Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
85 ёшли Чори бобо танлов ғолиби бўлди
09:58 / 2022-10-25

Самарқанд халқаро туристик марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида нуронийларни жамият ҳаётига янада фаол жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшлар тарбиясида кекса авлод вакилларининг тажрибасидан кенг фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилалар ўртасида барқарор муҳитни вужудга келтириш борасида амалга оширилаётган ишларни тарғиб қилиш ва ижросини таъминлашда фаол иштирок этаётган нуронийларни рағбатлантириш мақсадида “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” лойиҳаси ташкил қилинган эди.  

– Мазкур лойиҳа бўйича маҳаллалардаги катта ҳаётий тажриба, билим ва обрўга эга бўлган 16 минг 224 нафар фаол нуронийларга иш билан банд бўлмаган, моддий, маънавий кўмакка муҳтож бўлган 154 минг нафардан ортиқ муаммоли ёшлар бириктирилган, – дейди Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари С.Турдиев. – Уларни қўллаб-қувватлаш, ибратли тажрибаларини оммалаштириш мақсадида мамлакат миқёсида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танлови ташкил этилди. Танловнинг қуйи босқичлари туман (шаҳар), вилоят даражасида ўтказилиб, ғолиблар якуний босқичга йўлланма олган эди. Бугун уларнинг фаолияти яна бир бор сарҳисоб қилиниб, муносиб баҳоланди.  

[gallery-9260]

Уч шарт бўйича ўтказилган кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, республика босқичи ғолиблиги Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар Боғзор маҳалласи нуронийси Чори бобо Жумаевга насиб этди ва 27 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.  

Самарқанд вилояти вакили Солижон Худоёров иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси вакили Нурмуҳаммад Тилавмуратов эса учинчи ўринга муносиб кўрилди ва уларга 18 ва 9 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди.  

– Саксон беш ёшга кириб, ҳаётнинг аччиғини ҳам, чучугини ҳам татиб кўрдик, – дейди Чори Жумаев. – Ҳаёт тажрибаси ҳар қандай синовларда муваффақият билан ўтишга хизмат қиларкан. Ўз ҳаётимда бунинг исботини кўриб, етарлича хулосага келганман. Бугун нуронийларнинг ёшларга бириктирилиши айни кунда долзарб муаммога айланиб бораётган ёшлар таълим-тарбиясидаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш йўлидаги энг самарали усул. Кўрик-танловда иштирок этган нуронийларнинг барчаси бу борада амалга оширган ишлари хусусида берган маълумотларидан маълум бўлдики, республикамизнинг барча ҳудудларида мазкур тизим ўз самарасини бермоқда. Бугунги танлов биз нуронийлар учун ўзаро тажриба алмашиш, ёшлар тарбиясида нималарга эътибор қаратишимиз зарурлигини маслаҳатлашиб олиш учун қулай имконият бўлди.  

Танловнинг бошқа иштирокчилари ҳам ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.  

 

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА