Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
88 миллиард сўмдан зиёд маблағ асоссиз олингани исботланди
18:01 / 2019-12-03

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасидан маълум қилинишича, газ таъминоти корхонаси вилоятдаги улгуржи истеъмолчилардан 88 миллиард сўмдан зиёд миқдорда асоссиз даромад олган.


Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасидан маълум қилинишича, газ таъминоти корхонаси вилоятдаги улгуржи истеъмолчилардан 88 миллиард сўмдан зиёд миқдорда асоссиз даромад олган.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали томонидан 2018 йил ва 2019 йилнинг 1-чораги давомида улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришда ҳисобланган тўловлар ва қўлланилган тарифларнинг асослилиги юзасидан таҳлил ўтказилган. Унга кўра айрим улгуржи истеъмолчилар томонидан 2018 йил ноябрь ойи учун истеъмол қилинган табиий газ ҳажми учун олдиндан тўлов (аванс) амалга оширилган бўлса-да, уларга етказиб берилган маҳсулот нархи 2018 йил 16 ноябрдан кучга кирган тариф бўйича ҳисобланган ва натижада 512 та улгуржи истеъмолчидан асоссиз равишда жами 88 миллиард 13,5 миллион сўм миқдорида қўшимча тўловлар олинган.

Ваҳоланки, ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари” 102-бандининг ўша пайтдаги таҳририда “Тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи ўн икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилинади”, дея қайд этилган эди.

Аммо “Ўзтрансгаз” АЖ вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда, биргина “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” давлат унитар корхонасига 2018 йил ноябрь-декабрь ойларида истеъмол қилинган 385,8 миллион куб метр табиий газ учун 82,2 миллиард сўмдан зиёд миқдорда ортиқча тўлов ҳисоблаган. Яъни мазкур корхона томонидан 2018 йил 15 ноябрь ҳолатида қарийб 111,8 миллиард сўм олдиндан тўлов (аванс) амалга оширилган бўлса-да, унга 16 ноябрдан бошлаб етказиб берилган ҳар бир куб метр газнинг нархи қонунчиликда талаб қилинганидек, аввалги тариф (289 сўм 74 тийин) эмас, балки янгиси (600 сўм) бўйича ҳисобланган.

Худди шундай “Деҳқонобод калий заводи” акционерлик жамиятига 911,7 миллион сўм, “Қарши ёғ-экстракция” АЖга 141,8 миллион сўм, “Қарши иссиқ нон” шўъба корхонасига 3 миллион сўм, якка тартибдаги тадбиркор Илёс Илҳом ўғли Умаровга 2 миллион сўм миқдорида ва яна юзлаб хўжалик юритувчи субъектларга турли миқдорда ортиқча тўловлар ҳисобланган.

Маълумки, ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан электр энергияси ва табиий газни реализация қилишда нархни шакллантиришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, ўтган йилнинг 1 январидан бошлаб улардан 1 куб метр табиий газ учун 1000 сўмдан тўлов олинмоқда.

Бироқ “Ўзтрансгаз” АЖнинг вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали томонидан табиий газни реализация қилишда нархни шакллантиришнинг алоҳида тартиби белгиланмаган 4 та хўжалик юритувчи субъектга асоссиз равишда 1 куб метр учун 1000 сўмдан тўлов ҳисобланиб, 6 миллион 481,8 минг сўм ортиқча тўлов ҳисобланганлиги аниқланган.

Ушбу қонунбузилишлар бўйича бошқарма ҳузуридаги махсус комиссия қарори ва кўрсатмаси билан вилоят ҳудудий газ таъминоти филиалига белгиланган нархларни ошириш ҳолатларини тўхтатиш ва келгусида бунга йўл қўймаслик, олинган асоссиз даромадни ихтиёрий равишда бир ой муддатда истеъмолчиларга қайтариш ёхуд истеъмолчиларни аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда бошқарманинг махсус транзит ҳисоб рақамига тўлаш тавсия этилган. Филиал томонидан йўлланган жавоб хатларида қонунбузилиш ҳолатлари тўхтатилганлиги, истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилинаётганлиги билдирилган. Ҳозирги кунда ҳар бир истеъмолчи билан солиштирма далолатномалар тузилмоқда.