Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш – устувор вазифа
18:05 / 2017-02-22

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш, фаровонлигини ошириш, уларни замонавий уй-жойлар билан таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналиши этиб белгиланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш, фаровонлигини ошириш, уларни замонавий уй-жойлар билан таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналиши этиб белгиланган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этиш борасидаги ишлар кўлами кенгаймоқда.

Иқтисодиёт вазирлигида ташкил этилган анжуманда шулар хусусида сўз борди.

– Кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, қишлоқда муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини, ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди Иқтисодиёт вазирлиги бўлим бошлиғи Ғ.Жамолов. – 2009-2016 йилларда қишлоқ жойларда 1 минг 308 турар жой массивида умумий майдони 9 миллион 573 минг квадрат метр бўлган 69 минг 557 уй-жой қурилди. Қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур қарор ижроси қишлоқ аҳолисининг кенг қатламлари учун замонавий ва шинам уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан оширишга, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга ва қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Дастурда қишлоқ жойларда нарх параметрлари ва шинамлилигига кўра якка тартибдаги уй-жойлар намуналарининг учта энг арзон турларини қўшимча равишда барпо этиш назарда тутилган.

Агар 2009 йилда қабул қилинган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш дастурига кўра уй қурувчининг дастлабки бадали 25 фоизни ташкил этган бўлса, янги дастур бўйича ушбу бадал биринчи ва иккинчи турдаги уйларни қурувчилар учун 15 фоиздан иборат бўлади. Бу арзон уйлар дастури қишлоқ аҳолисининг кенг қатламини жалб этишда муҳим омил бўлади.

Дастурда 2017 йилда 15 мингта янги уй ва квартира, жумладан, 4 минг 608 биринчи турдаги, 3 минг 739 иккинчи турдаги, 3 минг 672 учинчи турдаги уйни ҳамда 0,06 гектар майдонли 3, 4 ва 5 хонали 2 минг 981 та бир қаватли уй қуриш назарда тутилган.

Тадбир давомида давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам сўз юритилди.

Мазкур қарордан мақсад – шаҳарда яшаётган аҳолини, шу жумладан, ёш оилалар, эскирган уй-жойларда яшаётган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган бошқа тоифадаги фуқароларни арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш йўли билан уларнинг турмуш даражасини янада ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришдан иборат.

Қарорга мувофиқ 2017-2020 йилларда шаҳарларда 945 кўп квартирали уй-жой қурилиши режалаштирилган. 2017 йилда 191 кўп квартирали уй қурилиши белгиланган ҳамда шу кунларда уларни қуриш ишлари бошлаб юборилган. Шундан 102 таси Тошкент шаҳрида бунёд этилади.

Кўп хонадонли уйлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш материаллари асосида барпо этилади. Уйларда яшовчилар учун дам олиш жойлари, болалар майдончалари, автомобиль туриш жойлари, чиқинди йиғиш пунктлари қурилиши режалаштирилган. Ҳудуд ободлиги таъминланади.

Тадбирда тижорат банклари мутасаддилари намунавий лойиҳадаги уй-жойлар ҳамда кўп хонадонли уйлар қурилишида банклар томонидан амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар, ажратилаётган кредитлар хусусида ахборот берди.

Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.