Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаҳрамонларни давр яратади
19:11 / 2020-04-16

Бу жумлани аввал қаердадир ўқигандим.

Эл бошига иш тушганда 

Бу жумлани аввал қаердадир ўқигандим. Аммо ўшанда ушбу жумла мазмунини жиддийроқ ўйлаб кўрмаган эканман.

Бугун дунёда юзага келган вазият ўзимиз, ўзлигимиз, табиат, жамият ва инсон ҳақида мушоҳада юритишга мажбур қилаяпти. Ҳақиқатан, ниҳоятда таранг, олдиндан бир нарса дейиш қийин бўлган даврни бошдан кечирмоқдамиз. Гўё инсоният насли хавф остида қолгандек. Шундай таҳликали пайтда ҳам атрофимизда том маънодаги қаҳрамонлар яшаётганини ўйлаш кўнгилга илиқлик, ғурур беради.

...Мен у одамни танимайман. Аммо кунда бўлмаса ҳам кунора унга дуч келаман, десам муболаға эмас. Эҳтимол, бу касбни мен туғилмасимдан анча аввал бошлагандир. Гап эрта тонгда туманимиз кўчаларини супуриб юрадиган аёл ҳақида бораяпти.

У бутун Жомбойни ўзига тегишли, деб ўйлайди. Виждонан ўйлаб кўрсам, аслида ҳам шундай экан. Мен ва менга ўхшаган минглаб ёшлардан кўра, туманимизга унинг нафи кўпроқ тегаяпти...

Бола эдик. Адашмасам, 4- ёки 5-синфда ўқиб юрган кезларим. “Жомбой тонги” таҳририятига илк қораламаларимни олиб боргандим. Ёзганларим хом эканми, муҳаррир талабчанлик билан таҳрир қилди. Негадир бундан қаттиқ таъсирландим. Кўчага чиқдиму, энди ҳеч қачон шеър ёзмайман, деб қарор қилдим. Дафтаримни ғижимлаб, йўл четига улоқтирдим. Фаррош аёл билан илк бор ўшанда танишганман. У менга қараб қўйди ва ғижимланган қоғозни олдида ахлат қутига солиб, ишини давом эттирди.

Кейинчалик ижод менинг тақдирим эканини тушуниб етдим. Қизиқ, ўша аёл ҳам касбини шунинг учун тарк этолмаса керак. Чиндан ҳам у энг фидойи инсон эди. Бунга кўп йил бўлди. Фаррош аёл ёшроқ, навқиронроқ эди...

Карантин сабаб ўқишдан таътилга чиқдик. Тунов куни дўконга чиқишимга тўғри келди. Ўша аёлга яна дуч келдим. Кексайибди...

Одамлар хасталик юқтириб олмаслик учун яқинларидан ҳам ўзини тортадиган бир пайтда у туманимиз озодалиги учун ҳамон кўчаларни озода тутишга уринаяпти, жаҳл қилиб йўл четига улоқтирилган ахлатларни оғринмай тозалаяпти. Жомбойликман, деган номга мендан кўра, у ҳақлироқ эканини дилдан туйдим.

Бугун тиббиёт ходимларини давр қаҳрамонлари, деяпмиз. Бунда ҳеч қандай муболаға йўқ. Юзлаб шифокору ҳамширалар хасталик юқтириб олган юртдошларимизни даволаш учун жонини хавфга қўйишаётгани рост. Шу билан бир қаторда, ободончилик тизими ходимларини ҳам қаҳрамонлар қаторига қўшсак, арзийди.

...Кеча онам бир гап айтиб қолди. Қўшнимиз эҳтиёжмандлар учун бепул тиббий ниқоб тикиб бераётган экан. Бир қарашда оддий ҳолдек туюлади. Бугун юрт бошига синов тушганда хайрияга бел боғлаган саховатпеша инсонлар шукрки, кўп. Аммо... Ўша қўшнимиз ўзи ногирон. Менга ёрдам беринг, деб кимдандир нажот кутиб ўтиргани йўқ.

Онамнинг айтишича, туман ҳокимлигига мурожаат қилибди. Агар хомашё етказиб беришса, ҳақ олмай ниқоб тикиб беришини айтибди. Негадир бу менга ўзгача таъсир қилди. Кимлардир вазиятдан фойдаланиб, нархни оширишдай пасткашликка қўл ураётган бир пайтда имконияти чекланган аёлнинг фидойилик кўрсатиши ҳаммамизга ибрат эмасми? Давр ўз қаҳрамонларини яратгани шу аслида!

Кўп ўйладим. Хўш, менчи?! Айни пайтда ёшмиз. Бизнинг қўлимиздан келадиган бирдан бир иш – уйда қолиб, дарс тайёрлаш, келажак учун яхши мутахассис бўлиш. Ҳукумат томонидан белгиланган қоидаларга бўйсуниш энг катта қаҳрамонлик.

Аммо кўнглим тўлмади. Қўл қовуштириб тургим келмади. Ҳеч бўлмаса, ҳақиқий фидойилик кўрсатаётган юртдошларим ҳақида нимадир ёзиб, уларга миннатдорлигимни шу йўсинда билдирай дедим. Бу менинг синов пайтида халқим бирдамлигига қўшган ҳиссам бўлсин.

Нилуфар ОМОНОВА,
талаба