French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
9 минг 610 нафар бошланғич таълим ўқитувчисига QR-кодли сертификат берилган
16:29 / 2023-11-29

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти томонидан “Бошланғич таълим тизимини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Президентимизнинг ғояси ва ташаббуси асосида мактабгача ва мактаб таълими тизимида қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, қисқа вақт ичида илғор хорижий тажрибалар асосида 1-4-синфлар ўқувчилари учун янги авлод дарсликлари яратилди. Ушбу замонавий дарсликлар "4К" моделига асосланган инновацион ёндашувни тақдим этиб, ўқувчиларимизда ХХI аср кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.  

Бошланғич синф ўқитувчилари учун 3 та босқичдан иборат малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди. 36 соатлик ўқув курсларининг биринчи босқичи жорий йилнинг 14-17 август кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилди ҳамда ушбу курсларда республика бўйича 304 нафар педагог тренер сифатида тайёрланди.  

Иккинчи босқичда юртимиз бўйича 9 минг 736 нафар бошланғич таълим методика бирлашма раҳбари жалб этилди. Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 9 минг 610 нафар бошланғиш таълим ўқитувчиси (бошланғич таълим методика бирлашма раҳбарлари)га “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформаси орқали QR-кодли сертификатлар берилди.  

Шунингдек,  бошланғич таълим ўқитувчиларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида бошланғич синф фанлари (“Информатика ва АТ”, “Математика”, “Она тили”, “Ўқиш саводхонлиги”, “Алифбе”, “Тарбия”, “Технология”, “Тасвирий санъат” ва “Табиий фанлар”) бўйича “Бошланғич синфларда ўқитишнинг замонавий методикаси” мавзусидаги малака ошириш курси “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформасида ташкил этилди.  

Жорий йилнинг 23 октябрь ҳолатига кўра мазкур курсни 10 минг нафардан ортиқ бошланғич синф ўқитувчиси ўзлаштирган ва белгиланган намунадаги сертификатни олишга муваффақ бўлди.  

Таълим соҳасидаги ислоҳотлардан яна бири Ўзбекистоннинг халқаро баҳолаш тадқиқотларидаги иштирокидир. Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEА) томонидан бошқариладиган Progress in International Reading and Literacy Study (PIRLS) – бошланғич синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотида Ўзбекистон умумтаълим муассасаларининг илк маротаба иштирок этиши таъминланди.  

Тадқиқотда репрезентатив танлаб олинган 180 та мактабнинг 5 минг 847 нафар 4-синф ўқувчилари тест ва сўровномада иштирок этган, 221 нафар ўқитувчи, 180 нафар директор ҳамда 5 минг 847 нафар ота-оналар сўровномада қатнашиши таъминланди.  

Ўзбекистон ушбу тадқиқотда тарихда илк маротаба иштирок этган бўлиб,  Халқаро тадқиқотнинг натижалари 2023 йил 16 май куни халқаро даражада эълон қилинди. Ўзбекистон 437 балл тўплаган бўлиб, тадқиқотларни ўз вақтида, 4-синф якунида ўтказилган 43 та давлат билан солиштирганда 36-ўринни эгаллаган. Тадқиқотда қатнашган барча 57 та давлат билан солиштирилганда 49-ўринда намоён бўлган.  

Тадқиқот натижалари таълим сифати, хусусан бошланғич таълим самарадорлигини ошириш йўлида келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар кўлами кенг эканини яна бир бор англатади.  

[gallery-14818]

Мазкур  конференциядан кўзланган асосий мақсад бошланғич таълимдаги  ислоҳотлар,  таълимнинг ушбу бўғинидаги сифат ва самарадорликни таъминлаш, бошланғич синф ўқитувчиларининг узлуксиз касбий таълимини ташкил қилиш ва такомиллаштиришдаги илғор миллий ва халқаро тажрибаларни таҳлил қилиш, бошланғич таълимни ташкил этишга доир самарали ёндашувларни аниқлаш ва уларни жорий этиш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборатдир.    

Назокат Усмонова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА