English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ақлли“ ҳисоблагичлар аҳоли учун қандай қулайликларга эга?
19:00 / 2019-09-19

Мамлакатимизда босқичма-босқич электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими амалиётга татбиқ этилмоқда.


Мамлакатимизда босқичма-босқич электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими амалиётга татбиқ этилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозир мамлакатимизнинг 45 шаҳар ва туманида 1,5 миллиондан зиёд электр ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлса, шу йил охирига қадар яна 2,5 миллиондан ортиқ ушбу замонавий ускуна мўлжалланган манзилларга қўйилади.

2020 йил якунига бўйича 7 миллиондан ортиқ истеъмолчининг барчасига замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатиш режалаштирилган.

– Бугунги кунда бу жараёнда акциядорлик жамияти Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси билан ҳамкорликда Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари истеъмолчиларига ушбу тизимни жорий этмоқда, – деди “Ҳудудий электр тармоқлари“ акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Феруз Қурбонов. – Бошқа ҳудудларга тизимни ўрнатиш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларидан фойдаланилмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг замонавий тизимга бўлган имкониятини янада кенгайтиришдир. Негаки, ҳозир уларда ишлаб чиқарилаётган “Ақлли“ ҳисоблагичлар Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилаётган ускуналари каби жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ жавоб беради.

Икки кунлик Самарқандга уюштирилган пресс-турда маҳаллий ва халқаро мутахассислар хамда журналистлар айни шу тизимнинг жорий этилиши ва унинг натижалари билан танишга муваффақ бўлди. Шу мақсадда улар Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, Пастдарғом туманидаги Гўзалкент ҳудудида трансформатор ва концентраторларнинг ишлаш жараёнини ўрганди. Шунингдек, улар Самарқанд шаҳридаги Хўжасоат маҳалласининг кўпқаватли уйларида ўрнатилган “Ақлли“ ҳисоблагичлар аҳоли учун қандай қулайликлар яратаётгани билан қизиқди.

photo5194948466080590687.jpg

– Шу маҳаллада кўп йўллардан буён истиқомат қиламан, – деди Абдуҳафиз Жалилов. – Бугун аҳоли ва истеъмолчиларни электр энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қилинаётган ишлар эътиборга лойиқ. Негаки, бу манбани ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш замирида қанча меҳнат ётибди. Ана шу эзгу ишлар моҳияти ўрнатилаётган замонавий ҳисоблагичларда янада ўз ифодасини топмоқда. Бу аниқ ва сезгир ўлчагич қанча ток ишлатганимизни тезда ҳисобини чиқариб, бизнинг электр энергия истеъмолига ва тўловга бўлган муносабатимизни ўзгартирди. Энди аввалгидай ойлар эмас, вақтида истеъмол тўловини бажаришимиз керак. Қисқаси, бу янгилик таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида аниқ ҳисоб тизимини ўрнатишга хизмат қила бошлади.

Очиғини айтганда, “Ҳудудий электр тармоқлари“ акциядорлик жамияти ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир катта таассуротларга бой бўлмоқда. Иштирокчилар “Ақлли“ ҳисоблагичларнинг ўрнатилиш жараёнлари чоғида Самарқандликларнинг ҳаётини, уларнинг урф-одати ва анъаналари билан ҳам танишди. Бу айниқса Монголия, Хитой, Грузия, Озарбайжон, Қирғизистон, Афғонистон, Покистон, Тожикистон каби ўн бир давлат вакиллари учун янада қизиқарли бўлди.

– Биз Марказий Осиё минтақавий-иқтисодий ҳамкорлиги (МОМИҲ)га аъзо давлатлар вакиллари иштирокида илк бор бундай пресс-тур ташкил қилинди, – деди Осиё тараққиёт банки вакили Буадокфенг Чансават. – Бу тадбир иштирокчилар қаторида ташкилотчиларга ҳам манзур бўлмоқда. Бунинг боиси шуки, Ўзбекистонда электр энергия таъминотида янги тизимнинг жорий қилинаётгани ва унинг афзалликларини хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритишни мақсад қилдик. Уларнинг янги тизимга бўлган қизиқишлари мутахассисларга бераётган саволларидан яққол кўриниб турибди. Юртингиздаги бу каби ислоҳотлар ижросида Осиё тараққиёт банкининг иштироки биз учун қувонарлидир.

Эслатиб ўтамиз, янги тизим айни пайтда Самарқанд шаҳри, Самарқанд тумани, Пастдарғом, Ургут, Иштихон, Каттақўрғон шаҳри ва Каттақўрғон туманларида амалга оширилиб келинмоқда.

Иштирокчилар тадбир доирасида “Ақлли“ ҳисоблагичларнинг имкониятлари ҳақида янада бой маълумотлар эга бўлмоқда.