Банк тизимини ривожлантириш бўйича долзарб вазифалар белгилаб олинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банклари ролини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банклари ролини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Кредит ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда зарур манба ҳисобланади. Бўш маблағларни жалб қилиб, уларни кредит сифатида тадбиркор ва инвесторларга тақдим этадиган тижорат банклари иқтисодий жараёнларда муҳим ўрин тутади.
Бу борада кўрилган тизимли чоралар натижасида охирги икки йилда банклар томонидан инвестиция лойиҳаларини кредитлаш кўлами сезиларли даражада кенгайиб, кредит портфели ҳажми 3,2 баробар ошди. Ҳудудларни ривожлантириш дастурлари доирасида 6 минг 400 та лойиҳа учун 27 триллион сўмлик кредит ажратилди.
Йиғилишда банк тизимида ижобий натижалар билан бирга, қатор муаммолар ҳам борлиги қайд этилди. Жорий йилда Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига банк соҳаси бўйича 24 мингдан зиёд мурожаат бўлгани шундан далолат беради.
Видеоселекторда муаммоли кредитлар масаласи муҳокама қилинди. Бундай кредитлар жами кредитларнинг 1,8 фоизидан кам бўлса-да, йил бошига нисбатан ошгани қайд қилинди. Ҳудудлар кесимида муаммоли кредитларнинг 76 фоизи Тошкент шаҳрига, 5 фоизи Қашқадарё, 3 фоизи Бухоро вилоятига тўғри келади.
Шунингдек, ҳокимликлар ва тармоқлар томонидан айрим лойиҳалар пухта ишлаб чиқилмагани оқибатида бир қатор объектлар ўз вақтида ишга тушмагани ва кредитлар қайтиши чўзилаётгани кўрсатиб ўтилди. Жумладан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида кредит маблағлари ажратилган айрим инвестиция лойиҳалари ҳалигача бошланмагани танқид қилинди.
Уй-жой фондини таъмирлаш ва турар жой биноларини барпо этишга қайтариш манбалари ва имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан кредит ажратилиши натижасида умидсиз қарзлар кўпаймоқда. Масалан, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бўйича катта миқдорда муаммоли кредитлар мавжуд. Улардан энг кўпи – Тошкент шаҳрида 32 миллиард сўм, Қашқадарё вилоятида 27 миллиард сўм, Андижон вилоятида қарийб 20 миллиард сўм ва Бухоро вилоятида 14 миллиард сўмдир.
Давлатимиз раҳбари муаммоли кредитларни қайтариш банкларнинг имкониятларини янада кенгайтиришини, уларни ундириш бўйича банклар, қарздор корхоналар, компания ва уюшмалар, ҳудудлар раҳбарлари биргаликда иш олиб бориши зарурлигини таъкидлади.
Банкларнинг кредит учун ресурслар жамлашдаги фаоллиги ҳам етарли эмас. Аҳоли ва юридик шахсларнинг бўш маблағларини банк депозитларига, биринчи навбатда, муддатли ва жамғариб бориладиган депозитларга жалб қилиш банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш имконини беради.
Президентимиз тижорат банклари томонидан халқаро молия институтлари кредит линияларини янада кўпроқ жалб этиш ва уларни тўлиқ ўзлаштиришни фаоллаштириш лозимлигини қайд этди.
Тижорат банклари устав капитали асосан давлат улуши ҳисобига оширилиб, хусусий сектор маблағлари деярли йўналтирилмагани жиддий танқид қилинди.
Ўтган икки йилда давлат томонидан банкларнинг капиталига қарийб 1 миллиард доллар миқдорида маблағлар ажратилган. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан давлат улушига эга деярли барча банклар, жумладан, “Қишлоқ қурилиш банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака” банк, “Агробанк”, “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк” ва “Ипотека-банк” устав капиталида жисмоний ва юридик шахсларнинг акциялари улуши кескин камайган. Шунинг учун хусусий сектор маблағларини банкларнинг устав капиталига фаол жалб этиш кераклиги таъкидланди.
Йиғилишда тижорат банкларининг кузатув кенгашлари банкларнинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилаш ва фаолиятини яхшилаш бўйича кутилганидек ишламаётганига эътибор қаратилиб, Марказий банк, Иқтисодиёт вазирлиги давлат тасарруфидаги банкларнинг кузатув кенгашлари фаолиятини танқидий ўрганган ҳолда, улар таркибини тубдан қайта кўриб чиқиши ва самарадорлигини ошириши бўйича кўрсатма берилди. Мамлакатимиз молия муассасалари фаолиятини такомиллаштириш учун хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида микрокредитлар ҳажмини кескин ошириш, уларни ажратиш тартибини соддалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди.