Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
9 ойда аҳолига ажратилган ипотека кредитлари 12,2 триллион сўмни ташкил этмоқда
11:33 / 2023-11-07

Марказий банк жорий йилнинг 9 ойи учун ипотека кредитлари шарҳини эълон қилди. Унда қайд этилишича, жорий йилнинг январь — сентябрь ойларида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари 12,2 триллион сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,4 фоизга кўпроқ.

Бирламчи бозордан ипотека ҳисобига уй-жой сотиб олиш 7,1 триллион сўмгача қисқарган. Ўтган йилнинг шу даврида қарийб 8 триллион сўмни ташкил этган. Банклар ўз маблағлари ҳисобидан қарийб 4 триллион сўм ипотека ажратган.  

Ипотекани қайта молиялаш компанияси маблағлари ҳисобидан ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 10 баробардан кўпроқ, 1,3 триллион сўм ипотека кредитлари молиялаштирилган.  

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мамлакатимизда уй-жойга бўлган талаб ва таклиф муттасил ўсиб бормоқда. Доимий аҳоли сонининг ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга ошган. Ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсган. Ходимларга ҳисобланган ўртача ойлик номинал иш ҳақи ўсиши суръати 18 фоизни ташкил этиши, мамлакатда инвестицион фаолликнинг ошиши натижасида қурилиш ишлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,6 фоизга ўсган. Аҳолига ипотека кредитлари ажратишда тижорат банклари ўз ресурс маблағлари билан иштироки фаоллашган. 

Эътиборлиси, январь-сентябрь ойларида ажратилган ипотека кредитлари сони республикада амалга оширилган жами уй-жой олди-сотди шартномаларидаги улуши 3 фоизга пасайиб, 25 фоизни ташкил этди. Бевосита ажратилган ўртача ипотека кредитлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,4 миллион сўмга ошиб, 257,2 миллион сўмга етди.  

Ажратилган ипотека кредитлари қолдиғида тижорат банкларининг юқори улуши Ипотека банкда 24,1 фоизга, Бизнесни ривожлантириш банкида 18,4 фоизга, Ўзмиллийбанкда 16,1 фоизга тенг бўлди. Ипотека кредитларининг тижорат банклари жами кредит портфелидаги улуши таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Халқ банкида мазкур кўрсаткичнинг сезиларли юқори ўсиши (10,6 фоиз бандга) қайд этилди.  

Шунингдек, ўсиш кўрсаткичлари “Ўзсаноатқурилишбанк” (1,9 фоиз банд), Миллийбанкда (1,3 фоиз) ҳам кузатилган бўлса, Асака банк ва Бизнесни ривожлантириш банкида мос равишда 0,5 фоиз банд ва 4,2 фоиз бандга пасайган. Шунга қарамасдан, Бизнесни ривожлантириш банкида ипотека кредитларининг жами кредит портфелидаги энг юқори улуши (45,6 фоиз) сақланиб қолмоқда.  

Жорий йил январь-сентябрь ойларида ажратилган ипотека кредитларининг 57 фоизи марказлашган маблағлар 1,32 фоизи тижорат банкларининг ўз маблағлари, Марказлашган маблағлар сифатида “Янги тартиб” доирасида ажратилган. Шунингдек, “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК томонидан қурилган уй-жойларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари кўрсатилган.  

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА