Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш учун “Мадад” муассасаси ташкил этилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрда қабул қилинган “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бунга замин яратди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрда қабул қилинган “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бунга замин яратди.
Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан маълум қилишларича, муассаса нафақат марказда, балки республикамизнинг 14 та ҳудудидаги бўлинмалари, шу билан бирга, туман (шаҳар)ларда фаолияти йўлга қўйиладиган ҳуқуқий маслаҳат бюролари орқали ҳам хизмат кўрсатади.
Шу ўринда “Мадад”нинг асосий вазифалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак:
Биринчидан, муассаса фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатади;
иккинчидан, кўнгилларни, яъни волонтёрларни жалб этган ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий соҳадаги ўзгаришлар билан уйғун равишда ошириб боради;
учинчидан, фуқаролар томонидан ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилиб боради. Таҳлил натижаси бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
тўртинчидан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда инновацион усуллар, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини амалиётга татбиқ этади
бешинчидан, “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталини мунтазам равишда юритади ва янгилаб боради.
Жорий йил баҳорида ишга туширилган “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталидан ҳозиргача 40 мингдан ортиқ киши фойдаланган. Уларнинг 1,4 мингдан зиёди чет эл фуқароларидир.
Сайт фойдаланувчилар учун онлайн режимида савол бериб, жавоб олишлари мумкин бўлган онлайн мулоқот тизими ҳам йўлга қўйилган.
Мазкур тизим орқали ҳозирги кунга қадар 5 мингга яқин фойдаланувчидан 10 мингдан ортиқ ҳуқуқий саволлар берилган. Бундан ташқари, тизимнинг оффлайн мулоқот саҳифаси орқали 1 минг 802 та ҳуқуқий саволлар келиб тушган. Ўз навбатида, савол йўлловчиларга мутахассислар ўз вақтида жавоб қайтармоқда.