Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ақлли“ ҳисоблагичлар ноқонуний ишлатилган электр энергиясини ҳам ҳисобга олади
17:42 / 2019-08-22

Бугун юртимизнинг туман ва шаҳарлари хонадонларида электр энергиясини “Ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда.


Бугун юртимизнинг туман ва шаҳарлари хонадонларида “Ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Мақсад электр таъминотини яхшилаш, замонавий тизимга ўтиш ва истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш ишларини самарали ташкил этишдир.

Бу жараёнда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда “Ақлли” ҳисоблагичлар билан боғлиқ шов-шувларни ўқиб, уларнинг тўғри ёки нотўғрилигига аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари Шерзод ХЎЖАЕВга мурожаат қилдик:

– Янгиликни барча бирдек тўғри қабул қилмайди. Аслида шов-шувга асос йўқ. Биз ижтимоий тармоқларда билдирилган айрим фикрлар нотўғри эканини аниқ далиллар билан исботлаб бера оламиз. Хонадонларга ўрнатилган “Ақлли” ҳисоблагичлар бўйича келиб тушаётган мурожаатларни ишчи гуруҳ ўрганиб чиқмоқда. Бу жараёнда нотўғри хабар тарқатган айрим фуқароларнинг сирлари ошкор бўлиб, кечирим сўраш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Энди икки оғиз гап янги тизим, унинг тарихи ҳақида. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси бизда узоқ йиллар амалда эмас, қоғозда бўлган, қоғозда бажариб келинган. 2006 йилдан бу тизимни мамлакатимизда жорий қилиш бошланди ва шу йили замонавий ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Дунё бўйича мазкур тизимга қизиқиш 2000 йилдан бошланиб, Италия давлати уни биринчилардан бўлиб қўллаган.

Мазкур тизимга ўтиш қоғозда бўлган, деган гапимга изоҳ берай. Бунинг субъектив ва объектив сабаблари бор эди. Яъни, бизда ўша пайтда ҳисоблагичларга бўлган талабларни аниқ белгиловчи ҳужжат қабул қилинмаган. Ҳисоблагичларга умумий талаб қўйилган бўлиб, бунда уларнинг аниқлаш даражаси (синфи), маълумотларни хотирага сақлаш ва серверга узатиши инобатга олинган. Ўша вақтларда, аксига олиб, мамлакатимизда бу тизимни тушунадиган мутахассислар бўлмаган. Ўз навбатида, бу дунё миқёсида ҳам янгилик эди.

– Демак, аввалги хатоларни тўғрилаш ва соҳа ривожи йўлида амалга ошириладиган улкан лойиҳалар учун ҳам бу тизимни жорий қилиш муҳим. Вазирлик лойиҳани амалиётга татбиқ этишда қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда?

– Ҳа, бу замонавий тизим мамлакатимиз равнақи учун зарур. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси асосан Осиё тараққиёт банки кредит маблағи ҳисобидан Самарқанд, Жиззах ва Бухоро вилоятларида амалга оширилмоқда. Мазкур банкнинг талаблари бўйича халқаро тендер ўтказилди. Унга кўра, Жанубий Кореянинг “КТ Сorporation” компанияси ғолиб, деб топилди. Бу компания ҳисоблагич ишлаб чиқармайди, балки биз учун интегратор сифатида юртимизда мазкур тизимни ўрнатиб, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаб бера оладиган компания ҳисобланади. Шу тариқа бу компания Хитойнинг “KAIFA” компанияси билан электр ҳисоблагичларни харид қилиш бўйича шартнома тузди. Албатта, бу бизга маъқул бўлгандан кейин улар шартномани имзолади. Кейинги жараёнда эса биз учун техник консультант зарур бўлиб, 15 дан ортиқ компания иштирок этган тендер танлови натижасига асосан муносиб деб топилган Италиянинг “CESI S.p.A.” консалтинг компанияси билан ҳамкорликда электр ҳисоблагичларга бўлган талабларни ҳисоблаб чиқдик.

2006 йилдан бошлаб ўрнатилган ҳисоблагичлардаги муаммо электр энергияси истеъмоли ва дастурий таъминот ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжуд эмаслигида эди. Яъни, истеъмолчи тўловни амалга оширса-да, электр энергияси узлуксиз етказиб берилмаслигидан эътирозлар келиб тушган, ўз навбатида, таъминотчи қарздорлиги мавжуд истеъмолчини тармоқдан узиб қўйиш имкониятига эга бўлмаган.

Бугун биз танлаган ҳисоблагичлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилиб, у йигирмадан ортиқ функцияни бажара олади. Бу ҳисоблагичларда икки томонлама, яъни бунда қабул қилинган ва тармоққа узатилган электр энергияни ўлчаш имконияти мавжуд. Яна бир муҳим жиҳат: унда яқин келажакда юртимизда қуёш энергетикасидан фойдаланиш имконияти мавжудлиги ҳам инобатга олинган. Дейлик, хонадонларда ўрнатилган қуёш панеллар томонидан кун иссиғида ишлаб чиқарилган электр энергияси истеъмол қилинмаса, уни тармоққа узатиш ҳамда ўлчаш имконияти ҳам шу тизимда мавжуд. Реактив энергия истеъмолини ҳисобга олиш ва уни таҳлил қилишда ҳам бу тизимнинг аҳамияти катта.

– “Ақлли” ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёни қандай кечмоқда?

– Белгиланган режа бўйича ишларни бажаряпмиз. Бугунги кунда мамлакатимизнинг 30 дан зиёд туман ва шаҳарларида 1,2 миллиондан ортиқ “Ақлли” ҳисоблагич ўрнатилди. Йил якунида улар сони 2,5 миллиондан ошади. 2020 йилда етти миллиондан ортиқ истеъмолчи ушбу тизимга уланиши кутилмоқда.

Таъкидлаш зарурки, бу жараёнга маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни жалб этганмиз. Дастлаб йирик лойиҳаларда хориж маҳсулотларидан фойдаланган бўлсак, энди ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий ҳисоблагичлар қўл келмоқда. Масалан, улардан бири “Elektron hisoblagich” МЧЖ қўшма корхонаси бўлса, иккинчиси эса “Toshelectroapparat” МЧЖдир. Ҳар икки корхонада ҳам айнан замонавий тизимдаги ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар талабга жавоб беради.

Бир йилда 2 миллион донадан ортиқ электр ўлчов воситалари ишлаб чиқариш қувватига эга “Elektron hisoblagich” қўшма корхонасининг ҳисоблагичлари Тошкент шаҳрида ўрнатилаётган бўлса, ҳудудларда “Toshelectroapparat” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотларидан фойдаланилмоқда.

Мамлакат бўйича ушбу ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари 2020 йил охиригача якунланиши режалаштирилган.

– “Ақлли” ҳисоблагичлар истеъмол қилинган электр энергиясини ҳаққоний ҳисоблайдими? Ижтимоий тармоқларда бу ҳисоблагичлар атайлаб тез айланишга мўлжаллангани айтилмоқда. Сиз нима дейсиз?

– Бу нотўғри фикр. Юқорида бу ҳақда қисқа тўхталиб ҳам ўтдим. Яна бир бор айтаман, биз янгиликни ҳар хил қабул қиламиз. “Ақлли” ҳисоблагичлар ўз номи билан ақлли-да. Бу – истеъмол қилинган электр энергиясини бор ҳолича кўрсатиб берадиган замонавий қурилма. Мен ўзим ҳам кўп қаватли уйда туғилиб ўсганман. 56 хонадондан иборат уйда авваллари бор-йўғи иккита кондиционер бўларди. Ҳозирчи?! Ҳар бир хонадонда кондиционер бор. Бу кондиционерлар қанча электр энергияси истеъмол қилишини тасаввур қилиб кўринг-чи? Албатта, кондиционер керак. Аммо истеъмолга яраша тўлов ҳам бўлади-да.

Ижтимоий тармоқларда айтилаётган негатив фикрларга келсак, бу айрим фуқароларимиз ўзи билиб ёки атайлаб қилаётган ҳаракатлардир. Тан олишимиз керак, ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнида айрим хатоликлар ҳам бўлиши мумкин. Шу сабабли, биз келиб тушаётган мурожаатлар устида жиддий ишлаяпмиз. Ишчи гуруҳ ўша манзилга бориб, муаммони бартараф этмоқда. Пойтахтимизда шу кунга қадар 50 дан ортиқ мурожаат асосида хонадонларга борилиб, вазиятга аниқлик киритилди. Ишчи гуруҳ аъзолари янги ҳисоблагич кўп ҳисоблаяпти ёки эски ҳисоблагич маъқул эди, деб ижтимоий тармоқларда турли шов-шувли хабарлар тарқатаётган фуқароларимиз билан ҳам учрашмоқда. Бу учрашувлар чоғида ҳатто фейсбук саҳифасида айрим фуқаролар номидан кимлардир ёлғон маълумотлар тарқатиб юборгани, бундан саҳифа эгасининг хабари йўқлиги маълум бўлмоқда.

– Айнан шу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида вазирлик томонидан яна қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

– Келиб тушаёгтан мурожаатлар билан ишлашни кучайтириш баробарида, хонадонларга журналистлар ҳамроҳлигида бориш амалиётини ҳам қўллаяпмиз. Негаки, ўрганилган вазиятни кенг оммага етказиш керак. Ахир, кимдир ёлғон маълумот тарқатиб, кейин ўзи қочиб юрса, буни қандай изоҳлаш керак? Шу маънода, ишчи гуруҳ журналистлар билан бирга юриб, ҳолатлар тўғрисида матбуотга маълум қилиб бораётир. Шу билан бирга, вазирлик, унинг тизимидаги ташкилотлар сайтлари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда хабарлар бериб борилаяпти. Яқинда журналистлар учун пресс-турлар ташкил этдик.

Шу ўринда яна бир маълумотни айтиш керак. Ўрнатилган янги ҳисоблагичларда аниқлик даражаси илгариги индукцион ёки биринчи авлодга мансуб айрим электрон ҳисоблагичлардан бирмунча юқори. Масалан, агар индукцион ҳисоблагичларда аниқлик даражаси ±2,5 фоизни ташкил этса, янгиларида бу ±1,0 фоиздир. Ҳозирги ҳисоблагичлар бундай ҳолатларда нафақат ҳисоблагичдан ўтаётган электр энергиясини, балки ноқонуний тарзда фойдаланилаётган манбани ҳам ҳисобга олади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди.