Марғилон шаҳрининг Тўралар кўчасида истиқомат қилувчи Ҳожимат ота Тожибоев бу йил 88 ёшга кирди. Ҳайратланарлиси, 9 нафар фарзандни ҳалол меҳнат билан вояга етказган ва айни пайтда, 31 набиранинг севимли бобоси туғилганидан буён туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмаган.
Ҳужжатлар “гапирадиган” даврда ушбу ҳолатни тасаввур қилиш қийин. Лекин бу факт!
– Биз яшаган замонлар соддачилик даври эди, – дейди Ҳожимат ота Тожибоев. – Мана энди билсам, ўша чиркин совет даври бизга ўхшаганларнинг ҳужжатсизлигидан манфаатдор бўлган экан. Чарм заводида қоровуллик қилдим. Кимдир “мана бу ерга қўл қўй”, деса, имзо чекиб кетаверган эканмиз. Мана бу омон-омон замонларда эса мерос масалаларида шу ҳужжат тушмагур керак бўляпти.
Марғилон шаҳар ФҲДЁ бўлимида Ҳожимат ота Тожибоевга 88 йил кечикиб келган ҳужжат тантанали равишда расмийлаштириб берилди.
“Писмадончига фалон йилдан сўнг туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди” каби хабарини эшитсак, дарҳол “Шу пайтгача нима сабабдан бу ҳужжатларни олмаган экан?” қабилидаги саволлар онгимизни чулғайди. Бу, табиий, албатта... Бироқ мавзуга чуқурроқ кириб борар экансиз, шу каби ҳолатларнинг объектив ҳамда субъектив сабабларини теранроқ англаб етамиз. Шахснинг чорасизлиги, ота-онанинг бирламчи муҳим ҳужжатларга эга эмаслиги ва, энг асосийси, беэътиборликка гувоҳ бўламиз.
2009 йилда туғилган Муслимбек Очиловга ҳам Қўштепа туман ФҲДЁ бўлимида куни кеча туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви қайд қилинди.
Қўштепалик 5 ёшли Зулайҳо Салимжоновага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома 5 йил кечикиб бўлса-да, тантанали равишда расмийлаштирилди.
Ота-оналари мамлакатимиз фуқаролари бўлган, 2014 йилнинг февраль ойида Россиянинг Новосибирск шаҳрида таваллуд топган 6 ёшли Алиёрхон Мўминовнинг ФҲДЁ органларида туғилиши расман қайд этилиб, унга гувоҳнома топшириш маросими ўтказилди.
Бу каби ҳолатларни Фарғона вилояти мисолида юзлаб келтириш мумкин.
Вилоятда 2019 йилда турли сабаблар билан 518 та ҳолатда 16 ёшгача бўлган болалар туғилишининг муддати ўтказилиб, қайд этилган. Ўтган 2020 йил давомида эса тарғибот ва ташвиқот ишлари, маҳаллаларда уйма-уй юриш тадбирлари самарасида ушбу ҳолатлар 236 тани ташкил этган ва 282 тага камайгани маълум бўлди.
Элёржон ЭҲСОНОВ,
ДХА Фарғона вилоят бошқармаси
жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шуъбаси етакчи маслаҳатчиси.