Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг 2021 йил фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, ҳисобот даврида қўмита бошқа қонунчилик тушаббуси субъектлари томонидан киритилган 7 та қонун лойиҳасига масъул бўлди ва уларни қабул қилишда фаол иштирок этди. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Гидрометереология фаолияти тўғрисида”ги, “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги, “Ичимлик сув таъминоти ва оқава сув чиқариш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан.
Фракция аъзолари эса тегишли қўмита аъзолари сифатида 23 та қонун лойиҳасига масъул бўлиб, ушбу қонунлар қабул қилинди. Фракция аъзолари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 4 та қонунга ҳам ташаббускор бўлди.
Фракция ва қўмита аъзолари қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан бирга соҳага оид стратегия ва концепцияларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган иқлим ўзгариши оқибатларига қарши кураш стратегияси” лойиҳасини ишлаб чиқишда идоралараро мувофиқлаштирувчи орган сифатида қатнашди.
Фракция ва қўмита парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда, 16 та назорат-таҳлил тадбирларини ўтказди. Хусусан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ташаббуси билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг “Ўзбекистон Республикасида ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида”ги ахбороти Қонунчилик палатасининг мажлисида эшитилди.
Шунингдек, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ҳолати, аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлаш, “яшил майдонлар”ни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар борасида мутасадди органлар раҳбарларига парламент сўровлари юборишда ташаббускор бўлди. Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сайловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида долзарб масалалар юзасидан 54 та депутат сўрови юборилди.
Сайлов округларида ўтказилган ўрганишлар давомида 862 та мурожаатлар келиб тушди ва шундан 281 тасини жойида ҳал этишга эришилди.
Анжуман қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Журналистларнинг дарахтлар кесиб кетилиши, қурилиш ва ободонлаштириш мақсадида кўплаб яшилликлар, табиий кўллар барбод қилинаётгани, сув ва чиқинди муаммоларига оид қатор саволларига батафсил жавоблар қайтарилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА