Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
91 та мактаб ходимларига иш ҳақлари кам тўланганлиги аниқланди
08:02 / 2022-03-18

Бугунги кунда юртимизда юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, ҳудудларда юридик хизмат кўрсатиш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.

Айниқса, ташкилотларда юридик ҳужжатлар алмашинуви электрон шаклда йўлга қўйилгани қонунийликни таъминлаш билан бир қаторда ортиқча оворагарчиликларнинг ҳам олдини олмоқда.

– Президентимизнинг 2021 йил 29 июнда қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тизимлаштиришда дастуриламал вазифасини ўтамоқда, – дейди Навоий вилояти Хатирчи туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Аброр Сатторов. – Ушбу қарор асосида ташкил этилган марказлар томонидан давлат, хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, турли мулкчилик шаклидаги корхона, муассаса ва ташкилотлар фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар марказимизга 3000 дан ортиқ ҳужжат лойиҳалари келиб тушган бўлиб, уларнинг 162 таси амалдаги норматив ҳужжатларга номувофиқ деб топилган бўлса, 181 та ҳужжат лойиҳасини қонунчликка мувофиқлаштириш чоралари кўрилган.

Хатирчи туман адлия бўлими ҳамда юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан тумандаги умумтаълим мактаблари фаолияти ўрганилганда, 91 та умумий ўрта таълим мактабининг кадрлар хизмати ходимларига 70 миллион сўмга яқин иш ҳақлари кам тўланганлиги аниқланди.

Ўрганиш натижасига кўра, ходимларга ойлик маошларини тўлаб бериш ва лавозим разрядларини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш юзасидан тегишли таъсир чораси киритилиши таъминланди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА