Украина Президенти Владимир Зеленский 9 майда Европа куни нишонланишини маълум қилди. Бу ҳақда у ўз идораси сайтида эълон қилинган фармонда айтиб ўтган.
“Халқимизнинг европача ўзига хослигини англаган ҳолда, Украинада ҳар йили 9 май куни ЕИ мамлакатлари билан биргаликда нишонланадиган Европа кунини белгилашга қарор қилдик”, – дейилади ҳужжатда.
Қайд этилишича, мазкур қарор “Европа халқлари бирлигини мустаҳкамлаш”, шунингдек, “Европа қитъасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш” мақсадида қабул қилинган.
Бундан ташқари Олий Радага 8 майни Хотира ва Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан ғалаба қозониш куни этиб белгилаш таклиф қилинган қонун лойиҳаси тақдим этилган. 2015 йилдан бери 8 май Украинада Хотира ва ярашиш куни – деб нишонланади. Шу тариқа мамлакат Ғарбий Европа одати бўйича фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабани нишонлаш анъанасига қўшилди. 9 май Ғалаба куни байрам бўлиб қолди, аммо давлат даражасидаги асосий расмий тадбирлар 8 майга кўчирилди.