Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШ фуқароси уч йилда 2 марта 4 миллионлик жек-пот соҳибига айланди
10:30 / 2020-06-26

АҚШнинг Мичиган штатида бир киши маҳаллий миқёсда ўйналган лотереядан 4 миллион доллар ютиб олди.


АҚШнинг Мичиган штатида бир киши маҳаллий миқёсда ўйналган лотереядан 4 миллион доллар ютиб олди. Ажабланарлиси, Саут-Роквуд шаҳрида яшовчи 50 ёшли Марк Кларк уч йил ичида иккинчи бор мана шундай омадга сазовор бўлди.

ОАВ хабарига кўра, Кларкка 2017 йилда ҳам лотереяда худди шунча миқдордаги сумма насиб этган. Такрорий муваффақиятдан сўнг у ўйин ташкилотчиларига бошидан кечираётган ҳисларни «сўз билан таърифлаб беролмаслиги»ни билдирди. Шунингдек, ютуқнинг сабаби, лотереядаги ҳимоя қатламини отасидан эсдалик қолган танга билан ўчиргани эканлигини ҳам эслатиб ўтди.

«Мен (ҳимоя қатламини) дўконнинг ўзидаёқ бундан 10 йил олдин отам совға қилган чақа билан ўчирдим. Отамдан унинг соғлигидаги муаммолар туфайли бир йилча олдин айрилиб қолганмиз. Тўғриси, бошқача бўлиши мумкин эмас, яъни менга айнан уни эслатиб турувчи танга ёрдам берди», - деди Кларк. 

Албатта, у дастлабки омадли чиптадан сўнг орадан атиги уч йил ўтиб унинг елкасига яна бир бор бахт қуши қўнганидан жуда ҳайратда эканини таъкидлади. Қизиғи, ҳар икки жекпот миқдори бир хил - 4 миллион доллар.

«Миллионларни бир марта ютиб олишнинг ўзи қийин, иккинчи бор бахтга эришишни эса ҳеч қачон хаёлингга ҳам келтирмайсан, киши», - қўшимча қилган омад соҳиби.

Кларк иккинчи ютуқдан кейин ҳам худди 2017 йилдагидек ўз иши – балиқ тутиш билан шуғулланишда давом этишни режалаштираётганини қайд этди. «Биринчи ғалабамдан сўнг кўпроқ вақтимни балиқчиликка сарф эта бошлагандим. Сабаби, доим отам билан бирга балиқ тутишга борардим ва ўша пайтлардан жуда ёқимли хотиралар қолган. Энди яна бўш вақтимни оиламга, ўғлимга бағишлайман», - деди омадли инсон.