Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
9 декабрь - Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган кун
22:18 / 2021-12-09

Ҳаётимиз мазмуни, келажагимиз - бу болалардир. Уларни комил инсон бўлиб вояга етишида иштирок этиш нафақат ота-оналар, балки бутун жамиятнинг бурчидир.

Болаларни асраш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида жаҳонда турли хил чора-тадбирлар кўрилади, ҳужжатлар қабул қилинади.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи БМТ фаолиятида устувор йўналиш ҳисобланади.

БМТнинг болалар асосий ҳуқуқ ва эркинликларини белгиловчи ҳужжат - бу БМТ Бош Aссамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган ва 1990 йил 2 сентябрда кучга кирган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциядир.

Ўзбекистон Республикаси 1991 йилда мустақиллик эълон қилганидан сўнг ратификация қилинган биринчи халқаро ҳужжат бу - Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциядир. Мазкур ҳужжат 1992 йил 9 декабрь куни Олий Кенгашнинг тегишли қарори билан ратификация қилинган.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқларининг кенг доирасини кўриб чиқувчи биринчи ва асосий мажбурий халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир.

Ҳужжат 54 моддадан иборат бўлиб, 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг очлик ва муҳтожлик, шафқатсизлик, эксплуатация ва бошқа ҳолатлардан холи бўлган шароитларда ўз имкониятларини тўлиқ ривожлантиришга қаратилган индивидуал ҳуқуқларини батафсил баён этади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида болаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиши кераклиги таъкидланган.

1959 йилда БМТ Бола ҳуқуқлари декларациясини қабул қилди. Унинг асосий тезиси шундан иборатки, инсоният болага ўзида мавжуд бўлган нарсаларнинг энг яхшисини беришга мажбурдир.

Декларация ота-оналар, жисмоний шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини унда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларни тан олишга ва ҳурмат қилишга чақирди.

Шунингдек, декларацияда болаларни алоҳида ҳимоя қилиш, уларнинг эркинликлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш шароитида соғлом ва нормал ривожланиши учун имконият ва шарт-шароитларни таъминлаш зарурлиги қайд этилган. Ушбу ҳужжат бутун дунё бўйлаб ҳукуматлар ва шахсларнинг сиёсати ва амалиётига сезиларли таъсир кўрсатди.

Бироқ тез орада янги ҳужжат - конвенцияни қабул қилиш зарурати пайдо бўлди.

Конвенция устида тахминан 10 йил ишланди ва ниҳоят 1989 йил 20 ноябрь куни Бола ҳуқуқлари декларациясининг 30 йиллиги санасида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция маъқулланди.

Ҳозирги кунда ушбу Конвенцияни дунёнинг 191 та давлати қабул қилган.

Бола ҳуқуқлари декларацияси мавжуд бўлган 30 йил давомида кўплаб ғоялар ўзгарди, янги тушунчалар ишлаб чиқилди. Шунинг учун болалар ҳуқуқларини белгиловчи конвенция янада кенгроқ масалаларни қамраб олади.

Конвенция дунёнинг барча минтақаларидаги халқлар учун бир хил аҳамиятга эга. Бу турли хил ижтимоий-иқтисодий тизимлар, ҳаётга ахлоқий ва диний ёндашувлар, умуминсоний қўлланиладиган умумий қадриятлар ва мақсадлар тўпламини ишлаб чиқишда мамлакатлар вакиллари ўртасидаги узоқ ва самарали музокаралар натижасидир.

Конвенция умумий нормаларни белгилаб беришига қарамай, у алоҳида давлатларнинг турли маданий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий воқеликларини ҳисобга олади. Бу ҳар бир давлатга ҳамма учун умумий ҳуқуқлар асосида ўз миллий воситаларини танлаш имконини беради.

Конвенция катталарни ҳам, болаларни ҳам ўз муносабатларини чинакам инсонпарварлик ва демократияга, боланинг шахсига, унинг фикр ва қарашларига ҳурматга асосланган ахлоқий-ҳуқуқий меъёрлар асосида қуришга ундайди.

Конвенциянинг асосий ғояси - боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш. Унинг қоидалари болалар ҳуқуқларини таъминлаши керак бўлган тўртта асосий талабга жамланган: омон қолиш, ривожланиш, ҳимоя қилиш ва жамиятда фаол иштирокини таъминлаш.

Aйни пайтда дунёдаги болаларнинг 96 фоизи болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонуний мажбуриятларга эга бўлган давлатларда яшайди.

Мамлакатимизда ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг асосий моҳияти ҳам келажак авлоднинг ўсиб-улғайишига етарли шарт-шароитни яратиб беришдан иборат.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мазкур конвенцияни ратификация қилиш билангина чекланмади. Шу кунга қадар “Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги конвенцияга доир, болаларнинг қуролли можароларда иштирокига тааллуқли факультатив протоколи (Нью-йорк, 2000 йил 25 май) ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли факультатив протоколни (Нью-йорк, 2000 йил 25 май) ратификация қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон БМТга халқаро мажбуриятларнинг бажарилишига оид Конвенция бўйича бешинчи Миллий ҳисоботини ҳамда факультатив протоколлар юзасидан иккинчи ҳисоботини тақдим этди.

Ҳозирда бола ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Бу эса мамлакатимиз болаларини халқаро стандартларга мувофиқ ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Сиз ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ўз ҳиссангизни қўшишингиз мумкин. Бола ҳуқуқлари поймол қилинаётган ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз бу ҳақида тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат қилинг. Бола ҳуқуқларига оид қонунларни ўрганинг ва яқинларингизга ҳам уларни тавсия қилинг, айниқса болаларга ҳуқуқларини ўргатинг.

Алия ЮНУСОВА,

Болалар Омбудсмани.