Ҳақиқат синмайди!
Эл-юрт фаровонлиги, Ватан озодлиги ва мустақиллиги йўлида жон фидо этган ҳамюртларимиз номларининг биридан хабардор бўлсак, бошқаси, қайсидир сабаблар билан, ҳануз номаълумлигича қолмоқда.
Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрда қабул қилган "Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши айни хулосага яна бир карра келиш имконини бергани билан аҳамиятли бўлди.
Эл-юрт фаровонлиги, Ватан озодлиги ва мустақиллиги йўлида жон фидо этган ҳамюртларимиз номларининг биридан хабардор бўлсак, бошқаси, қайсидир сабаблар билан, ҳануз номаълумлигича қолмоқда. Тарихий ҳақиқатни юзага чиқариш игна билан қудуқ қазимоқликдан ҳам минг чандон машаққатли. Албатта, юқорида номи келтирилган фармойиш юзасидан олимлар, маънавият тарғиботчилари, адабиётшунослар, тарихчи ва тадқиқотчилар, педагоглар, ижод аҳли, нуронийлар ўз сўзини ҳали айтишига ишонамиз. Лекин оддий фуқаро кўзи билан қараганда мазкур ҳужжатнинг аҳамияти қандай?
Мустақиллик тарихни холис ва ҳаққоний ўрганиш баробарида, унинг ҳали ўқилмаган саҳифаларига эътибор қаратиш имконини бергани, Ватан озодлиги йўлида умрини бағишлаган инсонларнинг пок номларини тиклаш, улар хотирасини эъзозлаш, ззгу ишларидан халқимиз, айниқса, ёшларни кенгроқ хабардор этиш имконини бергани билан ҳам қадрлидир. Ўтган йиллар мобайнида мазкур йўналишда илгари мисли кўрилмаган кўламдаги ишлар бажарилди.
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди каби илмий-маърифий тузилмалар самарали фаолият кўрсатмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимизнинг қанчадан-қанча асл фарзандларининг пок номларини халқимизга қайтариш, уларнинг фаолияти билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Пойтахтимиздаги "Шаҳидлар хотираси" ёдгорлик мажмуаси ўқувчи-ёшлар, тарихчилар, қўйинг-чи, оддий одамлар учун умр мазмуни, юрт равнақи йўлида ҳаёти хазон бўлган зотлар хотирасини эъзозлашдек мўътабар масканга айланди.
Тарих пала-партишликни, наридан бери, юзаки, енгил-елпи муносабатни ёқтирмайди. Айни пайтда яқин ўтмишга доир жараёнлар холис ва ҳаққоний, пухта, мукаммал, синчков тадқиқотни, оқни қорадан тўғри фарқлай олишни талаб этади. Шу маънода юқорида қайд этилган фармойиш янги изланишлар, архив материаллари ва ҳужжатларни ҳар томонлама ва чуқур ўрганишга кенг йўл очиши билан қадрлидир.
Мазкур фармойиш асосида қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларини чуқур биладиган кишиларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий материалларни, ноёб суратларни тўплаш ишлари олиб борилади. Бу эса келгусида аниқланган қатағон қурбонларининг номларини Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига киритишга асос яратади.
Давлатимиз раҳбари ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали йиғилишда халқимизнинг Абдулла Қодирий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Мунавварқори Абдурашидхонов сингари асл фарзандлари агар қатағон этилмаганида юртимизнинг маърифий тараққиёти буткул бошқача бўлиши ҳақида фикр билдирганди. Ажаб, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши ҳам октябрь ойининг аввалига, яъни бундан кўп йиллар муқаддам 4-7 октябрь кунлари маърифатпарвар боболаримиз судсиз, сўроқсиз, мутлақо асоссиз тарзда отиб ташланган кунлар арафасида қабул қилинганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бордек. Зораки, уларнинг пок руҳлари шод бўлса!
Янги даврга қадам қўяётган Ўзбекистонимизда ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳам оз эмас. Бироқ шундай мураккаб даврда ҳам залворли, ўта мураккаб, ҳам савобли ишларга ташаббускор бўлиш миллатнинг чин маънода маърифатли бўлиши, тинч кунларнинг қадрига етиш йўлидаги яна бир улкан қадамдир.