Жорий йилнинг январь ойида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва қатор тегишли ташкилотлар мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 995 та истеъмолчи томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Унга кўра, 20 млн. 486 минг кВт⋅соат электр энергияси ва 47 млн. 387 минг метр куб табиий газ талон-торож қилинган ва бунинг натижасида давлат манфаатларига жами 94 млрд. 542 млн. сўм зарар етказилган.
Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мазкур инспекция томонидан 24 минг 969 та профилактик тадбир ўтказилди. Энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 937 та маъмурий иш расмийлаштирилди.
Энергия самарадорлиги, авария ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан 14 та давлат корхона ва муассасасида назорат тадбирлари ўтказилди. Таъминотчи корхоналар томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан 1 минг 540 та объект ҳамда 2 минг 565 та ижтимоий соҳа объекти ўрганилди.
Реактив қувватни компенсация қилувчи қурилмалар ўрнатиш юзасидан тадбиркорлик субъектларида тушунтириш ишлари олиб борилиб, 13 145 та истеъмолчига тегишли кўрсатмалар берилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА