Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳақ ошиғи ёхуд чин маънода ШАХС бўлиб ўтган адиб ...
11:03 / 2020-08-15

Ўзбек шеъриятига фидойилик билан хизмат қилган шоир Асқар Маҳкам ҳақида ёзиш бугун ҳам урф эмас.


Ўзбек шеъриятига фидойилик билан хизмат қилган шоир Асқар Маҳкам ҳақида ёзиш бугун ҳам урф эмас. 

Эҳтимол, шеъриятни янгилайман дея интилаётган ука-сингилларимиз Хўжа Ҳофиз ғазали билан тили чиққан, Абдулла Орифни ёд билган, Лоиққа меҳр қўйган, Шавкат Раҳмонга таассуб қилган Асқар Маҳкам шеърларини ўқимаган чиқар. Бордию шундай бўлган тақдирда ҳам улар эмас, биз айбдор. Чунки шеършунослар чин маънода ШАХС бўлиб ўтган адибнинг ўзбек адабиётига қўшган ҳиссасини холис ва ҳаққоний баҳолаганларича йўқ.

Шоир илк китобини “Одам” деб номлайди, аммо тўплам 1988 йилда “Наврўз” бўлиб чиқади. Лекин шоир ўз аҳдидан – азиз ва мукаррам этиб яратилган, аммо Худо измидан қочган ОДАМнинг минг бир қиёфаси, мураккаб руҳий дунёси, юксак ва тубан хаёлларию майллари, ҳақиқатлари ва надоматларини ўрганишдан чекинмади. Достон ва шеърларидаги чуқур фалсафий мушоҳада, мумтоз адабиёт руҳига пайваста ашъорлар, фано ва бақо моҳиятини англашга бўлган кучли иштиёқ ОДАМга қаратилган эди.

Шеър – шоир маънавияти, ботиний оламининг кўзгуси. Шеър – малҳам. Озор топган руҳ, осойишини йўқотган қалб мадори. Ҳақиқий шеърхон – кўнгилчан одам. Кўнгилчанлик эса иймоннинг басаломатлигидан дарак. Ўтган асрнинг охирларида Асқар Маҳкамнинг иқтидору салоҳиятига шоён ҳужжат – “Ҳақ” деган қалингина тўплами нашр этилади. Мумтоз адабиётимизни, диний ва дунёвий илмларни пухта ўзлаштирган ижодкорнинг мавлавиёна руҳ уфуриб турган “Аналҳақ” китоби шеърият шайдоларига муносиб туҳфа бўлди. 

Шеърга сиғмаган дард-изтироблар, абгор ўтмиш манзаралари тасвирланган “Оқ китоб” эса адабий воқелик дея баҳоланди. Тўпламдаги ҳар бир асар алоҳида тадқиққа муносиб. Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимга аталган “Оқ китоб” бадиҳаси қиёматли дўстга қўйилган ҳайкал, дарвешсифат, болафеъл шоир шаънига битилган достон. Тожик халқининг буюк фарзанди Лоиқ Шерали хотирасига бағишланган “Халойиқ! Шоирни тупроққа қўйишмоқда!..” эссесини ўқиб ўйланиб қолдим.

 Бизнинг “эшаги лойдан ўтган” адабий тужжорларимиз кеча устоз дея соясига сажда қилган қайси адиб ҳақида мана шундай асар битди? Кўнгилни кенг қилиб, холис ёзилган тадқиқотлар нечта? Бозорим касод бўлмасин дея “бут”га бош уриб, Ҳақдан сўйлайдиган худпарастларни Каломуллоҳ тузатмаса, бандасининг битигидан кўзи очилиши даргумон. Ҳазрат Навоий сўзи билан айтсак, “Муносиб ўлмади ит чунки ҳамтабақлиққа”.

Елкасига бир чопон ташлаб, бу дунёнинг доридан “Шеър мен учун қисматнинг ўзи эди” дея ўтган Асқар Маҳкам ватанни, худоси бор, аммо эрки йўқ қулларнинг озодлиги-ю бандилигини шеърга солди. Ана шу йўлда у гулу гиёҳдан, тош-тупроқдан ҳикмат ахтарди. Заминда унган ҳар неъмат шоир наздида бир ҳадис эди. Беўй одам учун тийрамоҳда баргларини тўкиб, шир яланғоч бўлиб қолган дарахт – ўтин. 

Аммо шоир назарида “Дарахтлар – заминнинг очиқ жонлари...” (Шавкат Раҳмон) Асқар Маҳкам “Дарахтлар – қўллари ёзиқ гадолар, хазонлар тилида ўқир Машрабдан” дейди. “Бугун Сўзлар Айюбдек хаста” деб билган Асқар Маҳкам Ишқ, Ваҳдат куйи, Карбало, Кофарниҳон, Яҳудо тимсоллари орқали Парвардигорга муҳаббат, болалик соғинчи, меҳрга ташна қалб изтироблари-ю дўст ниқобидаги хиёнаткорлар кирдикорини қаламга олади. Шоирнинг “Мен ўзимни ўзим таниёлмайман // кеча боғбон эдим бугун оғочман...” деган сатрлари дардчил оламининг инъикосидир. 

Абдулла Зуҳурга гарчи алам билан “мену сендек шоирнинг қадри йўқдир кепак қадрича” деса ҳам, кўнглининг туб-тубида “хўтик ва болалар тирик бўлса бизлар ўлмаймиз” деган умид милтиллаб туради. Нон ўрнига нуқул ғам еган, қотилдан баттар шогирдлар орттирган шоир қалами шўх-шан байтларга ихтисослашмаган эди. Ўзи айтмоқчи, “меҳр нелигин тушида кўрди // Бир кампир бувиси ўлгандан кейин...”

Таниқли шоир ва таржимон Одил Икром “Асқарали ака бағрикенг эди. Одатда, талантли инсонларнинг аксариятига хос бу хислат. Ким нима сўраса, сўзбошими, тақризми, тавсияномами... Ёзиб бераверарди. Унинг бағрикенглик билан ёзиб берган фикрларини дастак қилиб, ўзини етук ижодкор ҳисоблаб юрганлар, унинг қалами тиғидан сачраган кукунлар билан обрў, эътибор, мақом топганлар орасида “эшаги лойдан ўтгандан” сўнг меҳр-оқибатни унутганлари ҳам кўп”, деб куйинади.

Асқар Маҳкам юрт озодлиги, ватан мустақиллигини саналар муносабати билангина қаламга олган эмас. У таъмагиру яллачи қаламкашлардан фарқли ўлароқ, бу мавзуларни ички бир дард, сўнгсиз қайғу деб билди. “Ватаннинг қайтиши” шеъридаги қуйидаги сатрлар фикримизга мисол бўла олади:

“Таҳоратсиз “уламо”ларнинг

ғоят силлиқ юзларин йиртиб

этакларин кўтариб ташлаб

шармандалар маъракасидан

қочиб чиққан Машраб сингари

қайтиб келди Ватанга Ватан...”

“Дунёда жуда кўп халқлар мустамлака асоратини бошдан кечирганлар, аммо ҳеч бир халқ шўролардек мустабид тузум ваҳшатини яшаган эмас. Инсоният тарихида биринчи бўлиб Яратган Холиқни расман инкор қилган тузум ҳам шу эди” деб ёзади “Сўнгги дарвеш” асари муқаддимасида. “Сўзни Қуръон билган шоирлар”га эътимоди юксак шоирнинг ватан озодлигига бағишланган бир шеърини тўлиғича келтирамиз:

“Тўнтарилиб ётар

ёввош адирлар

қамишзорлар тарар соқолларини

похолда иситар чайир кампирлар

латтага чирмалган даҳоларини...

Ой менгзар тупроқда ётган кучукка

булут соясидек оғир аёллар...

Суқротдек тикилар ҳатто ўликка

эшакдан бир умр тушмаган чоллар...

Минг савдо ўрлайди қизғиш бошида

иймони саломат

шундан кўнгли тўқ...

Ва ҳар бир мозорнинг битиктошида

гапиргандек бўлар Билга, Тўнюқуқ...

Чиллахонасидан чиқмас обидлар

шамоллар емайди чироқларини.

Энди кесолмайди қассоб зобитлар

азонга ўрганган қулоқларини...

Энди хор қилмайди ҳеч ким қизларни

улар-да ўзларин залил қилмаслар...

Энди Туркистонда ювуқсизларни

ҳалол дарёларда чўмилтирмаслар...”

“Ҳуррият” шеърида эса:

“Забурдек залворли,

Тавротдек таборак

Инжилдек оҳорли

Қуръондек муборак – Ҳуррият...” деб ёзди.

Асқар Маҳкам “Одам – тўрт унсурнинг хом ҳосиласи” орқали Ватан сувратини чизади. Юртнинг ғорат этилиши, барбод бўлган Миллий озодлик ҳаракати “Ҳисор бегининг сўнгги туни”, “Очиқ гўрлар”, “Лақай қўшиғи”, “Кўктош томонларда...” каби манзума-марсияларда акс этди. 

Миллат пешволари, юрт ҳимоячиларига бўлган беадоқ муҳаббати публицистикасида ҳам етакчи мавзу бўлди. Асқар ака қазосидан бир йилча бурун ёзган “Дукчи эшон, Муҳаммад Юсуф ва Хизробод ариғи” мақоласида бир тарихчининг шўро мафкураси мезонлари асосида ёзилган “Дукчи эшон воқеаси” китобидаги қўпол ғоявий-сиёсий хатоларни очиб ташлайди: “Қаллоб одам халойиқни исёнга бошлай олмайди ва ўзи ҳам қоматини тик тутиб дор остига боролмайди. Қаллоб эл ўртасида бу қадар эътиқод ва муҳаббатга сазовор бўлолмайди. Қаллоб элнинг улуғларин ватан учун курашга даъват этмаган, бу даъватлардан қўрқиб, фақат қорнини қаппайтиришни ўйлаган элбошилар аслида қаллоб”.

Дукчи эшон тарихини ўрганишга жаҳд қилган Асқар Маҳкамнинг саъи ҳаракати қизиққон андижонликларнинг ватанпарварлигидан кам эмас эди. Таниқли бир публицистнинг “Сиз билган Дукчи эшон” китобига тўхталган шоир “тарихий ҳужжатлар асосида ёзилган” рисолада “буюк исёнчининг шахсияти ҳақида деярли лом-мим дейилмаган”идан ажабланади: “Умуман, тарихий далиллар билан ишловчи олимлар ўзлари билмаган ҳолда энг порлоқ сиймонинг ҳам юзига гард юқтириши мумкин. Бу тарихий-маънавий жиҳатдан жуда катта оқибатларга олиб келади”.

Адибнинг ҳасрат-аламлари мингтепалик халифа – Дукчи эшоннинг истилочиларга қарши курашига бағишланган “Дор” тарихий романида яққол кўринган. Тугалланмай қолган мазкур романда нафақат Туркистон халқлари, балки бутун мусулмон дунёсининг ХIХ асрдаги хорлик ва зорликда кечган турмуши кўрсатилган. Ҳиндистон, Туркия, Кашмир, Макка, Мадина, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз каби мамлакату кентларни қадам-бақадам кезган Муҳаммадали сиймосида миллий тафаккурнинг уйғониши тасвирланган. 

Муҳаммадалининг Кўксарой устига қўнган қўш каллали бургутни туш кўриш воқеаси Соҳибқирондан мерос салтанатнинг батамом инқирозидан дарак эди. Шундай ҳам бўлди. Истилочиларнинг “Империя аввал жасадлар устига қурилади, ундан кейин кўшклар солинади. Кўшклар қолади, жасадлар унутилади”, деган шиори ҳаётий ҳақиқатга айланди.

Нафсиламрини айтганда, “Дор” – бу орзу-интилишлари, уруғ-насллари сиртмоққа тортилган, кўкайи кесилган халқ фарёди. “Дор” – бу ҳуррият истаганларнинг, дин-диёнат, ор-номус ҳимоячиларининг сўнгги манзили. “Дор” – бу пешволарининг пешонасига оёқ тираган халқнинг пароканда турмуши. Романни ўқиган одам халқ дарди, миллат қайғусига эш асар ҳеч қачон унутилмайди, деган хулосага келиши табиий.

Яқин тарихдан биламизки, истиқлол эълон қилингандан бир йил ўтиб-ўтмай матбуотда крилл ёзувини ислоҳ қилиш ёки араб, ё лотин алифбосига ўтиш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирила бошлади. Асқар Маҳкам миллат учун ҳаёт-мамот масаласи бўлмиш баҳс-мунозараларда фаол иштирок этади. “Шарқ юлдузи” журналида “Кодекс команикус” ёки итнинг кейинги оёқлари...” мақоласи билан чиқиб, “Навоий, Машраб, Нодира, Хоразмий нашрларидаги юзлаб хатолар маъни аҳлларини хуноб қилиб келмоқда. Ҳолбуки, бу тўпламларни классик адабиёт билимдонлари, филология фанлари номзодлари тайёрлашган эди. Навоийнинг “Мукаммал асарлар тўплами”да хатолар кўплиги оғизларда афсона бўлиб юрибди. Бу нимадан келиб чиққан? Фақатгина араб алифбосининг ўқилишдаги қийинчиликдан келиб чиққан...” деган ғайри илмий, ғайри адабий қарашларни рад этади: “Йўқ, муҳтарам Миразиз ака, бу фақат ва фақат ўша сиз айтган “классик адабиёт билимдонлари, филология фанлари номзодлари”нинг чаласаводлиги, чаламуллалигидан келиб чиққан. Худога шукрки, сиз бу даъволарни Алишер Навоий ва бошқа пирларимизнинг табаррук битикларини нашрга тайёрлаган ва бугунги кунда номлари ақалли кўнгил учун эсга олинмайдиган бетакрор тил билимдонлари Порсо Шамсиев ва Ҳамид Сулаймон (Оллоҳ улардан рози бўлсин) каби алломаларга қила олмайсиз. Шундай эмасми?”

Таассуфки, тарих ғилдираги салкам бир минг икки юз йил бурун очилган йўлдан кетмади. Ўта ноёб илмий манбалар ва мумтоз адабиётни ўрганиш яна бир ҳовуч қўли калта олиму мутахассисларга қолди. Энди улар орасида араб, форс тилларини мукаммал биладиган, Қуръони карим ва ҳадисларни теран англайдиганлар неча фоиз, деган саволга жавоб берадиган мард керак.

“АВЕСТО”ДАН ТАБРИЗИЙГА

Асқар Маҳкам эстетик дунёсини унинг таржималари ҳам баралла кўрсатиб турибди. Шоир мутаржим сифатида “Авесто”ни ўзбекчага ағдарди. Шамс Табризий, Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Амир Саййид Али Ҳамадоний, Лойиқдан таржималар қилди. “Авесто”дан дастлабки парча 1991 йилда “Санъат” журналида босилиб чиқади. “Гулистон” журнали 1999 йил 1-сондан “А.Сомеъ” тахаллуси билан “Авесто” таржимасини чоп этишни бошлади. Чунки журнал бир йўла шоирнинг иккинчи таржимаси – “Маснавий”ни ҳам бериб бораётган эди.

2001 йилда 53 босма табоқдан иборат тарихий-адабий ёдгорлик – “Авесто” ўзбек тилида китоб бўлиб чиқди. Юбилей баҳона таржимон Асқар Маҳкам билан телевидение орқали мулоқот уюштирдик. Бунга сабаб, ўша пайтда, бу уч минг йиллик ёдгорликни инкор этувчилар, диний ҳаётимизга рахна солади, дегувчилар унда-бунда учраб турарди. Ҳожи Асқар Маҳкам кўрсатувда тарихий, фалсафий, маънавий, тиббий жиҳатдан улкан аҳамиятга эга бўлган бу асарнинг ҳеч кимга оғири тушмаслигини, илм сифатида ўрганишнинг ҳеч бир ёмон жойи йўқлигини қатъий уқтирган эди (Кейинчалик Асқар Маҳкам иштирокида турли маърифий-адабий мавзуларда кўрсатувлар тайёрладик. Бу мулоқотларимиз раҳматли шоирнинг собиқ ҳамфикрлари – “ҳузури муборак”даги арбобларга ёқмади. Кўп таъна-дашномлар ёғилиб, шоир номи “қора рўйхат”га тиркаб қўйилди).

Асқар Маҳкам “Маънавий маснавий”нинг биринчи жилдини, Шамс Табризийнинг “Буюк Девон”идан ўнлаб шеърларни завқ-шавқ билан ўзбекчага ўгирди. Шоир гўёки солик, шеърият – ўзига хос сулук эди. Мутаржимликнинг қора ишини ишқ қийноқлари деб қабул қилди. Машаққатли меҳнат азбаройи ишқ туфайли маънавий лаззат, руҳий фароғатга айланди. Иш ишқ ила зийнатланмаганида Мавлоно Румий оламини англашга шоирнинг ҳадди сиғармиди?! Шоирда ишқ бўлмаганда Шамс Табризий ғазаллари ўзбекча жаранглармиди?!

Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг “Назм гулистонининг хушнағма қушлари зикрида” бобида Румийни шундай таърифлайди: “Яна қойили “Маснавийи маънавий”, ғаввоси баҳри яқин Мавлоно Жалолуддин, яъни Мавлавий Румийдурки, мақсадлари назмдин асрори илоҳий адоси ва маърифати номутаноҳий имлосидин ўзга йўқтур”.

Улуғ бобомиз Румийни ҳақиқат асрорини ўрганувчи, яъни Оллоҳни таниганлар денгизининг ғаввоси дейди. Мен Жалолиддин Румий ва Шамсиддин Табризий номларини илк бор мактабда ўқиб юрган чоғимда Радий Фиш асари орқали таниганман. То ҳануз бу романни яхши кўриб мутолаа қиламан. Жаҳолат, босқин ва қувғинларни кўп кўрган, аммо падари бузруквори, Ҳақни таниган воиз, уламо ва сўфий Баҳовуддин Валад, устози Бурҳониддин Термизийдан сабоқ олиб, ботиний билимларга ғарқ бўлган Жалолиддинни Аллоҳ Шамсиддин Табризийга рўбарў этади. 

Шамс Табризий чин маънода қуёш бўлиб, Жалолиддинга ҳали ноаён дунёларни кўрсатади, илоҳий ирфон ва маърифатдан сабоқ беради. Буюк мутасаввуф Жалолиддинга Қуръони каримнинг “Исро” сурасидаги “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” деган оят мазмунига таяниб, олам ва одам, Ҳақ амри ва Комил Инсон моҳиятидан сўзлайди. “Шамсиддин Жалолиддинда яшириниб ётган, унинг ўзи ҳам бехабар бўлган кучларни очиб берди”, деб ёзган эди Радий Фиш. Икки дўст шу даражада қалбан ва руҳан яқин эдики, Жалолиддин Румий айтмоқчи: “Камина – ул демак, ул эса – мен”.

“Икки оламнинг ялакат гавҳари” бўлган бу зотлар ҳақидаги ҳикояни бежиз эсламадик. Асқар Маҳкамнинг “Табриз дафтаридан” туркумини ўқиган чиқарсиз. “Нақшбанднинг чориғи билан кездим Табриз кўчаларини” деган шоир “Бу дунёда менда ҳам бир Шамсиддиндек улфат йўқ” дея мутаассир бўлади. Профессор Нажмиддин Комилов таъбири билан айтганда, “сўфиёна шеърлар ёзиб юрган, қалбида Румий ғоялари жўш урган одам” Мавлавийга муҳибгина бўлиб қолмасдан, буюк хазинага элтувчи йўлни ўзбек ўқувчисига ҳам кўрсатишни мақсад қилиб қўйди.

Бетимсол дурдонани ўзбекчалаштириш шоир ижодида катта бурилиш ясайди. Қуръон ва ҳадис шарҳига асосланган, ҳикояту ривоятлар, рамз ва тимсоллар тили билан ифодаланган “Маънавий Маснавий”, шубҳасиз, мутаржимни моҳият ва ҳол оламига олиб киради.

Асқар Маҳкам, шунингдек, Шамс Табризийнинг юз ғазалини таржима қилиб, бу муҳтарам зотнинг беқиёс шоир эканига далил келтирди. “Ўқитувчи” нашриёти томонидан 2006 йилда чоп этилган тўплам ўзбек ғазалхонини Шамс Табризий ижод оламига ошифта этди. Тўплам шундай тузилганки, мумтоз адабиёт муҳиблари аввал ғазални аслиятда – настаълиқда ўқийди, кейин ўзбекчасини. Ғазаллар шу тариқа байтма-байт ўгирилган. Форсий ва настаълиққа тиши ўтадиганлар аслият ва табдилни солиштириб, мутаржим маҳоратига баҳо бериши мумкин.

Шамс Табризийнинг орифона, ошиқона ғазаллари асосан ўн икки, ўн беш, ўн етти байтдан иборат. Қалби илоҳий сирлар ила тўлиб тошган, бу дунёнинг ҳақиқати Аллоҳни таниш ва унинг васлига етишиш деб билган шоир муножотини ўгириш, ғазал руҳи, ундаги завқ-шавқ, шиддат ва ҳузунни сақлаб қолиш ҳазилакам иш эмас, унча-мунча таржимоннинг ҳадди сиғмайди. Бунинг учун салобатли сиймога сўнгсиз севгидан ташқари, чўнг бир ҳамдардлик ҳам зарур. Дарддошлик – бу дилдошлик демак.

“Ошиқларим, ошиқларим, мен қайдаю Ишқ қайдадир?

Бедилларим, бедилларим, мен қайдаю Ишқ қайдадир? матлали тўққиз байтли ғазалдаги мусиқийлик ўқувчини маҳлиё этади. Ошиқона байтлар залвори тафаккур чархи, қолаверса, фикр фикрга доя эканига далолат.

“Куфр қаро тортди, кўр, нури Муҳаммад келур,

Қоқди бақо таблини, мулки мухаллад келур.

Сабза ўлибдир замин, жандасини йиртди кўк,

Ой ёрилиб қайтадан, руҳи мужаррад келур”.

Мазкур ўн саккиз байтли ғазалга Қуръон оятлари мазмуни, Қодири мутлақ бу оламни Муҳаммад нури ила бунёд этгани, банда нафсни енгсагина ўзликни англаши мумкинлиги ҳақидаги ҳақиқатлар сингдирилган. Ғазалдаги ёлғиз руҳ, етти мужаллад, кишанбанд нафс, насри муайяд, абадий умр каби истилоҳлар тагмаъносини шариат, тариқат ва албатта тасаввуфдан бохабар одамгина англаши мумкин. Биз сингари омилар Шарқ тафаккури намунаси бўлган бу ганжина бемисл адабий хазинамизни бойитди, дейишдан нари ўтолмаймиз.

“УМР КЕЧДИ ХОБУ ХУЛЁДА...”

Асқар Маҳкамнинг ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллар охирларида ёзган шеърлари оҳанг ва мазмун жиҳатдан ҳаётдан тўйган инсоннинг фарёдларидек таассурот қолдиради. Аслида, ундай эмас. Шоир ўткинчи дунёнинг ҳою ҳаваслари, мол-дунё ва маишат, данғиллаган сарой ва кўшклар, шаҳват, алдов, хиёнатнинг оти ҳаёт бўлса, “тупурдим мен унинг бетига” дейди. Инсонни ва инсоний турмушни тўкис кўриш Асқар Маҳкамнинг ҳам матлаби эди. Унинг ватан мавзусидаги шеърлари таъма ва илинждан ўн тош нари. Нафс итига эргашмасдан, тоза кўнгил ва чин эътиқод билан битилган шеър – ҳақиқий шеър. 

Шоир юртдаги нораволикларни ўзининг дардидай ҳис этади. Бир узви озор чеккан каби қарайди она юрт оғриқларига. “Икки кўзим Жайҳун эди халқнинг ўлик армонидан” дея ёзган эди Лоиқ. Биз кўпинча ватанга дахлдорлик деган тушунчага мисол излаймиз. Асқар Маҳкам шеърлари озурда дилнинг ҳазин ноласига ўхшайди. Шоир шайтон қутқусига учган мусулмоннинг биродари моли ва жонига қасд қилганини, бир халқ болалари бўлакларга бўлиниб, бир кунда қотилга айланиши мумкинлигини ўз кўзи билан кўрди. Мисраларга сингган ҳасрат, умид ва ишонч қаршисидаги қайғу, гуноҳкор банданинг тавба-тазарруси шеърхон руҳини чирмаб олиши эҳтимол шундандир. Шоир ботини кўчган сатрларда олис-яқин ўтмиш, ҳақ ва ҳақиқат йўлидан оғишган халқнинг абгор ҳаёти, ўз-ўзини маҳв этган қавм қисматига оид жавобсиз саволлар бўй кўрсатиб турибди.

“Бугун яна ёлғизлигим дарёларга айтаман,

Айтавериб шамолларни йиғлатаман бугун мен.

Бугун ўтган кунларимнинг мозоридан қайтаман,

Юрагимни авраб-алдаб ухлатаман бугун мен” деган сатрларни шу маънода тушунмоқ лозим. Шоирнинг лирик қаҳрамони мудом ўзини, ўзлигини излайди. Шу боисдан унинг назари савол, саволи изтироб бўлиб кўринади. Шоир Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим таъкидлаганидек, “Асқар Маҳкам яратган асарлар бу биз кўниккан шеърият эмас. Бу шеъриятни махсус лисоний, руҳий-маърифий тайёргарликсиз ўқиб, ўрганиб бўлмайди. У ёзар экан, авомни эмас, бадиият мактабини ўтаган хослар ва хослар муҳитини назарда тутиб ёзади”.

Табиатан оғир-босиқ шоирнинг нигоҳлари маъюс, кўзлари ўйчан боқарди. Асқар Маҳкам – мунгли шоир. Унинг мунг-ҳасратлари ўз дарди эмас. Бу – меҳр-шафқат, садоқат ва оқибат излаган озурда қалб нидоси. Шоир ижодиин кузатиб, тийиқсиз жунун мисралар қатига сингиб кетганини кўриш мумкин. Кескин ва кескир сатрлар изтироб ичида яшаган қалб суврати.

Ривоятларга кўра, руку ва саждага борган банданинг гуноҳлари бошига кўчар экан. Саждага борган бошларни Ўзи ёрлақасин!

Асқар Маҳкам Ҳаққа ошиқ бўлиб ўтди. Ҳаққа талабгорлик унинг ҳаёт йўли, эътиқодининг ўқ илдизи эди. Ҳақиқат излаган мусофирнинг манзили ҳамиша йироқ, тўрваси қуроқ бўлади. Аммо, дилидаги некбин, хуш нияти туфайли олис манзиллар машаққати писанд эмас. Абдулла Орипов ёзганидек, “Ҳақ деганнинг умри ҳам ҳақ каби узун, илло”. Бу қаноат ёлғончидаги мушкулларни осон, йўлларни равон қилади.

Қадим Шошга шоир бўламан деб келган мардумнинг бошида қандай машаққат бўлса, Асқар Маҳкам ҳам бундан бенасиб қолмаган. “Адабиёт ибодати” эссесини ўқиган одам барча мушкулотлар шоирнинг суяк-суягига ўтиб кетганини ҳис этади. Эссени шеър, Шавкат Раҳмон ҳақидаги энг гўзал ва рост тадқиқот дегим келади. Асқар ака улуғ шоир қисмати баҳона ҳар бир мусофирнинг тақдиридан сўйлагандек таассурот қолдиради. “Тошкентга янги келган кезларимиз. Шеърдан бўлак дардимиз йўқ. Қишлоқда қолиб кетган бола-чақа, эшик-элик, мол-ҳол, азизлар, эл-уруғ – тақдирга ҳавола қилинган. Улар нима билан яшаб, қандай кун кўраётганини Худонинг ўзи билади...” деб ёзади.

Шоир ҳижратида Аллоҳга таваккал, берилган неъматларга шукронаю қаноат ҳисси бор. Биру борга таваккал қилган банда гарчи “важҳу маош” – тирикчилик йўлида не кўйларга тушса ҳам, ўзи каби ожиз махлуққа ялтоқланмайди. Унинг “Мен”и, ботиний сарбаландлик “пахтакор”ликка изн бермайди асло. Авомнинг назарида, одам боласи бир юртдан бир юртга фақат мол-давлат, тижорат ёки саёҳат важидан йўл тортади. Ота-боболаримиз қадимда илм истаб Шому Ироққа борган десангиз, елка қисиб қўйишлари тайин. Замонавий автоуловда салкам бир кунлик йўлдан Тошкентга шеър излаб келиш эса уларнинг тасаввурига сиғмайдиган тушунча.

Ҳақрост, Асқар акани Тошкентга тортган оҳанрабо шеър ишқи бўлди. Кофарниҳонлик ижодкор қалбидаги оташ мутафаккир шоирнинг “Шеър излайман бу кун Тошкент кўчаларида” деган сатрига ҳамоҳанг. Бу мисра мағзини Асқар Маҳкам теран англаганига шубҳа қилмаймиз. Вужуд истагини Кофарниҳон қондиришига шак йўқ, аммо руҳ истаги Қадим Шош эди. Бўларини айтганда, ХV аср адабий муҳитида Ҳирот қанчалар муҳим ўрин тутса, ХХ аср ўзбек ўзбек адабиётини Тошкентсиз тасаввур этиш душвор.

Тақдир Асқар Маҳкамни шеър, сўз каби вафодор дўстлардан аввал адабий даллолларга дуч қилди. Ҳазрат Навоий айтган “бир аёқ ош учун қул” бўлган каслар “Хамса” битилган замонларда қолиб кетган деб ўйлайсизми?! Нашриёту таҳририятлардаги мутакаббирлар “Поездга осилиб келганларга йўл йўқ!” дер экан, ўзбек адабиётини тақдир тақозоси билан бошқа ҳудудларга сочилиб кетган қондошлар ҳам яратиши мумкинлигини сира тан олишмас, ижодкорнинг қаерда туғилганига қараб рўйхат тузиладиган бўлса, сўнгги юзйилликдаги ўнлаб адибларимиз “хорижий” бўп кетишини ўйлаб ҳам кўришмас эди.

“Мен дуч келган шоирларнинг тўқсон фоизи шеърни шон-шуҳрат важҳи деб билишарди” дея хотирлайди кейинчалик шоир.

КОФАРНИҲОН, КОФАРНИҲОН, БАҒРИНГДА НЕЛАР ПИНҲОН?!

Болалик тонглари, осмонлари ва осмондай орзулари инсонга бир умрлик ҳамроҳ. Бу беғараз йўлдош тор ва кенг кунларда ўнг елкадаги фаришта мисол тиловчи бўлиб туради. Асқар Маҳкамнинг болалик хотиралари Кофарниҳон дарёси ва, албатта, бувиси Нигорбиби сиймоси билан тугал. “Отам Абдураҳмон (Оллоҳ раҳмат қилсин) фожиали ҳалок бўлганда акам етти яшар, опам беш яшар, мен уч яшар, укам бир яшар эдик... – дея хотирлайди шоир “Аналҳақ” китоби муқаддимасида. – Онамиз турмушга чиқиб кетгач, кампир бувимиз бизни ўгай ота қўлига бермаган. “Ўзим катта қиламан...” деган қайсар ва қаттиқжон кампир. 

Кейинчалик, бир этак нонхўрни бир кампир эплолмаса кераг-ов, деб етимхоналар эшигини кўрсатган кимсаларни ҳам бу “маччойи хотин” умрининг сўнгги дамларигача кечирмади. Меҳнат ва ибодатдан бўлак ҳеч нарсани билмаган кампир бувим Худойи таолонинг бизга кўрсатган марҳамати эди. Мен етимлик, жудолик, оғир машаққатлар ёшига қорилган бу марҳамати учун Оллоҳга ҳамдлар айтаман”.

Шоир дийдор гадоси бўлган бувисининг бир тола сочига қирқ йил ташбеҳ ахтарса-да, ҳеч нарса ёзолмаганидан афсус чекади. Отадан эрта айрилган Асқар она бўлиб меҳр берган мушфиқ кампир туфайли ҳаётни таниди, Кофарниҳон тимсолида дунёни англади. Туркий халқлар фольклори, достон ва эртакларида дарё қандай улуғланган бўлса, Асқар Маҳкам шеъриятида у янгича мазмун ва моҳият касб этди. Шоирнинг Кофарниҳон мадҳига бағишланган шеърларини ўқисам, билмайман негадир, “Алпомиш” достонида Ҳакимбекнинг Оқсув дарёси билан сўйлашгани эсимга келади. Бойсун Усмон Азимни

“Юрак билан кўксинг безадим,

Эслаб тургин олис сафарда” дея кузатгани каби, сир-синоатли Кофарниҳон ҳам ўзидек шиддатли шоир боласини Аллоҳга омонат этган эди.

Кофарниҳон ҳақида ёзаяпману, ўн тўрт-ўн беш яшарлигимда Душанбе, Ваҳдат (собиқ Оржоникидзеобод), Обигармга қилинган саёҳатларнинг бирида отамнинг яшил “Нива”сида дарё бўйига тушиб борганимиз, саратонда ҳам суякларни зириллатиб юборадиган муздай совуқ сувда юзимни чайганим, қирғоқдаги бир харсангга ўтирганча, шарқираб оқаётган Кофарниҳонни қўрқа-қўрқа томоша қилганим ёдимга тушди.

Болаликни қўмсаган, нуқул унга қайтишни орзу қилиб ўтган шоир бувиси ва Кофарниҳонни шеър қилиб таскин топган. “Ҳақ” китобидаги аксар шеърлар Нигорбиби ҳақида. “Кулранг сочин ўрамларини пахта пилик боғлаган” аёл бор-йўғини шоир неварасига бахшида этади. Асқар ака “Насиба” шеърида

“Мен биламан, нимадир Ватан,

Ватан!..

Менинг танам бағрида яшаётир бир кампир –

Дардманд бу дунёнинг тирик дардидай” деб ёзгани бежиз эмас.

“Менинг буюк шеърим – пешонанг!” дея музтар бўлган шоир

“Бир бор ёлғон сўзлай умримда,

Мен яшадим сенинг қадрингни.

Кел, қуритай ойнинг нурида

Мол булғаган кўйлакларингни” дейди.

Нигорбиби шеър ишқида шаҳарлик бўлиб олган неварасига мактублар битади. Ўшандай хатларнинг бирида

“Шеърларингни эшитмай бир қур,

Биби кампир оламдан ўтди...” деб ёзади. Шундай номалар таъсири бўлса керак, Асқар ака

“Кампирлар кам қолди энди дунёда,

Имонли нигоҳлар камайиб қолди.

Кимсасиз бир мозор бекас саҳрода,

Уларнинг оятин ёдимга солди...” дея мутаассир бўлади.

Нигорбиби Пушкинни тарбиялаган оқила Арина Родионовнани ёки бўлмаса, Шукур Холмирзаевга онадан ҳам меҳрибон Рухсат момони ёдга солади.

Болаликка атаб ёзилган туркум шеърлар орқали шоир таржимаи ҳолини ёзиб чиқиш мумкин. “Бувим, мен, болалик ва итимиз ҳақида” шеърида

“Кир тўшакка бекдек ағанаб,

оғир тунни,

кечирдик оғир.

Итим эса

тумшуғим ялаб,

ўпишмоқни

ўргатди охир” деб ёзади

“Соғинч” шеъри ҳам автобиографик характерга эга.

“Ноябрнинг намчил бодлари

Йўргагимни елпиб қуритди” дейди шоир.

Асқар Маҳкам ҳаётининг мазмуни Кофарниҳон эди, десак чин айтган бўламиз. Шоир зоҳиран Тошкентнинг Дўмбирободида эса-да, қалбан ва руҳан Кофарниҳон бўйларида яшарди:

Олислардан Кофарниҳоннинг

нолишлари энди келмайди..

Энди ҳеч ким бир шоир бола

бу йўллардан ўтган демайди...”.

“Менинг Кофарниҳоним. Етимлик ёшларини ютган, илк изтиробларимни оқизиб кетган, руҳимни кўтарган, яшашга, курашга ўргатган дарё” деб ёзади шоир хотираларида. Асқар Маҳкам бўзлаб куйлаган Кофарниҳон ватан, соғинч, меҳру оқибат рамзи эди. Дунёдаги жамики самимий ва қадрдон туйғулар дарё тимсолида кўринарди. Кофарниҳондан айро тушиш ватан, болалик ва бувидан айрилиш билан баробар эди. Фарзандига бағишлаб ёзилган қуйидаги тўртлик ана шундан далолат:

“Кофраниҳон бўйидан келдим,

Сўрамади ҳеч кимса – “Кимсан?..”

Мен-ку номсиз бир шоир эдим,

Унутмагин сен – Ҳумоюнсан!..”

Асқар Маҳкамни мутолаа қилган одамда ватанпарварлик ва халқпарварлик туйғулари жўшиб кетишига шубҳа қилмайман. Чунки шоир юртни аввало дўст деб билди. Кофарниҳонни болаликдаги энг гўзал дўстим дейди. Шоир кейин бундай гўзал дўст тополмайди.

“Кофарниҳон каби йилларим ўтди,

Ўтган кунларимнинг тирик руҳиман.

Қисмат пешонамга қиссалар битди,

Мен шул қисматимнинг қиссагўйиман”.

Олим ТОШБОЕВ,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Манба: “XXI аср” газетаси