Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли талаби маҳсулот сифатини белгилайди
17:44 / 2015-11-18

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида чарм ва пойабзал соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида чарм ва пойабзал соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

"Ўзбекчармпойабзали" уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Ш.Шералиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, енгил саноатни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари модернизация қилиниб, замонавий технологиялар жорий этилаётир, янги корхоналар ташкил қилинмоқда.

Ҳозир уюшма таркибида олтмиш бешдан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда ўтган даврда уч юздан ортиқ янги моделдаги пойабзаллар ва етмишта янги турдаги чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Автомобиль ва темир йўл вагонлари учун сунъий чарм қопламалар ва бутловчи қисмлар, пойабзал фурнитураси ва тагчармлар, линолеумлар, автомобиль тўшамалари, нефть-газ соҳаси учун изоляция плёнкалари шулар сирасидандир.

Юртимизда эркаклар, аёллар ва болаларга мўлжалланган мавсумий ва спорт пойабзаллари ишлаб чиқариш ҳажми муттасил ошмоқда. Улар табиий чармдан юқори технологиялар ёрдамида тайёрланаётгани учун хорижники билан бемалол рақобатлаша олади.

– Маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилаётган турли хил саноатбоп ва халқ истеъмоли моллари маҳаллий бозорни тўлдириш баробарида дунёнинг ўндан ортиқ давлатларига экспорт қилинмоқда, – дейди уюшманинг ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи М.Зоҳидов. – Терини қайта ишлаш корхоналарининг жаҳон стандарти талабларига жавоб берадиган сифатли чарм маҳсулотлари Хитой, Покистон, Россия, Сингапур, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби давлатларга етказиб берилмоқда.

Мавжуд технологияларни кучайтириш, чарм ва пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш доимий эътиборда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳар йили мамлакатимизда чарм ва пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий янги корхоналарни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур амалга оширилмоқда. Унга кўра, жорий йилда 150 дан зиёд лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, 145 лойиҳа ишга туширилди. Мисол учун, Фарғона вилоятида 17 лойиҳа амалга оширилиб, 575 минг жуфт пойабзал, 110 минг жуфт пойабзал таглиги ишлаб чиқариш қувватлари яратилди. 220 дан зиёд ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Мамлакатимиз ҳудудларида болалар ва спорт пойабзалларини кўпайтириш мақсадида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳрида 700 минг доллар қийматга эга замонавий спорт пойабзаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган «Амр Ул Бахр» фабрикаси барпо этилди. Марғилон шаҳрида «Гранд Кибо» хусусий корхонаси, Андижон вилоятида «Хўжаобод» масъулияти чекланган жамияти янги турдаги болалар спорт анжомлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Жорий йилда маҳаллийлаштириш дастурига кўра беш турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Жумладан, “Данғара келажак сумкалари” хусусий корхонасида аёллар сумкаси, “Хўжаобод” жамиятида ўқувчилар сумкаси, “Муҳаммад салом Омина” жамиятида полиуретан пойабзал тагликлари тайёрланмоқда. Йил охирига қадар 2 миллиард 850 миллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.