Президент қарори амалда
АОКАда бўлиб ўтган брифингда Тошкент шаҳри аҳолисини барқарор электр энергияси билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди.
"Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев жамият томонидан тармоқларда содир бўлиши мумкин бўлган авариявий ўчишлар салмоғини кескин қисқартириш ва электр энергияси таъминотининг ишончлилигини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида маълумот берди.
Брифингда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги “Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан жорий йилда Тошкент шаҳрида 903 километр узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда 228 та трансформатор пунктларини янгилаш ва модернизация қилиш ишлари белгиланган.
Ахборот хизмати раҳбарининг сўзларига кўра, шу кунгача режа кўрсаткичларга асосан 890 километр масофадаги электр узатиш тармоқлари ҳамда 205 дона трансформатор пунктларини лойиҳалаш ишлари якунига етказилган.
– Мазкур ишларни бажариш доирасида 80 га яқин махсус техника ва 70 дан ортиқ бригада таркибида 550 нафар ишчи ходим жалб қилинган, – деди Ф. Нуралиев. – Қарор билан белгиланган мақсадли параметрларни 2024-2025 йилларда бажариш мақсадида 2 066 километр электр узатиш тармоқлари ва 475 дона трансформатор пунктларини янгилаш келгусида устувор вазифа сифатида белгилаб олинди. Айни кунгача 862 километр электр узатиш тармоқлари ва 220 дона трансформаторларида янгилаш ва модернизация ишлари амалга оширилди. Тошкент шаҳрида электр энергиясини истеъмолчиларга барқарор ва ишончли етказиб бериш мақсадида Тошкент шаҳрида жами 5 та 110 киловольт кучланишли подстанция қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бунинг натижасида Юнусобод туманидаги “Юнусобод бизнес сити”, Шайхонтоҳур туманидаги “Тошкент сити” халқаро ишбилармонлик маркази, Яшнобод туманидаги “Олмос” ва “Гўзал” маҳаллалари ҳамда ушбу ҳудудда қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар, “Янги Ўзбекистон кўчаси йўл бўйи инфратузилмаси, янги барпо этилаётган Олимпия шаҳарчаси, Янгиҳаёт туманида жойлашган ишлаб чиқариш объектлари ва аҳоли истеъмолчиларининг электр таъминоти яхшиланишига эришилади. Янги подстанциялар қурилиши орқали умумий 664 мегаватт қўшимча қувват яратилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, брифингда айни кунларда пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги “Юнусобод”, Олмазор туманидаги “Сағбон”, Мирзо Улуғбек туманидаги “Ботаника”, Миробод туманидаги “Қўқон” подстанцияларида реконструкция ишлари олиб борилаётгани айтилди. Хусусан, мазкур подстанциялардаги мавжуд куч трансформаторлари юқори қувватлисига алмаштирилиши ҳисобига 179 мегаватт қўшимча қувват яратилиши ва натижада қарийб 20-22 минг аҳоли ва юридик истеъмолчиларнинг электр энергияси яхшиланишига эришилиши таъкидланди.
Ўз навбатида, Тошкент шаҳри бўйича 860 километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 722 дона трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бу ишларни ўз вақтида ва сифатли якунлаш мақсадида Тошкент шаҳрининг баъзи маҳалла ва кўчаларидаги истеъмолчиларни турли вақт оралиғида электр энергияси таъминотидан вақтинча ажратишга тўғри келмоқда.
Пойтахтимизда олиб борилаётган юқоридаги модернизация ва мукаммал таъмирлаш ишларига оид режавий ўчишлардан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиалининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали маълумот бериб борилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА