Штатлари ҳисобланади.

Шарҳ

Бугун пандемиядан энг кўп жабр кўрган мамлакат Америка Қўшма Штатлари ҳисобланади. Дунёнинг энг қудратли мамлакати коронавирусни жиловлаш мақсадида турли чораларга қўл урган. Муҳожирликни тўхтатиш масаласи ҳам шу жумладан.

“Америка овози”нинг хабар беришича, 24 апрелдан бошлаб Қўшма Штатларга қонуний иммиграция 60 кунга тўхтатилди. Президент Дональд Трамп бу қарорини пандемия шароитида америкалик ишчиларни ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш ресурсларини авайлаш билан изоҳламоқда.

Танқидчилар назарида эса президент бу билан иммиграцияни чеклаш бўйича аввал олға сурган, аммо Конгресс ва судлар қаршилигига учраган таклифларини амалга оширишга эришмоқчи. АҚШ раҳбари, шунингдек, сайловчиларни инқирозни эплай олмаганидан чалғитмоқчи, деяётганлар ҳам бор.

Фаоллар иммиграция бўйича чекловни қоралаётган бўлса, Трампнинг ашаддий тарафдорлари фикрича, у керагича қатъият кўрсата олмади. Иммиграцион тадқиқотлар маркази номли яна бир гуруҳ қарашича, 60 кунлик танаффусдан “америкаликларга наф йўқ”.

Ушбу марказ АҚШ иқтисодиётига 900 минг доллар сармоя киритган хорижликлар чекловдан мустасно эканини танқид қилмоқда. Техаслик иммиграцион адвокат Раед Гонзалез фикрича, тақиқ қисқа муддатда кўп нарсани ўзгартирмайди, чунки элчихона ва консулликларда ўтган ойдан бери шундоқ ҳам пандемия сабаб виза аризаларини кўриб чиқиш тўхтатилган.

Грин карта бўйича маслаҳат берувчи “Боундлесс” компанияси раҳбари Дог Ренднинг айтишича, энди йилига 358 минг одам АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритишдан қуруқ қолиши мумкин. Бунга ҳар йили грин карта лотерея ўйини доирасида турли давлатлар фуқароларига бериладиган 50 минг виза ҳам киради. Бу билан Трамп пандемия баҳонасида Конгресс ва судлардан ўтказа олмаган иммиграцион ўзгаришларни амалга оширмоқда. Энди у тақиқни қайта-қайта узайтиради, бунга ҳеч ким шубҳа билдирмаяпти. Чунки Трамп доимо малакасиз муҳожирларнинг АҚШга келишига қарши бўлган.

Чеклов кимларга тааллуқли?

Янги тартиб АҚШда доимий яшаш учун хориждан туриб ҳужжат топшираётганларга тегишли. Америкада бўлиб туриб, мақомини ўзгартираётганлар чекловдан мустасно. Грин картаси бор шахслар вақтинча қариндошларини АҚШга кўчириб кела олмайди. Грин картани ютиб олганларга 60 кунгача виза берилмайди ва улар АҚШ ҳудудига кира олмайди.

Одатда, лотерея орқали турли мамлакатлар фуқароларига ҳар йили 50 минг виза улашилар эди. Грин карта бу — АҚШда доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берадиган ҳужжат. Одатда, бу ҳужжат АҚШга ишга таклиф қилинганлар, мамлакат иқтисодиётига катта сармоя киритганларга берилади. Лотерея ўйини орқали ҳам бу имкониятни қўлга киритиш мумкин. АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизматига кўра, грин карта асосан қонуний резидентларнинг оила аъзоларига, шунингдек, қочқинлар ва бошпана излаб келганларга ҳам берилади. Иммиграцион визаларни қўшиб ҳисоблаганда ҳар йили тахминан 1,1 миллион одамга грин карта тегади.

Мустасно ҳолатлар

Оқ уйнинг маълум қилишича, Трамп имзо чеккан фармон қуйидагиларга тааллуқли эмас: у кучга кирган пайтда иммиграцион визани аллақачон олиб бўлганлар; АҚШга вақтинча ишлаш ёки саёҳат учун келадиганлар; ноиммиграцион виза олганлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги ишчилари; соғлиқни сақлаш бўйича мутахассислар ва тиббий тадқиқотчилар; қочқинларни жойлаштириш дастури доирасида ёки бошпана олиш учун Америкага кирганлар; АҚШ фуқаролари ва доимий резидентларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандлари; ҳарбий оилалар, иммигрант инвесторлар ва “миллий манфаат” учун муҳим деб кўрилган шахслар.

Трамп фармони иммиграция учун ягона тўсиқ эмас. COVID-19 сабаб хориждаги АҚШ элчихоналари шундоқ ҳам визаларни расмийлаштиришни тўхтатган. Бунинг устига, Қўшма Штатлар 19 мартдан буён қочқинларни қабул қилмаяпти. АҚШ-Мексика чегарасида ушланган мигрантлар зудлик билан ватанига қайтарилмоқда ва бу тартиб камида яна бир ой давом этади. Канада ва Мексика билан чегарада қатновни чеклаш бўйича келишув ҳам май ўртасигача узайтирилди. Айрим давлатлар фуқароларининг АҚШга киришига тақиқ ҳануз амалда.

Мутахассислар фикрича, Трампнинг фармони ғайриоддий бўлса-да, АҚШ қонунларига зид эмас. Аммо ўнлаб йил олдин қабул қилинган иммиграция бўйича қонуннинг айрим бандлари ҳеч қачон бу даражада агрессив тарзда қўлланмаган. Президентда миллий манфаатлар йўлида бошқа мамлакат фуқароларини мамлакатга киритмаслик ваколати бор. 2017 йилда асосан мусулмонлардан иборат давлатлардан саёҳатни чеклаш бўйича қарорга ҳам ҳам шу асос қилиб олинган эди.

Технология соҳасидаги Н-1Б визаларичи?

Ноиммиграцион виза билан АҚШда ишлайдиган мутахассисларга тақиқ амал қилмайди. Бироқ фармон матнида ёзилишича, ноиммиграцион дастурлар келаси бир ой ичида қайта кўриб чиқилади ҳамда “CОVID-19 шароитида АҚШ иқтисодиётини рағбатлантириш учун бошқа чоралар” ҳам тавсия этилиши мумкин.

Экспертлар наздида агар фармон муддати узайтирилса, Америка компанияларига салбий таъсир кўрсатишини айтади. Чунки биз биладиган машҳур “Аmazon”, “Google”, “Мicrosoft”, “Facebook” сингари йирик корпорациялар H-1Б визасига таянади. Улар америкаликларни ёллашни истамайди дейиш тўғри эмас. Уларни ёллаш тезроқ, осонроқ ва арзонроқ бўлса-да, технология соҳасида керакли малакага эга одамлар барибир етарли эмас.

АҚШ ҳукумати иммиграцион виза ва рухсатномалар беришни 60 кунга тўхтатиб қўйгани мамлакатдаги коллеж ва университетларда таҳсил олаётган хорижлик талабаларни ҳам хавотирга солмоқда. Қарор талабалар визаларига бевосита таъсир қилмаса ҳам, унда ноиммиграцион дастурларни “қарор эълон қилинган кундан бошлаб 30 кун ичида“ кўриб чиқиш ҳақида банд бор. Талаба визалари АҚШга вақтинча киришни истаган чет эл фуқароларига бериладиган ноиммиграцион визалар тоифасига киради.

Фуқаролик ва иммиграция хизмати хабарига кўра, мамлакатнинг қонуний иммиграция тизимини бошқаришга масъул бўлган идоралар ва элчихоналар 4 июнь куни қайта очилади. АҚШ ҳукумати барча ноиммиграцион визалар беришни тўхтатиб қўйганига бир ойдан ошди. Халқаро рейслар бекор қилинди, иммиграция идоралари ёпилди ва олий ўқув юртлари онлайн режимда ишлашга ўтди. Университетлар масъулларининг айтишича, хорижлик талабалар билан боғлиқ хавотирлар давом этмоқда, чунки мамлакатга кириш учун ҳеч ким элчихоналарга бора олмайди, ҳатто АҚШ институтларига қабул қилинган талабалар ҳам. Агар ноиммиграцион визалар ҳам тақиққа учраса, “бу мамлакат олий таълими учун фавқулодда офат“ бўлади.

Тан олиш керак, сўнгги йилларда АҚШ хорижлик талабаларни жалб қилиш бўйича бошқа давлатлар билан жиддий рақобатга дуч келмоқда. Масалан, “Inside Higher Ed” онлайн нашри маълумотига кўра, кейинги ўқув йилида АҚШда жами талабалар сони 15 фоизга пасаяди, жумладан, халқаро талабалар сонида 25 фоиз камайиш кузатилади. Бу эса олий таълимдан тушадиган даромад 23 миллиард долларга камайишини англатади. “Chronicle of Higher Education” нашрининг ёзишича, университетлар аллқачон юзлаб ходимларни ишдан бўшатган ва йўқотишлар 100 миллион доллардан ошган. Кичик ўқув юртлари COVID-19 пандемиясидан энг кўп молиявий зарар кўриши ва ҳатто қайта тикланмаслиги тахмин қилинмоқда.

Халқаро таълим институтининг ҳар йилги “Очиқ эшиклар“ ҳисоботига кўра, АҚШда 2018-2019 ўқув йили давомида жами 19,8 миллион талаба бўлиб, уларнинг 1,1 миллионини хорижликлар (барча талабаларнинг 5,5 фоизи) ташкил этган. Энг кўп талаба Хитойдан – 369 548 киши ёки барча чет эллик талабаларнинг 33,7 фоизи. Ҳиндистонликлар 202 014 кишилик рақам билан иккинчи ўринни банд этган. Улар барча чет эллик талабаларнинг 18,4 фоизини ташкил қилади. Бунинг таассуфли жиҳатларидан бири шундаки, визалари ўз вақтида расмийлаштирилмаган талабалар учун масофавий вариантни ҳам таклиф қилиб бўлмайди. Гарчи улар АҚШга жисмонан кирмаса ҳам, ватанларида туриб дарс олса ҳам, талабалик визалари расмийлаштирилмагунча дарс олишлари мумкин эмас.

Қишлоқ хўжалиги хорижликларга муҳтож

АҚШ фермерлари коронавирус туфайли мамлакатда қишлоқ хўжалиги ишчилари камайиб кетаётганидан хавотирда. Натижада Америка ҳукумати қишлоқ хўжалиги ишчиси сифатида мамлакатда ишлаётган хорижликларнинг виза муддатларини узайтириб, чет элдан янги ариза топширганларга эса суҳбатдан ўтмасдан виза олиш имкониятини эълон қилди. Давлат департаменти вакили қишлоқ хўжалиги ишчилари учун мўлжалланган “Н-2А” визаси учун аризалар, агар рад этиш учун жиддий сабаблар бўлмаса, интервьюсиз тасдиқланиши ҳақида янги тартиб йўлга қўйилганини эътироф этди.

“Н-2А” ноиммиграцион визаси хорижликларга АҚШда уч йилгача қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаш ҳуқуқини беради. Давлат департаментига кўра, агар аризачини қўшимча текширишга эҳтиёж туғилса, юзма-юз суҳбат ўтказилади. Коронавирус пандемияси даврида ҳам ишлар давом этяпти, аммо ниқоб тақиш, қўлқоп кийиш ва ижтимоий масофа сақлаш каби йўриқларга риоя қилинади.

АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, ишчи-деҳқон визаси билан келаётганлар сони сўнгги йилларда ошмоқда. 2019 йил 258 минг кишига “Н-2А” визаси берилган.

Ҳозир Президентнинг АҚШга вирус кириб келган илк кунлардаги қарорлари ва баёнотлари элакдан ўтказилмоқда. 27-28 апрель кунлари ўтказилган сўровда америкаликларнинг 43 фоизи Трампнинг саъй-ҳаракатларига ижобий баҳо берган.