Аҳоли даромадини ошириш – муҳим вазифа
Халқимиз азал-азалдан ерга меҳр бериб, деҳқончилик билан машғул бўлган.
Жорий йилнинг 8 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги чора-тадбирлар самарадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида барча соҳа вакилларига бугунги кунда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгиланди.
Дарҳақиқат, юртимизда коронавирус кириб келиши билан Президентимиз раҳбарлигида зарур чора-тадбирлар амалга оширилди ва бу борада қатор фармон ҳамда қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, махсус республика махсус комиссияси тузилиб, барча ҳудудларда аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш, карантин режимини жорий этиш ва фуқароларнинг санитария-гигиена қоидаларга амал қилиши ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш ҳамда бозорларда нарх-навони назорат қилиш бўйича ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Коронавирус пандемияси сабабли бутун дунё давлатлари, ҳаттоки иқтисодий жиҳатдан ривожланган йирик мамлакатларда ҳам бир қанча муаммолар, жумладан, озиқ-овқат танқислиги, нарх-навонинг ошиши кузатилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан мана шундай оғир даврда юртимизда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бунинг учун уйимизда бекор ўтирмай, томорқаларимизни қаровсиз қолдирмасдан, мева ва полиз экинларини экиб, ўзимизнинг қўшимча даромадларимизни кўпайтиришимиз лозим. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак. Мазкур видеоселектор йиғилишда давлатимиз раҳбари мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжни тўлиқ қондириш, аҳоли даромади ва фаровонлигини ошириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Халқимиз азал-азалдан ерга меҳр бериб, деҳқончилик билан машғул бўлган. Юртимизга баҳор кириб келиши билан юртдошларимиз ўз томорқаларидан унумли фойдаланиш мақсадида аллақачон экин экиш ишларини бошлаб юборди. Шунга қарамасдан, қийинчиликлар даврида ҳам ҳукуматимиз томонидан берилаётган имконият ва имтиёзларга қарамасдан, томорқасидан фойдаланилмаётган хонадонлар ҳам йўқ эмас. Йиғилишда Президентимиз бунга алоҳида эътибор қаратиб, томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилишини маълум қилди. Мутасаддиларга хонадонлар билан бирма-бир ишлаб, томорқа майдонларига бозорбоп экинлар экиши учун шароит яратиш ва уни назорат қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди.
Шундай экан, томорқачиликни ривожлантириш ва шу орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш юзасидан партия вакиллари ва депутатларимиз ҳам аҳоли ўртасида фаол тарғибот ишларини олиб бориш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Зеро, аҳоли турмуш тарзи ва даражасини, яшаш қулайликларини ошириш партиямизнинг ижтимоий соҳада олиб бораётган фаолиятининг асосий мақсадларидан ҳисобланади.
Мана шундай синовли даврда барчамиз бирлашиб, Президентимиз томонидан белгилаб берилаётган вазифаларни мутасаддилар ва шифокорларимизнинг тавсияларига қатъий амал қилган ҳолда аҳиллик билан бажарсак, кўзлаган мақсадимизга албатта етамиз. Бу оғир кунлар ҳам тез орада ортда қолади…
Тажибай РОМАНОВ,
ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши раиси.