3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни
Бугун дунё бўйлаб Халқаро ногиронлар куни нишонланмоқда. Ушбу сана ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириш, жамиятда тўлақонли иштирок этиш ва тенг имкониятларга эга бўлиш ҳуқуқини яна бир бор эслатади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатиладиган хизматлар сифати ва қамровини ошириш, ижтимоийлаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Расмий статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда республикада 1 миллион 58 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар қайд этилган бўлиб, улардан173 минг нафари болалар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, белгиланмаган ҳолатларни аниқлаш ва ногиронликни расмийлаштириш борасида маҳаллаларда ташкил этилган тизимли иш услуби натижасида 34,2 минг ногиронлиги бўлган, аммо бу ҳолати расман белгиланмаган шахслар аниқланди. Уларга ногиронлик даражаси белгиланди. Ушбу ҳолат ўтган йили 21,1 минг нафарни ташкил этган бўлса, бу йилда 13,1 минг нафар шахсга ногиронлик расмий белгиланди.
Йил бошидан ногиронликни белгилаш жараёни ягона стандартлар асосида рақамлаштирилган ҳолда амалга оширилиб, фуқаролар учун мурожаат этиш имкониятлари янада кенгайтирилди. Шу билан бирга, ҳар бир беморнинг аҳволи ва касаллик туридан келиб чиқиб, даволаниш муддати индивидуал белгиланмоқда.
Мамлакатимизда имконияти чекланган инсонларга протез-ортопедия ва реабилитация хизматлари борасида жорий йилда 91,9 минг ногиронлиги бўлган шахсларга ушбу хизмат кўрсатилди, улар керакли воситалар билан таъминланди.
Йил бошидан адаптив спорт турлари реестри ишга туширилиб, унга 89 та спорт тури киритилди. Ушбу йўналишда 90,3 минг ногиронлиги бўлган шахс оммавий спорт ва адаптив спорт турларига жалб этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА