Пойтахтимизда яқинда бўлиб ўтган “ИННОПРОМ. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмаси доирасидаги "Ўзбекистон-Россия: саноат соҳасидаги мулоқот" форумида Фарғона вилояти ҳамда Россиянинг Пермь ўлкаси ўртасида кўп томонлама ҳамкорлик битими имзоланди. Бу ҳамкорлик савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларини янада мустаҳкамлаш имкониятини берди.
Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш ҳам ана шулардан биридир. Ҳамкорлик доирасида Фағона вилоят ҳокимлиги, ташқи меҳнат миграция агентлиги вилоят бўлими ҳамда Россиянинг “Ресурс плюс” қурилиш компанияси ўртасида ўзаро келишувлар амалга оширилиб, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни иш билан таъминлаш белгиланди.
Фарғона халқаро аэропортида фарғоналик қурувчи ёшларнинг илк гуруҳи махсус рейс орқали Премь ўлкасига жўнаб кетди.

–Дастлабки босқичда 144 нафар қурувчилар ишга жўнатилди,-дейди ташқи меҳнат миграция агентлиги Фарғона филиали бош мутахассиси Баҳромжон Ҳайдаров.-Салоҳиятли иш берувчилар ва ишлаш истагидаги фуқаролар ўртасида алоқани таъминлаш борасида зарур шароитлар яратилган. Хусусан, сувоқчи, сантехник, бўёқчи, электр пайвандчилик соҳасида ишлаш истагида бўлганлар иш берувчининг молиявий кўмагида “Ишга марҳамат” мономарказ қошида қисқа ўқув-курсларда малака ошириб, мувофиқлик сертификати олишди. Ишловчилар ойлик маош, ишлаш учун рухсатнома, уч маҳал иссиқ овқат, ётоқхона билан таъминланади.Бу сарф- ҳаражатлар ҳам иш берувчи томонидан молиялаштирилади.

–Тайинли иш, ҳунарсиз хорижда ишлаш жуда мушкул,- дейди Бешариқ тумани Қўрғонча қишлоғилик Улуғбек Эгамбердиев.–Ишончсиз иш берувчилар томонидан алданиб кўп қийинчиликларга дуч келганмиз. Оғир юмушларни бажарсак-да қуруқ қўл билан уйга қайтган кунларимиз бўлган. Маҳалла масъуллари қонуний меҳнат шартномаси асосида ишга бориш борасида таклифи ва туман Бандликка кўмаклашиш маркази тавсияси билан мономарказ қошида сувоқчилик йўналишида қисқа ўқувларда малака ошириб сертификат олдим.
Энг муҳими, хорижда ишловчиларнинг ишга бориб-келиши билан боғлиқ барча йўл ҳаражатлари қурилиш компанияси томонида қоплаб берилади. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят бўлими ходимлари уларни белгиланган иш жойларига етиб бориши, иш билан таъминлаш жараёнларини назоратга олган.
Маълумот ўрнида айтганда, июнь ойи давомида жами 900 нафар малакали қурувчилар Премь ўлкасига ишлаш учун боради.
М. Сулаймонов, ЎзА