Янги қарор
Юртимизда камбағал оилаларга давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўлами кенгайиб, манзилли ва самарадор фаолият орқали даромадга эришишларига кўмаклашилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатда камбағал оилаларни барқарор даромад билан таъминлаш мақсад қилинган.
Жумладан, мазкур қарор ижроси доирасида камбағаллик даражаси юқори бўлган 903 та маҳаллада кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш белгиланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 9 февраль куни айни йўналишда қарор қабул қилинди.
Камбағал оилаларни барқарор даромад билан таъминлаш мақсадлари назарда тутилган “Оғир” маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш орқали камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги мазкур қарорда, Энергетика вазирлиги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан биргаликда “оғир” маҳаллаларга даромад келтирадиган актив сифатида 300 – 500 кВт соат қувватдаги кичик қуёш электр станцияларини ишга туширади. Лойиҳани молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 110 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини қуриш учун зарур бўлган ер участкаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Энергетика вазирлигига белгиланган тартибда ажратади.
Бунда ер участкаларини ажратиш билан боғлиқ материалларни ишлаб чиқиш ва экологик экспертиза хулосаларини тақдим этиш Кадастр агентлиги ва Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан бепул тарзда амалга оширилади.
Шунингдек, 2026 йил якунига қадар маҳаллаларда кичик қуёш электр станциялари барпо этилади ва бу бўйича амалга оширилган ишларни Энергетика вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда қайта ҳисоб-китоб қилиб, талаб этиладиган қўшимча маблағлар бўйича таклифлар киритади.
ЎзА