Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида тиббиёт ва фармацевтика соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда мавжуд камчиликлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов тизимда амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб, давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган фармацевтика ва электротехника саноатида ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига қаратилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида қилиниши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ва зарур тиббий жиҳозлар харид қилиш учун 733 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, унинг 100 миллиард сўмдан ортиқроғини маҳаллий бюджет маблағлари ташкил этади.
Сўнгги 2 йил ичида 30 миллиард сўм маблағ эвазига 27 та оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиникалар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Хатирчи ва Қизилтепа туманларида эса ҳар бирининг умумий қиймати қарийб 5 миллиард сўм бўлган 2 та оилавий поликлиниканинг қурилиши бошланган.
Йиғилишда 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида бирламчи касалликларнинг 28,2 фоизини нафас олиш тизими касалликлари, 14,1 фоизини овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари ҳамда 7,2 фоизини юрак-қон томир касалликлари ташкил этаётганлиги таъкидланди.

Жумладан, нафас олиш аъзоси касалликлари Кармана туманида 37,3, Навбаҳор туманида 34,3 ва Зарафшон шаҳрида 30,7 фоизни ташкил этаётган бўлса, касалликлар структураси бўйича юқори кўрсаткич Зарафшон шаҳрида қайд этилган.
Вилоятда тиббий буюмлар, биологик фаол қўшимчалар, гален дори воситалари ва доривор ўсимликлар етиштирувчи ва қайта ишлаб чиқарувчи 7 та корхона ҳамда 564 та дорихона мавжуд бўлиб, уларнинг 250 таси асосий, 184 таси филиал ҳамда 130 таси “Дори-дармон” АЖга қарашли ижтимоий дорихоналардир.
Тадбирда соҳага оид мурожаатлар ҳам атрофлича таҳлил этилди. Жумладан, биргина Президент Халқ қабулхонасига 9 ой давомида 1145 нафар фуқаро мурожаат қилган. Мурожаатлар Қизилтепа туманида 29 тага, Конимех туманида 16 тага, Ғозғон шаҳрида 4 тага ошган бўлса, соғлиқни сақлаш ходимларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб йўлланган мурожаатларнинг асосий қисми Навоий шаҳар, Хатирчи ва Кармана туманлари ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, дори-дармон билан таъминлаш бўйича Нурота, Навбаҳор, Хатирчи туманлари, даволаниш учун ордер олиш масаласида Нурота, Хатирчи туманлари ва Навоий шаҳридан мурожаатлар кўп йўлланган.
Йиғилишда дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва аҳолига сифатли дори воситаларини етказиб бериш, тиббиёт муассасалари ва шифокорлар орасида хавфсиз ҳамда аҳоли учун моддий жиҳатдан қулай дори-дармон воситаларидан фойдаланиш маданиятини шакллантириш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири