Кундалик турмушда ҳар биримиз истеъмолчимиз. Ҳар куни нимадир харид қиламиз, коммунал хизматлардан фойдаланамиз ва улар учун тегишли тартибда ҳақ тўлаймиз.
Фараз қилинг, сиз савдо дўконидан нақд пулга оилангиз эҳтиёжи учун бирор буюм харид қилдингиз. Уйга келиб фойдаланиш жараёнида унинг нуқсонли эканлигини билиб қолдингиз. Қандай йўл тутасиз? Савдо дўконига олиб бориб топшираман дейсизми? Қўлингизда маҳсулот учун касса чеки борми? Йўқ... Арзингизни кимга айтасиз?! Агарда сиз харид пайтида касса чекини олишни унутмаганингизда, бу муаммони тезда ижобий ҳал қилишингиз мумкин эди.

Бугунги кунда истеъмолчиларнинг муаммо ва мурожаатларини ижобий ҳал этилишида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ва унинг ҳудудий бирлашмаси ҳамда туман ва шаҳар жамиятлари ходимлари томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Федерациянинг Навоий вилояти ҳудудий бирлашмаси кенгашининг навбатдаги йиғилишида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатлари ижроси муҳокама қилинди. Унда таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоят ҳудудий бирлашмаси ва туман, шаҳар жамиятларига истеъмолчилардан жами 403 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 98 таси ёзма ва 305 таси оғзаки мурожаатлардир.

– Мурожаатларнинг 356 таси, яъни 88,1 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 1 миллиард 826 миллион сўм миқдорда етказилган моддий ва маънавий зарарлар қайтарилишига эришилди, – дейди бирлашма раиси Тожиддин Эшмирзаев. – Мурожаатлар таҳлил этилганда уларнинг 220 таси савдо, 34 таси газ, 13 таси сув таъминоти, 27 таси коммунал хўжалик соҳаси, 34 таси хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ҳамда 75 таси бошқа соҳаларга тегишли эканлиги маълум бўлди.

Тадбирда Навоий шаҳар ва Кармана туман жамиятлари раисларининг 9 ой давомида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Йиғилиш сўнггида аҳолининг истеъмолчи сифатида ҳуқуқий маданиятини янада ошириш ҳамда ҳудудий бирлашма, туман, шаҳар жамиятларининг иш фаолиятига боғлиқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири