Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
916 километр “Саломатлик йўлаклари” барпо этилади
12:58 / 2021-02-17

Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2021 йилда қуйидаги долзарб вазифалар амалга оширилади:

Аввало, давлат таълим муассасаларидаги спорт тўгараклари моддий-техника базасини янада яхшилаш мақсадида жорий йилда 10 мингта мактабнинг ҳар бири 5 милллион сўмлик, 6 мингта боғча эса 3 миллион сўмлик, жами 62 миллиард сўмлик 9 турдаги бирламчи спорт жиҳозлари билан таъминланади. Бундан ташқари, спорт мактаблари 62 миллиард сўмлик 101 турдаги спорт анжомлари билан жиҳозланиши режалаштирилган. Шу билан бирга, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳудудларда янгидан 25 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида кураш маҳорати мактаблари ташкил этилади. Мазкур спорт муассасаларида 300 дан ортиқ спорт секциялари фаолият йўлга қўйилиб, уларда 30 мингдан зиёд ёшларни қамраб олиш бўйича қатор вазифалар амалга оширилади.

Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб 1 000 та умумтаълим мактабида 18 соатлик режа асосида шахматга ўқитиш жорий этилади ва спортнинг ушбу турига қўшимча равишда 25минг нафар ўқувчи жалб қилинади. Ёшларни, айниқса, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларга бу борада зарур шароитлар яратиш мақсадида республикамиздаги 4 мингдан ортиқ умумтаълим мактабларида спорт турлари бўйича 19678та тўгарак ташкил этилади ва уларда 520 минг нафар ўқувчи шуғулланиши режалаштирилмоқда. 52 та олий таълим муассасасида эса 161 та спорт тўгараги ташкил этилиб, 21559 нафар талаба бўш вақтини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш орқали мазмунли ўтказади.

Жорий йилда аҳоли, айниқса, ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи “Жисмоний тайёргарлик даражаси” синовлари жорий этилади. Мазкур синовларнинг махсус талабларини бажарган ва ғолиб бўлганларни тақдирлаш бўйича уларга ёш тоифасига қараб, тегишли спорт разрядлари ва унвонлари, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат учун тўловларга 50 фоиз чегирма, муддатли ҳарбий хизматга юборилишида юқори устунликка эга бўлиш, “Темурбеклар мактаби”га имтиёзли кириш, олий таълим муассасалари талабаларини амалдаги стипендия миқдорида бир марта рағбатлантириш, республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган барча ижодий имтиҳонлардан озод бўлиш каби имтиёзлар берилади.

Болалар ва ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, улар ўзлари истаган спорт турлари билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида жорий йилда 55 та спорт объекти фойдаланишга топширилиб, спорт иншоотларининг бир кунлик қуввати қўшимча 30 мингга оширилади.

Шу билан бирга, аҳолини кунлик юриш ва югуриш, велосипедда юришга тарғиб қилиш мақсадида 2021 йил давомида республика бўйича жами узунлиги 916 км бўлган “Саломатлик йўлаклари” барпо этилади. Ушбу йўлакларни қуриш учун ҳар бир ҳудудий ҳокимликларнинг ҳудудий дастурлари тасдиқланди. “Саломатлик йўлаклари”ни барпо этиш билан бирга, 2021 йилнинг апрель ойига қадар Соғлом турмуш тарзи “www.1hls.uz” Интернет-платформаси яратилади ҳамда тўлиқ ишга туширилади, натижада аҳолини кунлик юришга тарғиб қилиш ҳамда антропометрик кўрсаткичларини яхшилаш тизими яратилади. Бундан ташқари, йил давомида 400 та стритбол, 520 та бадминтон ва 893 та “Воркаут”,жами 1813 та замонавий спорт майдончаси ташкил этилади.

Мазкур вазифалар бажарилиши натижасида 2021 йил якунига қадар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчи аҳолининг умумий сони ҳозирги 19 фоиз дан 25 фоизга кўтарилади.  

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА