АОКАда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида тизимда амалга оширилган ишларнинг 9 ойлик якунлари ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, жорий йил 9 ойлик якунларига кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга ўсиб, 103,3 триллион сўмни ташкил қилди.
Тузилган битимларнинг қарийб 70 фоизи биржа савдоларига, қолган қисми, яъни 30 фоизи электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
2023 йил январь-сентябрь ойида биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга ошиб, 30,4 триллион сўмни ташкил қилди.
Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилар маблағларининг тежалиши 35,4 фоизга ўсиб, 5,2 триллион сўмга тенг бўлди.
2023 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизими орқали сотиладиган авторақамларнинг бошланғич нархларига ўзгартиришлар киритилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА