Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
9 миллиард сўмлик 421 мингдан ортиқ ноқонуний тамаки маҳсулотларини йўқ қилишда илк бор экологик усулдан фойдаланилди
15:08 / 2025-12-16

Бугун, 16 декабрь куни, Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида жойлашган заводлардан бирида ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 421 500 қути тамаки маҳсулоти йўқ қилинди. Мазкур маҳсулотларнинг умумий қиймати 9 миллиард сўмни ташкил этади.

Бу галги тадбир аввалгиларидан фарқли равишда экология ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида илк бор майдалаш усули орқали амалга оширилди. Илгари тамаки маҳсулотлари асосан ёқиш йўли билан йўқ қилинган эди.

Маълум қилинишича, ушбу тадбир уч йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ноқонуний маҳсулотларни йўқ қилиш амалиёти доирасида ташкил этилган бўлиб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Йўқ қилинган маҳсулотлар Божхона қўмитасининг тезкор тузилмалари томонидан 6 та ҳолатда аниқланган ҳуқуқбузарликлар доирасида олиб қўйилган. Шунингдек, ҳозирда Божхона қўмитасининг “Божхона-сервис” омборларида 450 минг қутига яқин тамаки маҳсулотлари сақланмоқда. Суд қарорлари қабул қилингач, улар ҳам белгиланган тартибда йўқ қилинади.

Тамаки маҳсулотлари қуйидаги сабабларга кўра контрафакт ва сифатсиз деб топилган. Қутисида тиббий огоҳлантиришлар, яъни тамаки истеъмолининг соғлиққа зарари ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас. Махсус рақамли маркировка билан белгиланмаган. Акциз маркалари мавжуд эмас.

Тадбирдан сўнг журналистлар ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда Божхона қўмитаси раҳбарияти ва масъул тузилмалар вакиллари томонидан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Маълум қилинишича, 2025 йил давомида қиймати 28 миллиард сўмга тенг бўлган 1 миллион 397 минг қути тамаки маҳсулоти билан боғлиқ 681 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА