English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
98 ёшли ўқитувчи
11:18 / 2023-09-13

Қашқадарёдаги мактаблардан бирида 98 ёшли отахон ҳамон ўқитувчилик фаолиятини давом эттириб, йиллар давомида орттирган тажриба ва билимларини ўқувчиларга улашиб келмоқда экан. Азбаройи қизиққанимиздан фахрий педагогнинг суҳбатини олишга шошилдик.

Косон туманида яшовчи Эгамшукур бобо Абдиев 1926 йилда туғилган. Умрининг катта қисмини таълим-тарбия соҳасига бағишлаган. Ёши қарийб 100 ёшни қоралаб қолган бўлса-да, ҳамон тумандаги 24-мактабда ўқувчиларга физика-математика фанидан дарс бериб келмоқда. Унинг билим ва тажрибалари нафақат ўқувчиларга, балки иш фаолиятини янгидан бошлаган ёш педагогларга ҳам ўрнак бўлмоқда. 

– Педагоглик фаолиятимни бошлаганимга мана 70 йил тўлди, – дейди Э.Абдиев. – Ўтган давр мобайнида таълим соҳасида машаққатларни ҳам, ютуқларни ҳам кўп кўрдик. Ўқувчиларни кўрмасам, бир нарсамни йўқотгандек бўлиб юраман. Шижоат, тетикликни улардан оламан. Баъзи ёш ўқитувчиларга маслаҳатлар бериб тураман. Тажрибаларимни улашаман. Назарий билимлар яхши, лекин ўқитувчи амалиёт давомида пишади. Ўқувчиларнинг ҳар бири ўзига хос табиатли. Уларнинг қалбига йўл топа олмас экансиз, билим бера олмайсиз. Айтмоқчиманки, ўқитувчи психолог бўлиши лозим. 

70 йиллик педагогик фаолият. Икки даврдаги таълим соҳасидаги қийинчиликлар, чекилган машаққатлар, тинимсиз меҳнат эвазига эришилган натижалар бекорга эмас, албатта. 

– 1985 йилда Сурхондарёдан Қашқадарё вилоятига кўчиб келдик, мана шу Косон туманидаги 52-совхозга, – дейди отахон. – Шундан буён шу ердамиз. Мактабдан сўнг колхоз ишларини қилардик. Пахтага сув тараймиз. Чопиқ қиламиз. Хўжаликда одам кам. Ўқувчиларни ҳам дарсдан кейин қишлоқ хўжалик ишларига сафарбар қилганмиз. Жуда оғир эди ўша пайтлар. Ёшлик пайтларим ҳам фронт ортида меҳнат қилганман. Уруш бошланганда 14 ёшда эдим. Мен урушга олинмадим. Хўжаликда одам етишмаганлиги учун олиб қолишди. Кейин Сурхондарёга математика ўқитувчиси бўлиб кетдим. Шароит жуда оғир дамлар эди ўшанда. Мана ёруғ кунлар ҳам келди. Таълимга эътибор кучайди. Шу кунларни кўрганимга яратганга шукрона айтаман. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари