French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
972 нафар алиментдан қарздорга маъмурий қамоқ жазоси ва жарима тайинланган
15:33 / 2023-10-21

Андижонда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси масъуллари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогер ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғининг ўринбосари Алёрбек Обидов ўтган давр мобайнида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берди.

– Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида бошқармамиз, туман, шаҳар бўлимларимиз томонидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди, – дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Алёрбек Обидов. –  Умумий қиймати 3,1 триллион сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси тамомланиб, шундан 144 минг 792 та ижро ҳужжати бўйича 1,4 триллион сўм миқдоридаги маблағ амалда ундирилиши таъминланган.

[gallery-14143]

Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида давлат фойдасига  ундирувлар 1,6 триллион сўмни ташкил этган бўлса, солиқ қарзини ундиришга оид 18 минг 774 та ижро ҳужжати бўйича  893,6 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ундирилди.

Анжуманда жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ 852 та ижро ишининг 425 таси тамомланиб, шундан 360 тасининг ҳамда  жиноий ва маъмурий жарима ундириш билан боғлиқ ҳужжатларнинг 84 минг 740 таси тамомланиб, шундан 76 минг 200 тасининг ижроси амалда таъминланганлиги қайд этилди.  

Шунингдек, анжуманда давлат божи ундируви, мол-мулкларни давлат даромадига ўтказиш, йўқ қилиш ва эгасига қайтариш, банклар фойдасига ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар хусусида ҳам маълумотлар тақдим этилди.  

МИБ вилоят бошқармаси томонидан алимент ундирувлари билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий тўловларни ундириб бориш масаласига жиддий эътибор қаратилаётир. Айни пайтда Бюронинг  вилоят бошқармаси иш юритувида 34 минг 906 та алимент ва моддий таъминотга оид ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ўтган давр мобайнида 188 миллиард сўм миқдоридаги алимент пуллари ундириб берилди.  

Жорий йилнинг 9 ойи давомида алимент тўлашдан бўйин товлаб келган 972 нафар қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан, маъмурий қамоқ жазоси ва жарима тайинланганлиги, шу билан бирга, муқаддам алимент тўлашдан бўйин товлаб, суднинг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган 73 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги айтиб ўтилди.  

Бюро ходимлари оилаларни яраштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Олиб борилган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича 1 минг 730 та оила яраштирилган.  

Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари МИБ фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоблар олди.  

 

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари.