Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолининг уй-жой билан таъминлаш масаласидаги мурожаатлар 1,7 бараварга камайди. Нега?
19:39 / 2020-02-05

2019 йилнинг ўзида уйма-уй юрилиб, 6 миллион 100 мингдан ортиқ хонадонда яшовчи аҳоли билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилди.


Ўзбекистон Республикасида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” Давлат дастурларининг бажарилиши, ҳудудлардаги долзарб муаммоларнинг ечими ҳамда ёшлар сиёсатини амалга ошириш тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худайбергенов депутатларга ушбу дастурларнинг амалиётга татбиқ этилиши хусусида атрофлича маълумот берди.

Ўтган вақт мобайнида Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 3,5 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 60 фоиздан зиёди қаноатлантирилган. 2019 йилда келиб тушган 1 миллион 72 мингдан зиёд мурожаатдан 625 мингдан ортиғи амалда ҳал қилинган.

2019 йилнинг ўзида уйма-уй юрилиб, 6 миллион 100 мингдан ортиқ хонадонда яшовчи аҳоли билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилди. 984 мингдан зиёд масала жойида ҳал этилди.

55 мингдан зиёд оммавий қабул ташкил қилинди. Уларда 453 минг 100 дан зиёд мурожаатчи турли соҳага оид 466 мингдан ортиқ масалани кўтарди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жами мурожаатнинг 189 минг 530 дан зиёди жойида ҳал этилди. 184 минг 755 дан ортиқ мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳат берилган бўлса, 91 минг 710 дан кўпроқ мурожаат назоратга олинди.

2018 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига асосан қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, натижада 416 та қишлоқ янгича қиёфага эга бўлди. 2019 йилда мазкур дастурлар доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бунга 6,1 триллион сўм ёки 2018 йилга нисбатан 1,5 триллион сўм кўп маблағ сарфланди.

2018 йилда Жиззах вилояти Дўстлик туманининг Манас қишлоғи, Мирзачўл тумани маркази, Қўнғирот туманининг Қорақалпоғистон овули, Навоий шаҳридан 110 километр, Нурота тумани марказидан 38 километр масофада жойлашган Чуя қишлоғи, Навоий шаҳридан қарийб 400 километр, Томди тумани марказидан 140 километр масофада жойлашган Ўтемурат қишлоғи, Навоий вилояти марказидан 355 километр нарида жойлашган Учқудуқ туманининг Қулқудуқ овули, Самарқанд вилояти Нуробод туманининг Жом қишлоғи, Андижон шаҳрининг Мустақиллик, Урганч шаҳрининг Ашхобод, Когон шаҳрининг Бунёдкор маҳаллалари қиёфаси тубдан ўзгарди.

2019 йилда Жиззах, Наманган, Тошкент вилоятларининг барча туман марказлари, Сурхондарёнинг Шарғун шаҳарчаси, Бухоронинг Қоракўл тумани маркази, Фарғонанинг Сўх тумани маркази, Қашқадарёнинг Толлимаржон шаҳарчаси ва Андижоннинг Боғишамол даҳаси ҳам худди шундай ободликка юз тутди.

Аҳоли мурожаатлари асосида йўлга қўйилган яна бир механизм туфайли шу пайтгача 8 минг 840 нафардан зиёд уй-жойсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бор шахслар, Меҳрибонлик уйлари битирувчилари, оғир аҳволдаги хотин-қизлар имтиёзли кредит ёки доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида уй-жой, доимий иш ўрни билан таъминланди. Мана шундай амалий саъй-ҳаракатлар туфайли Президент Виртуал қабулхонасига уй-жой билан таъминлаш масаласидаги мурожаатлар 1,7 бараварга камайган.

Тақдимотда бу борадаги қилинаётган кенг кўламли ишлар, улар бераётган самара, келгусидаги режалар ҳақида парламент аъзоларига кўргазмали воситалар орқали батафсил маълумотлар берилди. Депутатлар мазкур тақдимот парламент аъзоларининг келажакдаги ишларига катта ёрдам бўлиб, қонун ижодкорлиги, парламент назорати институтларидан самарали фойдаланилишида муҳим амалий хизмат қилишини қайд этди.